Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (соғлиқни сақлаш вазирининг АВ томонидан 17.04.2015 йилда 2667-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) 19-бандида ходим ўриндошлик асосида ишлаётган ташкилотга меҳнатга лаёқатсизлик варақаларининг нусхаларини тўлаш учун тақдим этишнинг қуйидаги тартиби белгиланган:
«19. Ўриндошлик асосида ишловчи ходимга ўриндошлик бўйича ишлайдиган иш жойига тақдим қилиши учун асосий иш жойига тақдим қилинадиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг даволаш-профилактика муассасаси бўлим мудири томонидан тасдиқланган нусхаси берилади».
Албатта, доим соғлом бўлиб юришимизга нима етсин. Бироқ касал бўлиб қолганда, кабинетма-кабинет ортиқча юриш, ишдан қолиб кетишга йўл қўймаслик учун бундан кейин ЎРИНДОШЛАР даволаш муассасасида меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштириш чоғида дарҳол унинг ксеронусхасини олишлари ва бўлим мудиридан уни тасдиқлашни сўрашлари лозим. Кейин эса меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериладиган дарчада унинг имзосига даволаш муассасасининг муҳрини қўйдиришни унутманг. Меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг асл нусхасини асосий иш жойидаги кадрлар хизматига, тасдиқланган нусхасини эса ўриндошлик бўйича иш жойига тақдим этиш лозим.
Кадрлар хизматларининг мутахассисларига меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва уларнинг нусхалари тўғри расмийлаштирилганлигини эътибор билан ўрганишни ҳамда ходимларга камчиликларни ва уларни ўз вақтида қўшимча расмийлаштиришнинг зарурлигини кўрсатишни тавсия қиламиз.
Яна бир бор – ҳаммамиз СОҒ-САЛОМАТ бўлайлик!
«Norma Profi» эксперт хизмати.