Norma.uz

Иш вақти ҳисобини юритиш имкони бўлмаса...

 

«Пенсия иши»нинг мазкур сонида янги – «Пенсияни расмийлаштириш ва тўлаш хусусиятлари» рукни тақдим этиляпти. Сиз биринчилардан бўлиб, турли касб вакилларининг имтиёзли пенсия таъминоти жиҳатлари тўғрисида билиб оласиз.

Агар сиз экспертларимиздан бирон нарса хусусида сўрамоқчи бўлсангиз, norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» хизматидан ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва sbx@norma.uz электрон манзилларидан фойдаланинг.

 


 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2016 йилдаги 46-сон Қарори билан Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Иш вақти ҳисобини юритиш имкони бўлмаса...

 

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходимлар, шунингдек деҳқон хўжалиги аъзолари (деҳқон хўжалиги бошлиғидан ташқари) Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайдилар. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва деҳқон хўжалиги бошлиқлари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини мажбурий равишда тўлайдилар.

Оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзолари учун бадалларни тўлаш бўйича мажбурият оилавий корхона номидан иш юритадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосига юкланади.

Шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлган жисмоний шахслар бўйича суғурта бадалларини тўлаш ва ҳисобини юритиш деҳқон хўжалиги аъзоси учун назарда тутилган тартибда, яъни ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларнинг суғурта бадаллари ҳисобини юритиш Низомда оилавий тадбиркорлик субъекти оиласи аъзолари учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Бундай ходимларнинг пенсия миқдори Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари миқдори ва иш стажининг давомийлигига боғлиқ бўлади.

 

 

Маълумот учун!

Ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНМАЙДИ.

 


*Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ахборот кўмагида тайёрланди.

 


 

 

Ўзбекистонда пенсия олиш учун чет элда қандай ишланади

 

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайди. У томонидан суғурта бадаллари ҳар ойда ёки ҳар чоракда, шунингдек бир йўла Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб 3 ой мобайнида тўланади. Бадаллар миқдорини мақбул пенсия миқдоридан келиб чиқиб мустақил равишда, бироқ ҳар ой учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгилаши мумкин.

Суғурта бадаллари тўлаш ва меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни киритиш учун белгиланган шаклдаги чет эл давлати ва у ерда бўлган вақти тўғрисидаги маълумотнома асос ҳисобланади. Маълумотнома мазкур шахс Ўзбекистонга келгандан сўнг ваколатли орган томонидан 3 кун муддатда паспортидаги Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) асосида берилади. Чет элда бўлиш даври, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг тегишли ҳужжатлари асосида ҳам тасдиқланиши мумкин.

Солиқ тўловчининг идентификация рақами мавжуд бўлмаганда чет элга ишлашга кетаётган шахс унга СТИР расмийлаштирилиши билан биргаликда доимий яшаш жойи бўйича солиқ органида ҳисобга қўйилиши шарт.

Суғурта бадаллари нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана суғурта бадали тўланган кун ҳисобланади. Унда фамилия, исм, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр ҳам кўрсатилади. Агар давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

Суғурта бадаллари қуйидаги валюталарда тўланади:

миллий валютада чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг тегишли ҳисобрақамларига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади;

хорижий валютада бўлса (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисобрақамларига ўтказилади ва тўлов санасига МБ томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.

Бадаллар тўланмаган тақдирда, Пенсия жамғармасининг бўлими томонидан меҳнат дафтарчасига ёзувлар киритилмайди. Агар уларни тўлаш тўхтатиб турилган бўлса, пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажи ҳисоби бадаллар тўланган сўнгги санадан бошлаб тўхтатиб турилади. Тегишли ой учун бадаллар суммаси белгиланган миқдордан кам бўлган тақдирда, ушбу давр учун иш стажи зарур маблағларни қўшимча киритиш шарти билан ҳисобга олинади.

 

 

Солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олинганда

 

Солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходим суғурта бадалларини жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасидан келиб чиққан ҳолда, ихтиёрий равишда тўлайди. Бунинг учун декларация билан бир вақтда ариза ҳам тақдим этилади.

Суғурта бадалларини тўлаш ходимнинг доимий яшаш жойи бўйича очилган Пенсия жамғармасининг тегишли ҳисобрақамларига солиқ органи томонидан ҳисоблаб чиқариладиган ЖШДСни тўлаш муддатларида амалга оширилади. Бадаллар нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана суғурта бадали тўланган кун ҳисобланади.

 

 

Якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқонлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳам пенсия тайинланади

 

Якка тартибдаги тадбиркор ҳам, деҳқон хўжалиги аъзоси сингари, ўзи учун ўзидаги мавжуд имкониятлардан ва пенсия билан таъминланишнинг мақбул миқдоридан келиб чиқиб, суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда белгилайди. Бироқ у суғурта бадалларининг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Солиқ кодексининг 311-моддасига мувофиқ қуйидагича миқдорлар белгиланган:

якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ойига ЭКИҲнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда;

якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан – ойига ЭКИҲнинг 50%и миқдорида;

юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси томонидан – ойига ЭКИҲнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда;

оиланинг бошқа аъзолари томонидан (18 ёшга тўлмаганлар бундан мустасно) – ойига ЭКИҲнинг 50%и миқдорида.

Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари суғурта бадалларини йилига ЭКИҲнинг 4,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди.

Якка тартибдаги тадбиркор оилавий тадбиркорлик субъектининг ҳар бир аъзоси, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ҳар бир ходим учун ҳар ойда ЭКИҲнинг 50%и миқдорида суғурта бадали тўлайди.

Ҳужжатда суғурта бадаллари тўлаш саналари белгиланган. Уларнинг миқдори тўлов кунига белгиланган ЭКИҲ миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий корхона аъзолари томонидан суғурта бадалларини тўлаш улар давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана суғурта бадали тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида Ф.И.О., СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр кўрсатилади. Бунда оилавий тадбиркорлик субъекти ва деҳқон хўжалиги аъзолари бўйича тўлов ҳужжати ҳар бир оила аъзоси учун алоҳида-алоҳида ёзилади. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой (деҳқон хўжаликлари аъзолари учун – йил) учун тўланган деб ҳисобланади.

Суғурта бадаллари якка тартибдаги тадбиркорнинг (деҳқон хўжалиги аъзосининг) доимий яшаш жойи бўйича очилган Пенсия жамғармасининг тегишли ҳисобрақамларига тўланади. Якка тартибдаги тадбиркор белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб турган даврда бадалларни тўлаш амалга оширилмайди ва ушбу даврда пенсия тайинлаш учун иш стажи ҳисобга олинмайди.

Деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзосига пенсия тайинлашда иш стажига бадаллар тўланмаган даврлар қўшилмайди.

 

 

Бадаллар тўланса, стаж ҳам бўлади

 

Юқорида санаб ўтилган шахслар томонидан Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари ҳисоби уларнинг доимий яшаш жойи бўйича солиқ хизмати органи ва Пенсия жамғармаси бўлимида юритилади. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланишини ҳисобга олиш дафтарчаси ҳамда банк квитанциялари ва тўлов ҳужжатларининг асл нусхалари бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади.

Тўловчининг меҳнат дафтарчаси унинг доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимида фаолиятни амалга оширишнинг (улар томонидан суғурта бадалларини тўлашнинг) бутун даври давомида сақланади ва юритилади. Агар деҳқон хўжалигидаги меҳнати ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти фуқаро учун қўшимча ҳисобланса, унинг меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида юритилади.

Тўловчининг хоҳишига кўра меҳнат дафтарчасига якка тартибдаги тадбиркор, деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоси сифатидаги фаолият даври тўғрисидаги ёзув киритилиши мумкин. Ёзув рўйхатдан ўтган жойидаги Пенсия жамғармаси бўлими томонидан киритилади.

Иш стажига суғурта бадаллари тўланган даврлар киритилади. Уни ҳисоблаб чиқаришда, агар тўланган суғурта бадаллари суммаси ушбу йилнинг барча ойлари учун белгиланган энг кам суғурта бадалларидан кам бўлмаса (тўланган пеняларни ҳисобга олмаган ҳолда) иш стажига календарь йил қўшилади.

Меҳнат дафтарчаси бўлмаган ёки йўқолган тақдирда пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажи тўлов ҳужжатлари билан тасдиқланган Ҳисобга олиш карточкасидаги ёки Ҳисобга олиш дафтаридаги ёзувлар асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш далили гувоҳлар кўрсатмалари билан тасдиқланмайди.

 

Ҳужжатларнинг тўлиқ матни, уларга боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Norma. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» АҚТда ва norma.uz сайтида танишиб чиқиш мумкин.

 

Елена Ермохина, «Norma Online» эксперти.

 


 

 

Пенсияни расмийлаштириш ва тўлаш хусусиятлари

 

Имтиёзлар – ҳар бир ўқитувчи учун эмас

 

Ўзбекистоннинг пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фуқароларнинг баъзи тоифаларига имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини беради. Уларга, хусусан, ўқитувчилар киради. Уларга пенсияларни расмийлаштириш ва тўлаш хусусиятлари тўғрисида Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этиш аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон ХЎЖАЕВ сўзлаб беради.

 

Қандай таълим муассасалари ўқитувчилари имтиёзли пенсия олишлари мумкин?

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 12-моддаси «к» бандига кўра, охирги иш жойидан қатъи назар, қуйидаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларида камида 25 йил ишлаган ўқитувчиларгина белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда (эркаклар – 55 ёшда ва аёллар – 50 ёшда) пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган 3-сон Рўйхатнинг VII қисми):

жисмоний ёки психик (руҳий) ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун мактаблар, мактаб-интернатларда;

санатория туридаги мактаблар, мактаб-интернатларда;

имкониятлари чекланган шахслар учун касб-ҳунар коллежларида;

Меҳрибонлик уйларида;

ҳарбий академик лицейларда;

тарбиявий колонияларда.

– Оддий қилиб айтганда, башарти улар ишлаган муассаса ногирон болалар учун мўлжалланган бўлса, ўқитувчилар имтиёзли пенсия таъминотига ҳақлилар. Шу сабабли имтиёзли пенсияни расмийлаштириш учун, иш стажи билан қаторда, муассасанинг мувофиқ келиши ва ишнинг ўзига хослиги билан боғлиқ талаблар бажарилишини тасдиқлайдиган ҳужжатларга ҳам эга бўлиш зарурми?

– Ҳа, шундай. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) тўғрисида низомда (ВМнинг 13.09.2011 йилдаги 256-сон Қарорига 1-илова) таълим йўналишлари ва синф тоифаларининг 8 тури белгиланган, шунингдек уларни тўлдириш минимуми ўрнатилган.

 

МИСОЛ. Кар (эшитмайдиган) болалар (I тур) учун ихтисослаштирилган мактабда ишлайдиган ўқитувчи учун бошланғич синфларда камида 8 ўқувчи, юқори синфларда – 10 бола бўлиши керак. Агар ушбу талабга риоя этилмаса, мазкур ўқув йили имтиёзли пенсия таъминоти олишга ҳуқуқ берадиган махсус иш стажига киритилмайди.

 

Шу сабабли имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ўқитувчи болалар билан синфларни тўлдиришнинг энг кам талабларига риоя этган ҳолда ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар таълим турларидан бири бўйича ишлаши керак.

– Имтиёз олувчи ўқитувчилар яна қандай қўшимча шартларга риоя этишлари керак?

– Иш вақтининг давомийлиги меъёрларини (педагогик юкламани) ҳам унутмаслик керак. У Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида йўриқнома (АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинади. Ҳужжатга кўра, 3-сон Рўйхатнинг VII қисмида назарда тутилган ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим бериш муассасаларида ишлаш даврида амал қилган қонунчиликка асосан мазкур тоифадаги ходимларга белгиланган иш вақтининг давомийлиги меъёрлари (педагогик юкланма) талабларига риоя этилган тақдирда, камида 25 йил ишлаган ўқитувчилар (шу жумладан логопедлар, дефектологлар) имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқидан фойдаланади.

Қисқартирилган иш куни белгиланадиган махсус хусусиятга эга меҳнат билан банд бўлган ходимлар рўйхатига (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 4-илова) кўра, қуйидагилар учун иш вақти муддати белгиланган:

барча турлар ва номланишлардаги мактаблар, мактаб-интернатлар; гимназиялар, лицейларнинг 1–4-синфлар ўқитувчилари, логопед ўқитувчилари, дефектолог ўқитувчилари, логопедик пунктлар мудирлари учун – ҳафтасига 18 соат;

барча турлар ва номланишлардаги мактаблар ва мактаб-интернатлар; гимназиялар, лицейларнинг 5–11 (12)-синф ўқитувчилари – ҳафтасига 20 соат;

ўрта махсус ўқув юртлари; коллежлар, техникумларнинг барча ихтисослик ўқитувчилари – йилига 800 соат.

 

МИСОЛ. 5–11-синф ўқитувчиси ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасасида 25 йил ишлади. Улардан 15 йилда иш вақти муддати ҳафтасига 20 ва ундан кўп соатни, 10 йилда эса ҳафтасига камида 20 соатни ташкил этган.

Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажи фақат 15 йилни ташкил этади (ҳафтасига 20 соат ва ундан кўп ишлаган давр). Шу боис имтиёзли пенсия таъминотига ҳуқуқ мавжуд эмас.

 

Суҳбат якунларини чиқарарканман, ўқитувчилар имтиёзли шартларда пенсия тайинланиши учун мурожаат қилганда, умумбелгиланган ҳужжатлардан ташқари, қуйидагиларни:

меҳнат фаолияти ўтган таълим муассасаси турининг 3-сон Рўйхатнинг VII қисмида назарда тутилган таълим муассасалари рўйхатига мувофиқ келишини;

иш вақти давомийлиги меъёрларига (педагогик юкламага) нисбатан талабларга риоя этилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этиши лозимлигини эслатиб ўтаман.

 

Мухбиримиз
Алла РОМАШКО суҳбатлашди.

 

 


 

Расмий жавоб

 

Оддий қўшиш

 

Мен 17 йилу 6 ойлик меҳнат стажига эгаман, бундан ташқари 3 йил болани парваришлаш таътилида бўлганман. Умумий стажим 20 йилу 6 ойни ташкил этади. Бироқ Пенсия жамғармаси ходимлари менга 54 ёшда пенсия тайинлашдан бош тортиб, иш стажим 20 йилга етмаслигини рўкач қилишяпти. Улар ҳақлими?

Раиса Х.

Тошкент шаҳри.

 

– Пенсия жамғармаси ходимлари ҳақлилар. Фуқаролар пенсия тайинланиши учун унга ҳуқуқ вужудга келганидан кейин исталган вақтда мурожаат этишлари мумкин («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси, бундан кейин – Қонун). Унинг 12-1-моддасида белгиланишича, Қонуннинг 37-моддаси «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган, камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шу сабабли пенсия тайинланиши олдидан аввал унга ҳуқуқнинг бор-йўқлигини аниқлаш лозим. У юқоридаги бандларда назарда тутилган меҳнат фаолияти даврларини қўшиш билан аниқланади:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда.

Ана шу модданинг «д»–«и» бандларида кўрсатилган даврлар 20 йиллик стажга киритилмайди:

д) I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт;

е) олий таълим муассасаларида, аспирантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;

ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил;

и) Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квотали лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар хотинларининг чет элда бўлган вақти, лекин 10 йилдан ошмаган давр.

 

МИСОЛ. Қонунда назарда тутилган иш стажи 20 йилни ташкил этди. Айни вақтда олий таълим муассасасининг кундузги бўлимида 5 йил ўқиган, болаларга қараш даври эса 3 йилни ташкил этган. Ҳисоблашда пенсия тайинлаш учун қабул қилинадиган иш стажи 28 йилга (20 + 5 + 3) тенг бўлади.

 

Сизнинг вазиятингиз бошқача. Иш стажингизни аниқлаш чоғида у 20 йилдан камни (17 йилу 6 ой) ташкил этиши, болага қараш вақти эса пенсияга 54 ёшдан чиқиш ҳуқуқини белгилайдиган стаж даврлари рўйхатига кирмаслигини ҳисобга олганда, сиз 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқига эга эмассиз. Сизга 55 ёшдан ёшга доир пенсия тайинланади (Қонуннинг 7-моддаси). Пенсия тайинланиши учун етарли стажга эга бўлмаган шахсларга пенсия, Қонуннинг 37-моддаси «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 5 йиллик* иш стажига эга бўлинганда, мавжуд стажга мутаносиб миқдорда тайинланади (Қонуннинг 8-моддаси).

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этиш аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 


*«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасига кўра 2016 йил 1 июлдан бошлаб 55 ёшдан пенсия тайинланиши учун энг кам иш стажи 7 йилни ташкил этади.

 

 


 

Криминалист эксперт ён дафтаридан

 

Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрганлар учун устама

 

Чернобиль ҳалокати – техноген фалокатлар тарихида энг йирик ҳалокатлардан бири бўлиб, у Украина ҳамда ўша вақтдаги Совет Иттифоқининг бошқа республикаларидаги миллионлаб кишилар тақдирига ўз таъсирини кўрсатди. Мазкур ҳалокат оқибатларини бартараф этиш чоғида радиациянинг ҳалокатли таъсирини ўз организмида ҳис этган инсонлар учун бугунги кунда МДҲнинг барча мамлакатларида бир қатор имтиёзлар тақдим этилган. Шу жумладан улар чернобилчилар учун пенсия олиш ҳуқуқига эгалар.

 

Бизнинг суд-эксперт амалиётимизда Чернобиль ҳалокати оқибатларини тугатишда қатнашганлар пенсияларини қайта ҳисоб-китоб қилиш ва пенсиялар тўлови бўйича қарзларни ундириш билан боғлиқ фуқаролик ишларига доир тадқиқотлар ўтказишга тўғри келган. Улардан бири фуқаронинг ижтимоий таъминот органларига нисбатан даъвоси билан бўлган. У Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда қатнашувчи бўлса-да, пенсияни тайинланган миқдоридан кам олган, негаки 1994 йилда унга қайта ҳисоб-китоб нотўғри амалга оширилган. Шу боис у асоссиз равишда камайтирилган миқдорда пенсия олган даври учун зарарни қоплашни талаб қилган. Чернобилчининг таъкидлашича, Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар, пул компенсациялари ва имтиёзлар рўйxатининг (ОК Раёсати ва ВМнинг 6.04.1992 йилдаги 170-сон Қарори билан тасдиқланган) 9-бандига мувофиқ унинг энг юқори миқдордан ошувчи пенсияси тайинлангандан кейин қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак эмасди.

Текширувга пенсия ва фуқаролик ишлари материаллари тақдим этилди. Улардан аён бўлдики, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлими 1991 йилда чернобилчига ногиронлик пенсиясини тайинлаган экан. Мудофаа вазирлигининг маълумотномасига мувофиқ ҳарбий хизматга мажбурлиги боис 1989 йилнинг март ойидан ноябрь ойигача Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишга жалб қилинган.

Рўйхатнинг I бўлимида 170-сон Қарорнинг амал қилиш доирасига тушадиган фуқароларнинг 3 тоифаси белгиланган. Булар:

1) Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолганлар:

а) Чернобиль АЭСда ишлаган ёки ҳалокат натижасида зарарланган зонада ҳалокат оқибатларини тугатиш ишларида иштирок этган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар;

б) махсус йиғинларга чақирилган ва ҳалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ зарарланган зонадаги ишларни бажаришга жалб этилган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахслар;

2) 1986–1987 йилларда Чернобиль ҳалокати оқибатларини тугатиш бўйича зарарланган зонада ишлаган ёки шу йиллар давомида АЭСдан фойдаланиш ва бошқа юмушларни бажарган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар, шунингдек, жойлашиш ўрни ва бажараётган вазифасидан қатъи назар, махсус йиғинларга чақирилган ва ҳалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ бу даврдаги ишларни бажаришга жалб қилинган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахслар, шунингдек, 1986–1987 йилларда зарарланган зонада хизмат вазифасини ўтаган ички ишлар органларининг бошлиқлар ва оддий составидаги шахслар;

3) 1988–1989 йилларда Чернобиль ҳалокати оқибатларини тугатиш бўйича зарарланган зонада ишлаган ёки шу йиллар давомида АЭСдан фойдаланиш ва бошқа юмушларни бажарган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар, шунингдек, жойлашиш ўрни ва бажараётган вазифасидан қатъи назар, махсус йиғинларга чақирилган ва ҳалокат оқибатларини тугатиш билан боғлиқ бу даврдаги ишларни бажаришга жалб қилинган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахслар, шунингдек, 1988–1989 йилларда зарарланган зонада хизмат вазифасини ўтаган ички ишлар органларининг бошлиқлар ва оддий составидаги шахслар.

Бизнинг чернобилчи 1989 йилда Чернобиль ҳалокати оқибатларини тугатишда иштирок этганлиги ва нурланиш касаллигини орттирмаганлиги сабабли учинчи тоифага киради, улар Рўйхатнинг III бўлим 3-қисмига мувофиқ қуйидаги имтиёзлардан фойдаланадилар:

  • меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги туфайли, узлуксиз иш фаолиятидан қатъи назар, ойлик маошининг 100%и миқдорида нафақа олиш;
  • тиббий кўрсатмаларга биноан кам иш ҳақи тўланадиган ишга ўтказилганда олдинги иш ҳақи билан янги жойдаги иш ҳақи ўртасидаги фарқни олиш. Бу фарқ иш қобилияти тиклангунга ёки ногиронлик белгилангунга қадар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тўланади;
  • якка тартибда уй-жой қуриш учун биринчи навбатда ер майдонлари олиш;
  • даволаш-профилактика муассасаларида ва дорихоналарда биринчи навбатда хизмат кўрсатиш;
  • пенсияга чиққунга қадар ёки иш жойи ўзгаргунга қадар биркитилган поликлиникадан пенсияга чиққанда ва иш жойини ўзгартирганда ҳам фойдаланиш;
  • болалар мактабгача тарбия муассасаларида, даволаш ва санаторий типидаги ихтисослаштирилган болалар муассасаларида, лагерлар ва бошқа соғломлаштириш муассасаларида, уларнинг қайси идорага мансублигидан қатъи назар, болаларни жойлар билан навбатдан ташқари таъминлаш;
  • қариялар ва ногиронлар учун интернат уйлардаги жойлар билан имтиёзли таъминлаш;
  • олаётган иш ҳақи (даромад)ни ҳисобга олмасдан қарилик пенсиясини тўла миқдорда олиш;
  • энг кам миқдордаги қарилик пенсиясининг 25%и миқдорида пенсияга қўшимча олиш;
  • ҳар йилги таътилдан ўзлари учун қулай бўлган исталган вақтда фойдаланиш;
  • иш жойидан ҳар йили санаторий-курортларда даволаниш ва дам олиш учун йўлланмалар билан таъминланиш;
  • гараж-қурилиш кооперативлари ва боғдорчилик ширкатларига (кооперативларига) имтиёзли равишда кириш;
  • эгаллаб турган турар жой майдонининг ҳажмидан қатъи назар, коммунал уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар учун уй-жой ҳисобига қабул қилиниш;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишнинг оқилона нормаларига мувофиқ озиқ-овқат моллари билан таъминланиш.

Шу тариқа, 6.04.1992 йилдан чернобилчи иш ҳақидан ва ёшга доир энг кам пенсиядан 25%ни ташкил қиладиган устамадан келиб чиқиб, пенсияни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эга.

Таъкидлаш жоизки, Рўйхатнинг II бўлими 9-бандида 1993 йилнинг 1 июлига қадар белгиланган ва энг юқори миқдорлардан ошадиган пенсиялар қайта ҳисоб-китоб қилинмаслиги назарда тутилган. Бироқ мазкур банд Рўйхатнинг I бўлими 1-бандида назарда тутилган биринчи тоифага киритилишини билиш лозим. Шу боис Пенсия жамғармасининг туман бўлими чернобилчи 1994 йилда қўшимча равишда тақдим этган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома асосида қайта ҳисоб-китоб қилишга ҳақли бўлган эди.

Бироқ пенсия иши ҳужжатларининг таҳлили шуни кўрсатдики, чернобилчига 6.04.1992 йилдан 1.03.2007 йилгача (судга мурожаат қилинган пайтда) унинг олишга ҳақли бўлган пенсиясига 25%лик устама ҳисобланмаган. Бу эса ногиронлик бўйича унинг пенсияси миқдорининг камайишига сабаб бўлган. Пенсия жамғармасининг туман бўлими томонидан чернобилчи учун мазкур даврга пенсия қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва унга етказилган зарар қопланиши керак эди.

Орадан 9 йил ўтди. Бироқ ушбу суд-экспертиза тадқиқоти натижалари бўйича чиқарилган хулоса бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмади. Шу боис мазкур мақола фойдали бўлади деб умид қилиб қоламиз.

 

Сайёра Саъдуллаева,

ЎзР Адлия вазирлиги ҳузуридаги РСЭМ эксперти.

 

 


 

Чернобилчиларга +25%

 

Криминалист экспертнинг материалида ҳикоя қилинган воқеа бундан 9 йилдан кўпроқ вақт илгари юз берган. Ўшанда Олий Кенгаш Раёсати ва ВМнинг 6.04.1992 йилдаги 170-сон Қарори билан Чернобиль ҳалокатини тугатувчиларга имтиёзлар берилар эди. Уларнинг бири – муайян тоифадаги шахслар учун энг кам пенсияга 25% миқдоридаги устама бўлган.

Пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ушбу вақт ичида чернобилчиларга пенсия расмийлаштириш бобида қандай ўзгаришлар юз берди? Ушбу қарордаги имтиёзлар ҳозиргача сақланганми? Ушбу саволларга жавоб олиш учун таҳририят Пенсия жамғармасига мурожаат қилди.

 

– Олий Кенгаш Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига (6.04.1992 йилдаги 170-сон) кўра, 1988–1989 йилларда Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатиш бўйича ишларда иштирок этган (шу жумладан, вақтинча ишга юборилган ёки хизмат сафарига жўнатилган) шахслар энг кам миқдордаги ёшга доир пенсиянинг 25%и миқдорида пенсияга қўшимча олиш1 ҳуқуқига эгадирлар.

Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, ногиронлик бўйича пенсияларнинг миқдорлари устамани ҳисобга олганда ушбу қарор билан ўрнатилган энг кам миқдорлардан ошмаслиги керак:

I гуруҳ ногиронларига – энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;

II гуруҳ ногиронларига – ЭКИҲнинг 8 баравари миқдорида;

III гуруҳ ногиронларига – ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида.

Чунончи, агар Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатиш иштирокчиси I гуруҳ ногирони бўлса ва энг кам иш ҳақининг 10 бараварига тенг (ҳозирги пайтда – 1 302 400 сўм) ногиронлик пенсияси олса, у энг кам миқдордаги ёшга доир пенсиянинг 25%и миқдорида пенсияга қўшимча олиши мумкин эмас. Чунки мазкур ҳолда устамани ҳисобга олганда пенсиянинг жами суммаси пенсиянинг белгиланган энг кўп суммасидан ошади.

Агар Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатиш иштирокчиси I гуруҳ ногирони бўлса ва ЭКИҲнинг 10 бараваридан кам миқдорда пенсия олса, унга ногиронлик пенсияси миқдори билан ЭКИҲнинг 10 баравари ўртасидаги фарққа тенг устама ҳисобланади, бироқ у ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдорининг 25%идан ошмаслиги керак.

 

МИСОЛ. Чернобилчи 1 280 000 сўм ногиронлик пенсияси олади. Мазкур ҳолда унга 22 400 сўм (1 302 400 (10 ЭКИҲ) – 1 280 000) устама тайинланади.

Бошқа тугатувчининг ногиронлик пенсияси 1 100 000 сўмни ташкил қилади. Унга 63 682,5 сўмга тенг устама ёки ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдорининг 25%и тўланиши керак, чунки унинг ногиронлик пенсияси билан ЭКИҲнинг 10 баравари ўртасидаги фарқ 202 400 сўмни ташкил қилади.

 

Агар Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатиш иштирокчиси ёшга доир пенсионер бўлса, унга, оладиган ёшга доир пенсияси миқдоридан қатъи назар, ёшга доир энг кам пенсиянинг 25%и миқдорида устама тўланиши керак2.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этиш аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.

 


1Президентнинг 26.08.2015 йилдаги ПФ-4751-сон Фармони билан 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ёшга доир энг кам пенсия 254 730 сўм этиб белгиланган.

2Ёшга доир пенсия миқдори «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун меъёрларига мувофиқ ҳисоб чиқарилади. Қонуннинг 31-моддаси 6-қисмига мувофиқ, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 8 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

 

 

Маълумот учун!

Ногиронлик пенсиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга тайинланади.

 


 

 

Билиб қўйган яхши

 

Коммунал хизматлар учун компенсация тўловлари кимларга берилади?

 

Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ қуйидагилар ЭКИҲнинг 45%и миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади:

 

а) 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (8.09.2011 йилдаги 252-сон ВМҚ билан тасдиқланган) 1 ва 2-сон иловаларида белгиланган;

б) ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;

в) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва «Шуҳрат» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

г) фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган тутқунлари;

д) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;

е) кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлари;

ж) Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;

з) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслардан ташқари, ЭКИҲнинг 50%и миқдорида, 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчилари ЭКИҲнинг 25%и миқдорида ойлик компенсация пул тўловларини оладилар.

 

 

Уларда қандай?

 

Украинада ИШЛАЙДИГАН пенсионерларга пенсия 85% миқдорида тўланади. Бироқ у меҳнат қобилияти йўқолган шахслар учун белгиланган яшаш минимумининг камида 1,5 бараварини ташкил этиши керак.

I ва II гуруҳ ногиронлари, III гуруҳ уруш ногиронлари, жанговар ҳаракатлар иштирокчилари, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига, ишлаш далилидан қатъи назар, 100 фоизлик пенсия сақланади.

СОЛИҚ СОЛИШНИНГ ЯГОНА СТАВКАСИ – энг кам иш ҳақининг 3 баравар миқдоридан ошадиган пенсиялар учун 15% белгиланган (1.01.2016 йилда ушбу сумма 4 134 гривна – ≈$160 ни ташкил этади).

Иккинчи жаҳон уруши давридаги жанговар ҳаракатлар иштирокчилари, уруш ногиронлари ва ҳалок бўлган (вафот этган) уруш фахрийларининг оила аъзоларига тўланадиган пенсияларга СОЛИҚ СОЛИНМАЙДИ.

* * *

Беларусда ёшга доир МЕҲНАТ ПЕНСИЯСИ ва кўп йил ишлаганлик учун меҳнат пенсияси ОЛИШ ҲУҚУҚИНИ аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш давлат бюджетдан ташқари жамғармаси бюджетига мажбурий суғурта бадаллари тўланган ҳолда ИШ СТАЖИ беради.

Стаж камида 15 йилу 6 ойни ташкил этиши керак (2016 йилда пенсия тайинлаётганда). 2017 йил 1 январдан бошлаб ушбу стаж 20 йилга етгунга қадар ҳар йили 6 ойга ошиб боради. Яъни 2017 йилда 16 йилни, 2018 йилда 16 йилу 6 ойни, 2019 йилда 17 йилни ташкил этади ва ҳоказо.

* * *

2016 йилдан Россиядаги ишлаётган пенсионерлар суғурта пенсияси ва унга доир қатъий белгиланган тўловни РЕЖАЛИ ИНДЕКСАЦИЯЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛМАСДАН оладилар. 2016 йил февралда суғурта пенсияларини индексациялаш фақат 2015 йил 30 сентябрда меҳнат фаолиятини амалга оширмаган пенсионерларга татбиқ этилади.

Интернет тармоғи материалларидан.

 

 

Маълумот учун!

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигида бўлинган вақт ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга ҚЎШИБ ҲИСОБЛАНАДИ.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 3757 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика