Болани фарзандликка олганимда декрет таътили олсам бўладими?
П.Романова.
– Фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз болаларига тенглаштирилади (Оила кодексининг 165-моддаси).
МКнинг 235-моддасига мувофиқ, янги туғилган болаларни бевосита туғруқхонадан фарзандликка олган шахсларга бола фарзандликка олинган кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан 56 календарь кун (икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган тақдирда эса 70 календарь кун) ўтгунга қадар бўлган даврда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаган ҳолда таътил берилади. Бундан ташқари, фарзандликка олганларнинг хоҳишига кўра, уларга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади ҳамда иш ҳақи сақланмаган ҳолда бола 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун қўшимча таътиллар берилади (МКнинг 234-моддаси).
Елена ЕРМОХИНА, «Norma Profi» эксперти.