Norma.uz

Ҳатто кўпроқ миқдорда олинган

 

Туман электр таъминоти ташкилотининг вакили электр ҳисоблагичимнинг қопқоғи тўлиқ ёпилмаслиги тўғрисида далолатнома тузди. Ушбу далолатномага асосан 3,5 йилдан кейин қайта ҳисоб-китоб қилиб, 265 000 сўмлик тўловни ҳисоблашди. Уни тўлиқ тўлагач, янги электр ҳисоблагич ўрнатишларига буюртманома бердим. Биз «Меркурий-1» электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш асбобини харид қилдик. Уни ўрнатиш учун бизга юборилган электр тармоғи вакиллари биздан ушбу хизмат учун 100 000 сўм олишди. Шунингдек, деярли 700 кВт электр энергияси истеъмолига олдиндан тўланган сумма ҳисобга олинмаслигини айтишди (тўлов иш ҳақидан пул ўтказиш йўли билан амалга оширилган) ва ўрнатилган электр ҳисоблагич кўрсатувлари бўйича тўлашни маслаҳат беришди. Қуйидаги саволларимга жавоб берсангиз.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчини қилинган ҳисобланмалар ва ҳисоблаб ёзилган суммани тўлаш зарурлиги тўғрисида ўз вақтида (3,5 йилдан кейин эмас) хабардор қилиши керакми?

Истеъмолчилар янги электр ҳисоблагични ўрнатиш хизматига ҳақ тўлашга мажбурмилар?

Электр ҳисоблагич ўрнатилишига қадар электр энергияси учун тўланган бўнак тўловлари ҳисобга олинадими ёки йўқми?

Д.Худоёрова.

 

– Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 29.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) 120-бандида белгиланишича, истеъмолчининг электр ҳисоблагичида бирор-бир шикастланиш аниқланганда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси (ҲЭТК) охирги текширилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатдаги давр учун истеъмол қилинган электр энергияси миқдорини ҳисоб-китоб қилиши шарт. Электр энергияси истеъмолчиси томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар туман ҲЭТК вакиллари ва истеъмолчи томонидан имзоланган далолатнома билан расмийлаштирилади (Қоидаларнинг 122-банди). Унга асосан тўлаш учун истеъмолчига қўшимча тўлов ҳужжати ёзиб беради (Қоидаларнинг 123-банди).

Қоидаларда истеъмолчини унга қўшимча тўлов ҳужжати ёзилгани ва ҳисобланган суммани тўлаш тўғрисида хабардор қилиш муддатларини белгилайдиган меъёрлар мавжуд эмас. Бу бошқа меъёрларнинг жамидан келиб чиқади. Хусусан, ҲЭТК вакиллари уйма-уй юриш ва назорат текширувларини ўтказиш вақтида қўлларида ҳисоб ҳужжатлари бўлган ҳолда электр ҳисоблагичларнинг кўрсатувларини қайд этадилар. Агар истеъмолчига қўшимча тўлов ҳисобланган бўлса, бу ҳол электр энергияси тўловини ҳисобга олиш журналида акс эттирилган бўлиши керак. Албатта, абонент бу ҳақда 3,5 йилдан сўнг эмас, ўз вақтида хабардор қилиниши лозим. Бундан ташқари, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон) 4-моддасида белгиланганидек, истеъмолчилар товар (иш, хизмат) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Қоидаларнинг 103-бандида назарда тутилганидек, электр тармоқларига янгидан уланадиган уй-жойлар ва хонадонлардан ташқари, Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланадиган мавжуд ва янги уланадиган электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ҲЭТК ҳисобига алмаштирилади ва ўрнатилади. Бироқ шуни назарда тутиш лозимки, бунда ишлаётган ҳисобга олиш асбобларини режали ўрнатиш ва янги асбобларга алмаштириш тўғрисида сўз боряпти. Бироқ истеъмолчилар ўз ҳисобидан сотиб оладиган электр ҳисоблагичлар ҳам бепул ўрнатилади.

Қоидаларнинг 119-бандида белгиланишича, истеъмолчи, ўз хоҳишига кўра, 12 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин, бу ҳолда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Янги ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилганда бўнак тўловлари «куймайди», балки қайта ҳисоб-китоб қилинади.

 

Ирина ГРЕБЕНЮК,

мухбиримиз.

Прочитано: 1853 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика