Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 12 / Қонун чиқарувчилар нималар устида ишлашмоқда

Қонунчилик палатасида тузатишларнинг салмоқли туркуми муҳокама этилди

 

3 март куни бўлиб ўтган энг кейинги ялпи мажлис натижаларини таҳлил этишда давом этамиз. Ўша мажлисда 11 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилган, шу жумладан Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонун иккинчи ва учинчи ўқишда кўрилган эди.

 

Бухгалтерия ҳисоби:

компания раҳбарлари эндиликда қонунга хилоф хўжалик операциялари ўтказилганлиги учун яккабошчилик тартибида жавобгар бўладилар1

 

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, «Миллий тикланиш» Демократик партияси фракцияси, қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи аъзоси:

– Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида шакллантириладиган молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларнинг кенг доираси манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Лойиҳа устида иш олиб бориш жараёнида амалдаги Қонуннинг тузилиши ва моддаларининг аксарияти ўзгарди. Хусусан:

● тушунчалар анчагина аниқлаштирилди ва тартибга солинди;

● қонуннинг тузилиши мақбуллаштирилди, баъзи муҳим принциплар ва тушунчалар алоҳида модда қилиб чиқарилди ва аниқлаштирилди;

● бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарларининг мақоми ва ваколатлари, шунингдек уларга қўйиладиган малака талаблари қонунчилик асосида мустаҳкамлаб берилди;

● корхона раҳбари ва бош бухгалтерининг жавобгарлиги фарқлаб қўйилди ва аниқлаштирилди. Улар ўртасида айрим хўжалик операциялари бўйича ихтилоф ва келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, бундай операцияларни бажариш юзасидан раҳбариятнинг ёзма фармойиши зарурлиги тўғрисидаги талаб киритилди;

● бухгалтерларнинг профессионал бирлашмалари мақоми қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилди;

● «икки имзо» муаммоси ечим топди. Эндиликда банк ҳисобварақларини очишда, мабодо корхона раҳбари раҳбарлик вазифасини бухгалтерия ҳисобини юритиш билан қўшиб олиб бораётган бўлса, жавобгар шахсларнинг ҳар иккала рўйхатида ҳам ўз исм-шарифини кўрсатиши мумкин;

● бухгалтерия ҳисобининг регистрлари ва бирламчи ҳужжатлар даставвал давлат органларида электрон шаклда тузилиши ва тақдим этилиши мумкинлиги қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Бухгалтерия ҳисоби соҳасини бошқаришнинг халқаро амалиётига асосланган бошқа талайгина ўзгартишлар ва қўшимчалар ҳам киритилди.

 

 

Шарофиддин ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси бошқармаси бошлиғи, қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳ аъзоси:

– Ҳаммаси бўлиб амалдаги Қонуннинг 24 та моддасидан 22 тасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Амалда бу уни янги таҳрирда қабул қилиш демакдир.

Киритилган тузатишларнинг бир қисми айрим нормаларни кейинроқ қабул қилинган қонунларга мувофиқлаштириш зарурати билан боғлиқдир. Хусусан, бухгалтерия ҳужжатларини, регистрларни ва компьютер ҳисоби маълумотларини мажбурий тартибда сақлаш муддати 3 йил ўрнига 5 йил қилиб ўзгартирилди, бу эса Солиқ кодекси ҳамда Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунга монанддир2.

Иккинчи йўналиш бухгалтерия ҳисобига доир қонун ҳужжатларини халқаро стандартлар принциплари ва нормалари асосида такомиллаштиришда, тушунчалар мажмуидаги камчилик-кемтикликлар ўрнини жаҳон амалиётига мувофиқ тўлдиришда тажассум топди.

Қонунда унда ифода топмай қолган барча керакли таърифларни, масалан, бухгалтерия ҳисоби, бухгалтерия ахбороти, синтетик ва аналитик ҳисоб, бухгалтерия ҳисоби стандартлари, ички назорат, молиявий ҳисобот, хўжалик операцияси ва бошқа таърифларни акс эттирилди. Бундан ташқари қонунга «Бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари» деган янги модда киритилди. Одатда, бунда кўпинча бош бухгалтер тушунилади. Лекин барча корхоналарда ҳам шундай штат бирлиги бор деб бўлмайди. Баъзан бухгалтерия ҳисобини юритиш вазифасини корхона раҳбари ўз зиммасига олади. Қўшма корхонада ёки чет эл корхонаси ваколатхоналарида молиявий менежер ёки директорнинг молиявий ишлар бўйича ўринбосари шу ишни қилиши мумкин. Бундай мутахассис фаолиятини тартибга солишга ягона ёндашувни таъминлаш учун ҳам биз моддани жўяли номладик. Эндиликда қонунда бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари вазифалари ва унинг хизмат бўйсунуви схемаси аниқ қилиб кўрсатилди.

Низоли вазиятларда бош бухгалтерни ҳимоя қиладиган норма, назаримда, жуда-жуда муҳимдир. Айрим операцияларнинг қонунийлиги борасида бош бухгалтер билан раҳбар ўртасида фикрларда тафовут бўлган тақдирда, бундай операциялар юзасидан ҳужжатлар юридик шахс раҳбарининг ёзма фармойиши асосидагина ижро учун қабул қилиниши мумкин. Айни раҳбар бундай операцияларнинг оқибатлари учун яккабошчилик тартибида шахсан жавобгар бўлади.

Мажбурий аудитдан ўтказилиши лозим бўлган компаниялардаги бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбарларига қўйиладиган малака талаблари ҳам белгилаб қўйилди. Жумладан, олий иқтисодий маълумотли шахс албатта бухгалтерия ҳисоби юритиш ёки молиявий ҳисобот тузиш билан боғлиқ иш стажига эга бўлиши керак. Ёхуд аудиторлик фаолиятида кейинги 5 календарь йилдан камида 3 йили мобайнида шундай иш билан машғул бўлган бўлиши лозим. Тугалланмаган иқтисодий олий маълумотли шахсларга нисбатан бундай талаб кейинги ўн календарь йилнинг камида етти йилни ташкил этиши белгилаб қўйилди.

– Қонун мажбурий аудитдан ўтиши жоиз бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари учун бош бухгалтерларининг ҳар йили малака ошириб боришини таъминлаш талабини киритди. Бундай ҳолларда малака ошириш деганда нималар тушунилади ва бу жараёнга қайси ўқув юртлари жалб этилиши мумкин?

– Янги таҳрирдаги қонун кучга киргач, ана шу масалаларнинг ҳаммасини тартибга солиш керак бўлади. Бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарлари малакасини оширишда бундан кейин бухгалтерларнинг профессионал бирлашмаларидан ташқари тегишли лицензияси бўлган ҳар қандай ўқув марказлари камарбаста бўлиши мумкин.

«Малака ошириш» тушунчаси замирида қандай маънолар мужассамлиги масаласига келганда, ҳозирча бу ишга бўлган қатъий талаблар аниқ таърифланган эмас. Масалан, махсус курсларда таълим олишгина эмас, балки йил мобайнида муайян миқдордаги профессионал семинарлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш ҳам малака ошириш деб қаралиши мумкин, деган фикрлар ҳам бор. Мабодо бу амал қилгудек бўлса, семинарлардаги иштирок қай йўсинда инобатга олинишини белгилаб қўйиш тақозо этилади, чунки одатда, иштирокчиларда тадбирда иштирок этганлик ҳақида ҳужжатли гувоҳнома бўлмайди.

 

 

Монополияга қарши бошқарув:

хўжалик юритувчи субъектнинг хўжалик бошқаруви органи кўрсатмаси устидан судга шикоят берганлиги бу кўрсатмани ижро этишни тўхтатиб қўяди3

 

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси, қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи аъзоси:

– Қонун ҳужжатларида назорат қилувчи орган кўрсатмасини олган хўжалик юритувчи субъектлар учун бу кўрсатма устидан судга ёки юқори турувчи инстанцияга шикоят қилиш имконияти назарда тутилади. Судга шикоят берилганлиги шикоят қилинаётган ҳаракат ёки қарор ижросини суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб туради. Аммо ҳозирги кунга қадар бу тартиб тадбиркорларнинг айрим тоифаларига (табиий монополиялар субъектларига, тайёрловчиларга, ижрочиларга, сотувчиларга) уларнинг қонуний манфаатларига хилоф тарзда татбиқ этилмасди.

Эндиликда «Табиий монополиялар тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартишлар ишлардаги ана шу ҳолатни бартараф этишга қаратилгандир.

Биринчидан, табиий монополиялар субъектлари, ижрочилар, тайёрловчилар ва сотувчилар учун уларга тақдим этилган кўрсатмалар устидан шикоят қилиш имконияти сақланиб қолади. Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга қарор ёхуд кўрсатма устидан шикоят бериш айни бир вақтда бу қарор ёки кўрсатма устидан судга шикоят беришни истисно этмаслиги алоҳида белгилаб қўйилмоқда.

Иккинчидан, судга шикоят берилган даврда шикоят қилинаётган қарорнинг амал қилиши тўхтатиб қўйилади, бу эса жуда муҳимдир. Бундан фавқулодда вазиятларнинг, эпидемияларнинг ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бўлган бошқа реал таҳдидларнинг олдини олиш билан боғлиқ кўрсатмалар ёки қарорлар мустасно, холос.

 

 

Ер ости бойликлари: аниқланган конларни ишлатиш учун
лицензия олиш учун мутлақ ҳуқуқ беришнинг бир йиллик муддати белгиланмоқда4

 

Собит ТУРСУНОВ,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Экология ҳаракати депутатлар гуруҳи, қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи аъзоси:

– «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонунга айрим таҳририй тузатишлардан ташқари иккита жиддий ўзгартириш киритиш таклиф этилди.

Мамлакатимизда геология-қидирув ишлари Геология давлат қўмитаси томонидан ҳар йили шакллантириладиган йиллик дастурларга мувофиқ равишда олиб борилади. Дастурларга киритилган лойиҳаларни молиялаштиришнинг асосий манбаи давлат бюджетидир. Шуниси ҳам борки, айрим лойиҳалар қазиб олувчи компанияларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

«Ер ости бойликлари тўғрисида»ги амалдаги таҳрирдаги Қонунга биноан, агар корхона геология-қидирув ишларини ўзи молиялаштирадиган бўлса, ер қаърининг муайян участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни белгиланган тартибда олмоғи керак. Борди-ю, бундай ишлар давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилаётган бўлса, лицензия талаб қилинмайди, лойиҳа-смета ҳужжатларини Давлат геология фондида рўйхатдан ўтказишнинг ўзи кифоя.

Муаммо шундаки, бундай лицензияларни олиш жараёни кўп вақтни олади, негаки, у ҳукумат қарорларини тайёрлаш ва қабул қилиш билан бевосита боғлиқдир. Бу даврда компания бюджетга махсус бонус суммасини тўлайди. Бу эса, моҳиятан даромад манбаи бўлмаган геология-қидирув ишлари қиймати ортиб кетишига олиб келади.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан, қолаверса, жалб этилган компанияларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар учун геология-қидирув ишларига ижозат бериш қоидаларини бирхиллаштириш, унификация қилиш таклиф этилмоқда.

Бошқа тарафдан қараганда, Ўзбекистон Республикаси фойдали қазилмалари захираларининг давлат балансида корхоналарнинг маблағлари ҳисобидан аниқланган, узоқ вақтлардан бери ишлатилмаётган талайгина миқдордаги конлар ҳисобга олинган. Бу айниқса, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун мос норуда хом ашё конларига тегишлидир.

Конларни ўзлаштириш катта-катта молиявий харажатлар талаб қилади. Қидириб топилган конларни ишлатиш учун лицензия олиш мақсадида, компания муайян молиявий мезонларга монанд бўлмоғи керак. Қонун ҳужжатларида конларни қидириб топган компаниялар учун ер қаъри участкаларини ишлатишга доир мутлақ ҳуқуқлари муддати чекланмаганлиги зарур миқдорда молиявий ресурслари бўлмаган юридик шахслар йиллаб хом ашёни қазиб олишга бўлган мутлақ ҳуқуқни ўзларида сақлаб туришларига олиб келмоқда.

Муаммо кўламдор хусусиятга эга. Чунончи, 2014 йили Геология давлат қўмитаси балансига, тахминан 50 та шундай объект уларни ишлатиш учун баланс эгасида лицензия йўқлиги сабабли қайтариб берилди.

Мазкур соҳада рақобат муҳитини жонлантириш учун ер қаъри участкаларини ишлатишга доир мутлақ ҳуқуқни қидириб топилган захира тасдиқланган санадан эътиборан 1 йил муддатга бериш билан чеклаб қўйиш таклиф этилмоқда. Бунда шу коннинг геология-қидирув ишларига ўз маблағларини киритган компанияларга мазкур участкани ишлатишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари муддати тугаганидан кейин, кимошди савдосида лицензия олишда афзаллик ҳуқуқи кўринишида яна бир имконият бериш адолатли бўлар эди.

 

 

Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари:

акциялар назорат пакети эгалари 30 кун ичида миноритарийлардан акцияларини сотиб олишни таклиф қиладилар5

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга бир йўла бир неча ўзгартиш киритилмоқда. Чунончи, назорат пакетидагиларидан ошиқроқ миқдорда бўлган акциялар эгаларига улар харид этилган пайтдан эътиборан, 1 ой ичида миноритарийларга улар акцияларини сотиб олиш хусусида таклиф қилиш мажбуриятини белгилаш тавсия этилмоқда.

Шуниси ҳам борки, бунда ҳеч ким ўз акцияларини сотишга мажбур этилмайди. Агар миноритарийлар битимга рози бўлса, назорат пакетига эгалик қилаётган шахс уларнинг акцияларини бозор қийматида сотиб олиши шарт. Қонун ижодкорларининг фикрича, бундай чора миноритар акциядорларнинг манфаатларини ҳимоя этмоғи керак.

Муҳокама вақтида назорат пакети эгаларини ҳимоя этувчи фикрлар ҳам билдирилди. Уларда барча хоҳловчилардан акцияларни сотиб олиш учун ресурслар етишмаслиги ҳам мумкин. Депутатлар муаммони битим тузиш муддатини муайян муддатга кечиктириб туриш имкониятини бериш орқали ҳал қилишни таклиф этдилар.

Акциядорлик жамиятида дивидендлар тўлаш тартибини расамадга солувчи модда ҳам аниқлаштирилмоқда. Унга оддий акциялар бўйича дивидендларни тўлаш акциядорларнинг тенг ҳуқуқларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилмоғи керак. Одатда, амалиётда, дивидендлар биринчи навбатда йирик акциядорларга тўланади, негаки уларнинг ижро этувчи органга таъсир доираси каттароқ.

 

 

Техник жиҳатдан тартибга солиш:

барча турдаги «ишлар» техник регламентлар воситасида тартибга солинадиган соҳадан чиқарилмоқда6

 

Қутлимурот БОБОШЕВ,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси, ЎзЛиДеп фракцияси, қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи аъзоси:

 

Маҳсулот ишлаб чиқаришда ва хизматлар кўрсатиш соҳасида халқаро сифат стандартларини ва техник регламентларни изчил асосда жорий этиш кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти учун устувор йўналиш бўлиб қолди. Бироқ 2009 йили қабул қилинган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг айрим нормалари ё ишламаяпти, ёки техник регламентларни ишлаб чиқишда тўсқинлик келтириб чиқаряпти.

Техник регламент мазмун-мундарижасидан «ишлар» деган тушунчани чиқариб ташлаш қарори биринчи ўқишда концептуал тарзда қабул қилинди. Зотан, техник регламентлар хавфсизлик жиҳатларини расамадга солади, ишларнинг хавфсизлигини эса стандарт методлар билан баҳолаб бўлмайди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ишларни баҳолашнинг стандартлари йўқ.

– Бу халқаро амалиётга мувофиқ келади деб ўйлайсизми?

– Мамлакатимизда стандартлаштиришдан кўзланган асосий мақсадлардан бири, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифати халқаро ИСО стандартлари талабларига мос келишидир. Бу тизим ўз ичига 16 мингдан ортиқ стандартни олади, ана шу стандартларнинг биронтасида ҳам амалга оширилаётган ишларга тааллуқли талаблар назарда тутилмаган.

– Ундай бўлса, айтайлик, қурилиш соҳасида нималарга мўлжал қилинади?

– Асосан, қурилиш нормалари ва қоидаларига асосланмоқ керак. Бундан ташқари, «Сейсмик районларда қурилиш хавфсизлиги тўғрисида» техник регламент ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, амалдаги Қонун 17-моддасидаги техник регламентларда намуналарни танлаб олиш қоидалари, маҳсулотларни синаш ва ўлчаш методлари бўлишига оид талабларни чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда. Мазкур норма ҳозирги кўринишида бирмунча мукаммалроқ методлар ва усуллардан фойдаланишни қийинлаштириб қўяди. Методни ҳар йўсинда модернизациялаш мавжуд регламентларга тузатиш киритишни тақозо этади, бу эса мақсадга мувофиқ эмас.

 

Юлия Яшина,

махсус мухбиримиз.

 


1«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҚЛ-109-сон (биринчи ва иккинчи ўқиш).

2«Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.08.2004 йилдаги 660-II-сон) 21-моддаси; Солиқ кодексининг 38 ва 91-моддалари.

3«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҚЛ-120-сон (иккинчи ўқиш)

4«Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҚЛ-126-сон (биринчи ўқиш).

5«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҚЛ-116-сон (иккинчи ўқиш).

6«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҚЛ-122-сон (биринчи ўқиш).

Прочитано: 2172 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика