Мен ёлғиз онаман, икки ойлик қизим бор. Ҳозирда ҳеч қаерда ишламайман ва болани кўкрак сути билан боқаётганим учун ишга жойлаша олмаяпман. Менга болани парвариш қилиш нафақаси бериладими?
Лола.
– Сизнинг ҳолатингизда нафақа ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан боланинг онаси аризаси асосида тайинланади. Болани тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар бола парвариши бўйича нафақа олишда устунлик ҳуқуқига эга. Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада тарбияланаётганини ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи аниқлайди. Ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси номига аризачи бола парвариши бўйича нафақа олиш истаги бўлган ойдан олдинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай берилади. Нафақа 12 ойга тайинланади, бироқ бола 2 ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон Қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом).
Елена ЕРМОХИНА, «Norma Profi» эксперти.