Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 49 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

ҚУРИЛАЁТГАН ИШЛАБ ЧИҚАРИШЛАРНИНГ ТЕХНИК-ИҚТИСОДИЙ АСОСЛАНИШИНИ БАҲОЛАШ АГЕНТЛИГИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 19.11.2015 йилдаги 332-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом Агентликнинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди. Эслатиб ўтамизки, Агентлик Президентнинг 30.09.2015 йилдаги ПҚ-2413-сон Қарорига мувофиқ ташкил қилинди.

Тасдиқланган Низомга мувофиқ Агентлик Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган қуйидаги инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ва якуний техник-иқтисодий асосланишини ва ҳисоб-китобларини (ДТИА/ТИА, ДТИҲ/ТИҲ) экспертизадан ўтказади, шу жумладан:

● марказлаштирилган инвестициялар (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли фондлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари фондларининг маблағлари, айрим тармоқлар ва ташкилотларнинг Ҳукуматнинг қарорлари билан ташкил этиладиган махсус фондлари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси номидан ёки унинг кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитлар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари) ҳисобига амалга ошириладиган;

● Президентнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар берилишини назарда тутувчи алоҳида қарорлари асосида амалга ошириладиган;

● маҳсулот тақсимотига оид битимларга мувофиқ амалга ошириладиган;

● устав фондида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган ташкилотлар томонидан марказлаштирилмаган инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган қиймати 10 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган;

● стратегик фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашни назарда тутадиган молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, қиймати 10 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳаларини.

Агентлик фаолиятига мутасаддилик қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари комплекси раҳбарига топширилди.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

√ замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар ва илғор технологияларни жорий этишга доир уларда энг мақбул ечимлар қўлланилишини таъминлаш юзасидан тизимли экспертизадан ўтказиш;

√ республикага истиқболсиз, маънавий ва жисмоний эскирган асбоб-ускуналар ва технологиялар олиб келинишининг олдини олган ҳолда унумдорлиги ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг сифати, энергия ва ресурсларни тежаши бўйича замонавий талабларга, шунингдек экологик стандартларга жавоб берадиган илғор технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг жаҳон бозорини чуқур таҳлил қилиш;

√ асбоб-ускуна нархининг чекланган параметрларини, шунингдек «фойдаланишга тайёр» инвестиция лойиҳалари қийматини аниқлаш;

√ чет элда ишлаб чиқариладиган замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот-таҳлил базасини шакллантириш ва доимий равишда янгилаш;

√ саноат корхоналарини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш бўйича хорижий инвесторлар ва компаниялардан тушадиган таклифлар бўйича ахборотни тўплаш ва умумлаштириш;

√ давлат ваколатли органларининг инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли экспертизадан ўтказишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш.

Агентликка Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ва мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштириладиган директор бошчилик қилади. Агентлик директорининг ўринбосари Президент девони Ташкилий-кадрлар хизмати билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда мақомига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Агентликнинг фаолияти давлат бюджети маблағлари, ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.

 

БИОГАЗ ҚУРИЛМАЛАРИНИ ҚУРУВЧИЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2015 йилдаги 343-сон Қарори билан Республиканинг чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари қуришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта қуриш агентлиги «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. II босқич» лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

биогаз қурилмаларини қуриш, махсус асбоб-ускуналарни монтаж қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсиялар, шунингдек биогаз қурилмаларининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этилиши;

«Ҳамкорбанк» АТБ, «Туронбанк» АТБ, «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, «Халқ банки» АТ, «Ипак йўли» АИТБ, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг буюртманомалари бўйича биогаз қурилмаларини қуриш учун грантлар берилиши ташкил қилинади.

Тижорат банкларига биогаз қурилмалари қуриш лойиҳаларининг ташаббускорларига МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаси бўйича кредитлар бериш тавсия этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда биогаз қурилмалари қуришнинг ҳудудий манзилли дастурларини ишлаб чиқадилар ва белгиланган тартибда тасдиқлайдилар. Бундан ташқари, мазкур органлар тегишли лойиҳаларнинг ҳужжатларини кейинчалик Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритиш учун ишлаб чиқиш ва тақдим этишда биогаз қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган ташкилотларга кўмаклашадилар.

Шунингдек белгиланишича, 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг тегишли ўқув фанлари дастурларига «Қишлоқ хўжалиги техникаси» таълим соҳаси йўналишлари ва «Қишлоқ хўжалигини механизациялаш» ҳамда «Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш» йўналишлари доирасида «Биогаз қурилмалари. Қуриш ва улардан фойдаланиш» мавзулари (бўлимлар)ни киритилади.

Давлат статистика қўмитасига 2016 йил 1 январдан бошлаб статистика ҳисоботининг амалдаги шакллари доирасида ишга туширилган биогаз қурилмалари сони ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмлари ҳисоби юритилишини кўриб чиқиш топширилди.

Белгиланишича, тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарувчи электр энергияси истеъмолчилари ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб бериш учун ягона электр энергияси тизими (ЯЭЭТ) билан параллел тарзда барқарор ишлашни таъминловчи махсус қурилмалар воситасида уланишга доир техник шартлар олингандан ва бажарилгандан кейин ягона электр энергияси тизимининг электр тармоқларига уланишлари мумкин. Шунингдек улар электр энергияси сифатига қўйиладиган талабларни бажаришга, «Ўзбекэнерго» АЖнинг белгиланган диспетчерлик режимига риоя қилишга мажбурдирлар.

Тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, истеъмолчилар томонидан ЯЭЭТнинг электр тармоқларига етказиб бериладиган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар охирги истеъмолчилар учун белгиланган тарифлар бўйича, электр таъминоти корхоналарининг электр энергиясини узатиш бўйича харажатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

ЯЭЭТга электр энергияси етказиб беришнинг йиллик ҳажмлари «Ўзбекэнерго» АЖ билан тузилган шартнома билан тасдиқланади ва расмийлаштирилади.

 

БОЖХОНА БОЖЛАРИ ВА ҚҚСдан ОЗОД ҚИЛИНАДИГАН ТОВАРЛАР РЎЙХАТИ КЕНГАЙТИРИЛДИ

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 24.11.2015 йилда 2436-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига қўшимчалар киритилди. Мазкур Рўйхатга яна 7 позиция киритилди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 30.11.2015 йилдаги 47 (703)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» эксперти Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

 

Прочитано: 2795 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика