Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 49 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Квартиранинг эгаси чет эллик бўлса

 

Чет эллик фуқаро Тошкентда кўчмас мулк – квартирага эга. У квартирани Ўзбекистон фуқароси ва резидентига ижарага бермоқчи.

Квартира эгаси Ўзбекистонда яшамаслиги боис, у ўзининг давлатида нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича ўз танишига Тошкент шаҳрида ижарачиларни излаш ва улар билан уй-жойни ижарага бериш шартномасини тузишга ваколат тақдим этиши мумкинми?

Агар мумкин бўлса, мазкур ҳолда ким ижарага берувчи бўлади: чет эллик жисмоний шахсми ёки унинг Ўзбекистондаги вакилими?

Бундай шартномани тузиш тартиби қандай?

Темур.

 

– Фуқаролик кодексининг (ФК) 2-моддаси учинчи қисмида айтилишича, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, фуқаролик қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидалар чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эллик юридик шахслар иштирокидаги муносабатларга қўлланилади.

ФКнинг 164-моддасида белгиланишича, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ким томонидан бўлишидан қатъи назар, унинг мулк ҳуқуқи ҳар қандай бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.

ФКнинг 600-моддасига кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф – уй-жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс (ижарага берувчи) бошқа тараф (ижарага олувчи)га уй-жойда яшаш учун унга ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади. Бинобарин, Тошкентда квартирага эга бўлган чет эллик жисмоний шахс унга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган мол-мулкни миллий қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ квартирани Ўзбекистон фуқаросига ижарага бериш йўли билан тасарруф этишга ҳақлидир.

Хорижий давлат ҳудудида бўлган чет эллик фуқаро Ўзбекистонда ҳаракатларни амалга ошириши учун ўз вакили номига ишончнома бериши мумкин. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши кераклиги (ФКнинг 603-моддаси иккинчи қисми) боис турар жойни ижарага бериш билан боғлиқ битимларни тузишга у берадиган ишончнома ҳам нотариал тасдиқланиши керак.

Ишончли вакил ишончномани олиб, Ўзбекистон фуқароси билан уй-жойни ижарага бериш шартномасини тузиб ва нотариал тасдиқлатиб, квартирани унга ижарага бериши мумкин. Ишончли вакил ишончнома берувчининг номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб иш юритиши сабабли ижарага берувчи бўлиб квартира мулкдори ҳисобланади.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг* 136-бандига кўра, мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулк (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар) ижарага берилишида ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда, ишончномадан ташқари қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:

√ кўчмас мулкнинг ижарага берувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

√ «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси ва Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

√ ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда доимий прописка қилинган шахсларнинг розилиги.

Агар ижарага берилаётган квартира никоҳ давомида орттирилган ва эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган тақдирда эри (хотини)нинг ҳамда квартирада прописка қилинган шахсларнинг (агар улар бўлса) нотариус томонидан шаҳодатлантирилган розилигини олиш лозим. Мазкур ҳолда чет эллик шахснинг кўрсатилган шахсларнинг розилигини олиши ва уни нотариал тасдиқлатиши ҳамда ушбу ҳужжатларни берилган ишончномага илова қилиши мақсадга мувофиқдир.

 

Азиза ШОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 9-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси.

 


*Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

Прочитано: 2576 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика