МЧЖ дори воситаларини сотиш билан шуғулланади, унинг бир нечта шохобчаси мавжуд бўлиб, шохобчалардан бирида ишлайдиган ходима болани парваришлаш таътилида бўлган вақтда шохобча биноси ҳокимият қарорига асосан бузилди. МЧЖ мазкур бузилган шохобчасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиб, штат жадвалига ўзгартириш киритди.
Шохобча тугатилганлиги сабабли болани парваришлаш таътилида бўлган ходима билан тузилган меҳнат шартномаси қай тартибда бекор қилинади?
Асқар Ибрагимов. Жиззах вилояти.
– Шохобча тугатилган бўлса-да, меҳнат шартномаси билан ишга қабул қилган жамият тугатилмаган, у фаолият юритиб келмоқда. Шунинг учун бу ҳолда болани парваришлаш таътилидаги ходима билан меҳнат муносабатлари давом этади, чунки Меҳнат кодексининг 237-моддасида ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади, деб белгиланган.
Жавобларни «Norma Online» эксперти Абдусалом Рисқуллаев тайёрлади.