Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 46 / Хўжалик юритиш қоидалари

Энг кўп миқдордаги қоидабузарлик қандай ўлчанади?

Қонун ҳужжатларининг ҳеч бирида савдо қоидаларини бузиш ҳажми энг кўп миқдорни ташкил этиши учун улар қайси даврда ҳисобга олиниши қайд этилмаган. Одатда солиқ органлари банк кўчирмалари бўйича (масалан, фаолиятнинг 3 йили учун) таҳлил қиладилар ва киримнинг чиқимга мувофиқ эмаслиги аниқланганда материалларни Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаментига берадилар, уларга асосланиб департамент ЖКнинг 189-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатади.

Департамент ЖКнинг 189-«Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатиши учун қандай давр учун савдо қоидалари энг кўп миқдорда (ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан юқори) бузилган бўлиши керак: 1 йил учунми ёки бутун текширилаётган давр (масалан, 3 йил) учунми? Ёки ҳуқуқбузарлик бир марталик бўлиши керакми?

Я.Солиҳов,

бухгалтер.

 

– Товарлар савдоси қоидаларини энг кўп миқдорда бузиш бир пайтда (бир эпизодли жиноят) ёки узоқ вақт мобайнида ҳам содир этилиши мумкин. Иккинчи ҳолатда у умумий қасд билан қамраб олинган, ягона мақсадга йўналтирилган ва жамликда битта давомли (кўп эпизодли) жиноятни ҳосил қиладиган бир-бирига ўхшаш бир қатор қилмишлардан иборат бўлади.

Жиноят кодексининг товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш* учун жавобгарликни назарда тутувчи 189-моддаси ҳавола қилиш-бланкетли тусга эга. Қилмишни жиноят сифатида квалификациялаш учун савдо қоидаларини белгилайдиган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қўлланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 1-илова) XIX бўлимида савдо қоидаларини бузиш турлари (товарлар, маҳсулотларни чек (квитанция, счёт) бермасдан сотиш; пластик карточкалардан фойдаланилган тўловни қабул қилишдан бош тортиш; тўлов терминаллари ва НКМ билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига риоя этмаслик; товарларни сертификацияланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотиш ва ҳоказо) келтирилган.

Бошқа бир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат – Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган) билан ушбу борада қуйидаги талаблар белгиланган:

● товарлар фақат тузилган шартномалар асосида ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида улгуржи сотилиши мумкин (10-банд);

● чакана савдо билан шуғулланувчи юридик шахсларга товарларни улгуржи сотишда, товарлар кичик туркумлар билан турғун савдо шохобчалари орқали чакана савдо билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга сотилган тақдирда шартномага сотиб олувчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органининг турғун савдо шохобчаси мавжудлиги ва НКМ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси илова қилиниши керак (11-банд).

ЖКнинг 189-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби фақат савдо қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш мавжуд бўлгандагина қайд этилади. ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан ортиғи кўп миқдор деб эътироф этилади. Унинг бўлиши учун жуда кўп миқдорда қоида бузиш далилининг ўзи кифоя.

Сизнинг савдо қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш қоида қанча эпизодлардан ташкил топиши мумкинлиги тўғрисидаги саволингизга жавоб берарканмиз, ЖКнинг 32-моддаси қоидаларини кўриб чиқамиз, унда белгиланишича:

● ЖК Махсус қисмининг айнан бир моддасида, қисмида, ЖКда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, турли моддаларида назарда тутилган 2 ёки ундан ортиқ жиноятни шахс турли вақтларда содир этган, аммо уларнинг бирортаси учун ҳам судланган бўлмаса, такроран жиноят содир этиш деб топилади;

● умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилувчи бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлардан иборат бўлган (давомли) жиноят такроран содир этилган деб топилмайди;

● вазифаларини узоқ вақт мобайнида бажармасликдан иборат бўлиб, бир жиноятнинг узлуксиз таркибини ташкил қилган (узоққа чўзилган) жиноят такроран содир этилган деб топилмайди.

Ушбу нормалардан хулоса қилиш мумкинки, савдо қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш бир пайтда содир этилган, бир эпизоддан иборат ижтимоий хавфли қилмишдан (ҳаракат ёки ҳаракатсизликдан) иборат бўлиши мумкин. Масалан, улгуржи савдо корхонаси қайсидир бир кун бир харидорга товарларни жуда кўп суммада, айтайлик, 70 млн нақд сўмга сотди. Бундай ҳаракат бир эпизодли жиноят ҳисобланади.

Савдо қоидаларини жиноят учун жавобгарликка тортиладиган тарзда бузиш умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган ҳамда жамликда битта давомли – кўп эпизоддан иборат – жиноятни ҳосил этадиган бир қатор ўхшаш қилмишлардан ташкил топиши ҳам мумкин. Масалан, чакана савдо қоидаси бир неча кун, ҳафта, ой ва ундан кўп вақт мобайнида 70 млн сўмлик товарларни НКМни қўлламасдан сотган.

Агар 3 йил мобайнида биргина жисмоний шахс ёки бир хил шахслардан иборат бўлган гуруҳ турли вақтда, бироқ вақти-вақти билан умумий миқдори жуда кўп миқдорда бўлган, умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган савдо қоидаларини бузишни амалга оширган бўлсалар, улар жамликда битта давомли жиноят ҳосил қиладилар. Уни содир этишда барча эпизодларининг суммалари (миқдорлари) қўшилади.

*Бундан кейин қисқалик учун – савдо қоидаларини бузиш.

 

Камол МУЗАФФАРОВ, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 3343 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика