Norma.uz

Босма маҳсулот сифатли бўлгани мақбул

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Пудратчи (1-МЧЖ) ва буюртмачи (2-МЧЖ) 2015 йил апрелда 500 нусха ададида 30 млн сўмлик китоб маҳсулотини тайёрлашга шартнома тузишди. Унинг шартларига кўра буюртмачи 3 банк куни давомида барча суммани олдиндан тўлаш ва пудратчига китоблар тайёрлашга топшириқ бериш мажбуриятини олди. Пудратчи олдиндан ҳақ тўлагандан кейин 30 иш куни мобайнида ишни бажариш мажбуриятини олди.

2-МЧЖ мажбуриятларини ўз вақтида бажарди. 1-МЧЖ 2015 йил июнда китоб маҳсулотини топширишга тайёрлиги ҳақида маълум қилди. Шартнома шартларига кўра қабул қилиш-топшириш 7 кун ичида амалга оширилиши керак эди. Маҳсулот сифати бўйича эътирозларини буюртмачи уни олгандан кейин 3 иш куни давомида изҳор этиши мумкин эди. Мазкур муддат тугагач, ушбу шартнома бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилган деб ҳисобланади ва иш сифатига оид эътирозлар қабул қилинмайди.

Тайёрланган маҳсулот қабул қилиниши пайтида сифат текшируви камчиликларни аниқламади.

Бироқ 10 иш кунидан кейин буюртмачи пудратчига эътироз юборди, унда қуйидаги яширин камчиликларни бартараф этиш талаб қилинган эди: ададнинг бир қисмида саҳифаларнинг кетма-кетлиги бузилган, маҳсулотда шрифт турлича бўлган, бир қатор нусхаларда сифатсиз қоғоз ишлатилган. Пудратчи шартнома қоидаларига асосланиб, буни рад этди.

Бунга кўнмаган буюртмачи 2015 йил августда хўжалик судига мурожаат қилиб, тўланган сумманинг бир қисми – 13 млн сўм, давлат божи – 130 минг сўм ва почта харажатлари – 7 200 сўмни қайтаришни талаб қилди.

 

 

ДАЪВОГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Биз ўз мажбуриятларимизни белгиланган муддатда тўлиқ бажардик. Пудратчи эса шартнома қоидаларини бузди ва яширин нуқсонларга эга бўлган сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарди. 2015 йил июлда биз пудратчига хат ёзиб, камчиликларни бартараф этишни илтимос қилдик, бунга у рад жавоби берди. Даъвони қондиришни сўраймиз.

 

 

ЖАВОБГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Китобларни қабул қилаётганда уларда камчиликлар аниқланмади. Бинобарин, шартномада кўрсатилганидек, мазкур муддат – 3 иш куни ўтганидан кейин унга доир мажбуриятлар тўлиқ бажарилган деб ҳисобланади ва иш сифатига оид эътирозлар қабул қилинмайди. Шу сабабли даъвони рад этишни сўраймиз.

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, буюртмачининг тўланган 13 млн сўм, шунингдек 130 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини қайтариш даъвоси билан мурожаат қилишига сабаб бўлган далиллар тасдиғини топди.

Фуқаролик кодексининг 646, 647 ва 650-моддаларига асосланиб, суд даъво талабларини тўлалигича қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

ФКнинг 647-моддаси биринчи қисмига кўра, пудратчи бажарган иш пудрат шартномасининг шартларига, шартлар бўлмаганида ёки тўлиқ бўлмаганида эса, одатда тегишли турдаги ишларга қўйиладиган талабларга мос келиши керак. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бажарилган иш натижаси буюртмачига топшириш пайтида шартномада кўрсатилган ёки одатда қўйиладиган талаблар билан белгиланган хусусиятларга эга бўлиши ва оқилона муддат давомида шартномада назарда тутилганидек фойдаланиш учун, агар у шартномада белгиланган бўлмаса, бундай турдаги ишнинг натижасидан одатдагидек фойдаланиш учун яроқли бўлиши керак.

ФКнинг 646-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, буюртмачи иш қабул қилиб олинганидан сўнг унда пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар)ни, шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликларни аниқласа, улар аниқланганидан сўнг 10 кунлик муддат ичида бу тўғрида пудратчига хабар қилиши шарт.

Шу тариқа, пудратчи ишни сифатли бажариши керак эди. Ҳолбуки буюртмачи томонидан аниқланган камчиликлар нафақат ушбу талабга риоя этилмаганлиги, балки улар китоб маҳсулотини қабул қилиш пайтида уни одатдаги текшириш чоғида аниқлаб бўлмаслигидан ҳам гувоҳлик беради. Шу боис улар яширин камчиликлар ҳисобланади.

Агар иш пудратчи томонидан пудрат шартномасидан четга чиққан ҳолда бажарилиб, иш натижасини ёмонлаштирган бўлса, ёки уни одатдаги мақсадлар учун фойдаланишга яроқсиз қилиб қўядиган бошқа камчиликлар билан бажарилган бўлса, ФКнинг 650-моддаси биринчи қисмига кўра буюртмачи ўз хоҳишига кўра пудратчидан:

камчиликларни оқилона муддатда бепул бартараф этишни;

иш учун белгиланган баҳони мутаносиб равишда камайтиришни;

шартномада буюртмачининг камчиликларни бартараф этиш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, уларни бартараф этишга қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Бизнинг ҳолатимизда буюртмачи иш учун белгиланган иш ҳақини мутаносиб тарзда камайтиришни ва уни пудратчидан ундиришни талаб қилган. Шу сабабли суд даъво талабларини қондириш ҳақида тўғри қарор қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, агар жавобгарнинг ўзи камчиликларни бартараф этганда, давлат божи ва почта харажатлари тарзида қўшимча харажат қилмаган бўлар эди. Бундан ташқари, у шартномага ишларни бажариш муддатини узайтириш тўғрисида қўшимча битим тузиш ташаббуси билан чиқиши мумкин эди. 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1966 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика