Norma.uz

Ният ҳали ижро дегани эмас

 

Ишнинг моҳияти

Сотувчи (МЧЖ) ва харидор (ХК) 2015 йил августда 300 млн сўмлик товарлар олди-сотдиси тўғрисида шартнома тузишди. Унинг шартларига кўра ХК 7 банк куни мобайнида шартнома суммасининг 40%ини олдиндан тўлаши, қолган 60%ини эса товар етказиб берилган кундан бошлаб 60 кун ичида сўндириши керак эди.

Харидор олдиндан ҳақ тўлади, сотувчи товарни ўз вақтида етказиб берди. Бироқ харидор унинг ҳақини тўлиқ ҳажмда тўламади.

Ноябрь ойининг бошларида у сотувчига ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни етказиб бериш орқали қарзни сўндиришни таклиф қилди. Сотувчи бунга рози бўлди, декабрь ойида эса хўжалик судига ХКдан 180 млн сўм асосий қарз, 21 600 минг сўм пеня, 2 160 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.

 

Сотувчининг позицияси

– Биз ХК билан 300 млн сўмлик товарлар олди-сотдиси тўғрисида шартнома туздик. Товарларни етказиб беришга доир ўз мажбуриятларимизни бажардик, бироқ харидор бизга бор-йўғи 120 млн сўм тўлади. Шунингдек олди-сотди шартномасида муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,5% пеня, бироқ тўланмаган сумманинг кўпи билан 12%и миқдорида ҳақни ўз вақтида тўламаганлик учун жарима назарда тутилган. Бугунги кунда пеня 21 600 минг сўмни ташкил этади. Шу сабабли жавобгардан даъвода баён этилган суммани ундиришни сўраймиз.

 

Харидорнинг позицияси

– Ҳақиқатан ҳам, биз МЧЖ етказиб берган товар учун 180 млн сўм қарзга эга эдик ва уни тан олганмиз. Уни сўндириш учун биз МЧЖга ушбу суммада ўзимиз ишлаб чиқарган товарни етказиб беришни таклиф қилдик. У мазкур таклифга рози бўлди, бу бизнинг фикримизга илова қилинган ёзишмадан кўриниб турибди. Шу боис биз олди-сотди шартномасидан вужудга келган қарзни тўлаш мажбурияти янгиланганлиги муносабати билан бекор қилинган ва биз энди сотувчига қарз суммасида маҳсулот етказиб беришимиз керак деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли даъвони рад этишингизни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далилларини ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, кўриб чиқилаётган даъвога сабаб бўлган юқорида баён қилинган далилларни тасдиқлади.

ФКнинг 14, 236 ва 333-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди қарор қилди:

асосий қарзни ундириш талаби тўла қаноатлантирилсин;

ФКнинг 326-моддаси қоидаларидан келиб чиқиб, пеня 13 млн сўмгача камайтирилсин;

ХПКнинг 95-моддасидан келиб чиқиб, суд харажатлари (давлат божи ва почта харажатлари) қондирилган талабларга мутаносиб равишда – 1 930 минг сўм ундирилсин.

Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 326-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, лозим даражада бажарилиши керак. Олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг ­386-моддаси).

Жавобгар судга ёзишмани тақдим этди, у харидор даъвогарга ўз маҳсулотини етказиб беришни таклиф қилганлиги ва у бунга рози бўлганлигини тасдиқлайди. Бироқ бу фақат янги ҳужжат тузишга тарафларнинг нияти ҳисобланади. ФКнинг 347-моддаси 1-қисмига кўра, тарафлар ўз ўрталаридаги дастлабки мажбуриятни бошқа нарсани ёки бошқача ижро этиш усулини назарда тутувчи янги мажбурият билан алмаштириш (мажбуриятни янгилаш) ҳақида келишиб олсалар, мажбурият бекор бўлади. Бунинг маъноси шуки, мажбуриятни янгилашнинг моҳияти бир вақтнинг ўзида бирламчи мажбуриятни бекор қилган ҳолда тарафлар мажбуриятини бошқа мажбурият билан алмаштиришдан иборатдир. Тарафлар бирламчи мажбуриятни янгиси билан алмаштирган тақдирдагина у янгиланади. Уни амалга ошириш нияти эса тарафлар томонидан мажбуриятни янгилаш тўғрисида келишувга эришилганлиги далили бўлиб хизмат қилмайди.

Кўрилаётган иш материалларидан келиб чиқишича, тарафлар бирламчи мажбуриятни бошқа мажбурият билан алмаштиришни назарда тутишган. Бу улар учун баъзи ҳуқуқий оқибатларни, хусусан, қарзни тўлашни талаб қилиб бўлмаслигини келтириб чиқарар эди. Сотувчи билан харидор ёзишма жараёнида эришган келишувда бундай шарт йўқ. Шу сабабли мазкур вазиятда харидорнинг етказиб берилган товар учун ҳақ тўлаш ва пеня тўлаш мажбуриятлари янги мажбурият билан бекор қилинмаган, демак, улар бажарилиши керак.

ФКнинг 333-моддаси 1-қисмига мувофиқ, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Шартномада назарда тутилишича, ўз вақтида ҳақ тўламаганлик учун харидор ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,5%, бироқ шартнома бўйича тўланмаган сумманинг кўпи билан 12%и миқдорида пеня тўлайди. Пеня суммаси 21 600 минг сўмни ташкил қилган, бу ҳолат ҳисоб-китоб билан тасдиқланган ҳамда ҳисоблаб чиқаришнинг асослилиги ва тўғрилиги бобида суд томонидан текширилган. Шу боис сотувчининг пеня ундириш талаби шартнома ва қонун ҳужжатларига асосланган. Бироқ ФКнинг 326-моддаси 2-қисми судга алоҳида ҳолларда кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш имконини беради. Шу боис суд ундириладиган пеня суммасини камайтиришга ҳақли эди, шу муносабат билан суд харажатлари ҳам мутаносиб равишда қисқартирилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, харидор унинг нияти маъқулланганидан кейин дарҳол сотувчига пул маблағлари тўлашни ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни етказиб беришга алмаштиришни аниқ-равшан ва қатъиян назарда тутадиган мажбуриятни янгилаш тўғрисида келишув тузиш таклифи билан мурожаат қилганда, пеня ва суд харажатларини тўлашдан қутулган бўлар эди. Бундан ташқари, ҳисоб-китоблар қилиш учун сотувчи билан воз кечиш ҳақи хусусида келишув тузиш, мажбуриятларни таъминлаш чораларидан фойдаланиш, хусусан, кафиллик ёки гаров шартномаси тузиш, қарз олиш ёки сотувчининг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиш, судгача бошқа чораларни кўриш мумкин эди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1770 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика