Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 46 / Хўжалик юритиш қоидалари

Якка тартибдаги тадбиркор ва мулкдор бўлган фуқаро

Якка тартибдаги тадбиркор ўзига мулк ҳуқуқида тегишли бўлган нотурар жойда (дўконда) савдо фаолиятини амалга оширади.

Мулкдор фуқаро ушбу жойда савдони амалга оширишга юридик асос олиш учун ўзи – якка тартибдаги тадбиркор билан жойни ижарага олиш шартномасини тузиши керакми?

Якка тартибдаги тадбиркор.

 

– Йўқ, керак эмас. Фуқаролик кодексининг (ФК) 24-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, фуқаро якка тартибдаги тадбиркор (бундан кейин – ЯТТ) сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. Уни амалга ошириш билан янги ҳуқуқ субъекти вужудга келмайди (у ўша жисмоний шахс бўлиб қолаверади). Рўйхатдан ўтказиш фуқаронинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқлаш учунгина амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган ёки ўтказилмаганлигидан қатъи назар, агар қонундан ёки миллий одатдан бошқача тартиб келиб чиқмаса, фуқаро ўз фамилияси ва номидан, шунингдек отасининг исми билан1 ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади ҳамда уларни амалга оширади (ФКнинг 19-моддаси), шунингдек ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли бутун мол-мулки билан жавоб беради, қонунга мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно (ФКнинг 25-моддаси).

Шуни билиш лозимки, жисмоний шахсни якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш унинг мол-мулки фуқаро сифатида ўзига тегишли бўлган ва тадбиркор сифатида унга тегишли бўлган мол-мулкларга бўлинишига олиб келмайди.

Шу тариқа, ЯТТнинг шахсий мақсадда фойдаланиладиган мол-мулки юридик жиҳатдан тадбиркорлик фаолиятида банд бўлган мол-мулкдан ажратилган эмас. Кўпинча, уни амалга ошира бориб, фуқаро жисмоний шахс сифатида ўзига тегишли бўлган мол-мулкдан фойдаланади. Бунда мол-мулк қачон ва қандай: у ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтказилгунча ёки ундан кейин, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадларга ва уни амалга ошириш мақсадида ёхуд бошқа даромадларга ва бошқа мақсадда харид қилинганлиги аҳамиятга эга эмас. Ҳатто фуқаро мол-мулкни аввал-бошдан тадбиркорлик фаолияти учун харид қилмаган бўлса ҳам, у исталган вақтда мол-мулкдан бизнесда ўз хоҳишига кўра фойдалана бошлашга ҳақли, аксинча бўлиши ҳам мумкин.

Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи у давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради (Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг2 3-банди, бундан кейин – Низом). Бино ёки унинг бир қисмини унга доир тегишли ҳуқуқларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс харид қилган тақдирда Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномада (Низомга ­6-илова) ҳар доим айни унинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, паспорти тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Мазкур шахсда якка тадбиркор мақомининг мавжудлиги тўғрисидаги ахборот ушбу ҳужжатда бўлмайди.

Маълумки, шартномалар – икки тарафлама ёки кўп тарафлама битимлар (ФКнинг 102-моддаси биринчи қисми) – ҳуқуқ ва мажбуриятлар (ФКнинг 101-моддаси), мажбуриятлар (ФКнинг 234-моддаси) вужудга келишига йўналган ҳаракатлардир. Мажбуриятнинг тарафлари – кредитор ёки қарздор сифатида бир ёки бир пайтнинг ўзида бир неча шахс иштирок этиши мумкин (ФКнинг 235-моддаси учинчи қисми). Қарздор билан кредитор бир шахс бўлиб қолганида исталган ҳолда мажбурият бекор бўлиши боис (ФКнинг 346-моддаси), фуқаро ўзи билан ўзи шартнома туза олмайди.

Шу тариқа, фуқаро ўзига тегишли мол-мулк билан ижара шартномасини ЯТТ сифатида ўзи билан ўзи тузиши керак эмас. Нотурар жойдан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланишининг қонунийлигини тасдиқлаш учун у мазкур кўчмас мулкка доир ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни тақдим этиши кифоя.

 

1«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги ­69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда) 6-моддаси бешинчи қисми биринчи жумласига мувофиқ ЯТТ ўз номидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади, ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади ҳамда амалга оширади, унинг номи фамилия ва исми ҳамда отасининг исмини ўз ичига олади.

2ВМнинг 7.01.2014 йилдаги 1-сон Қарорига 1-илова.

  

Камол МУЗАФФАРОВ, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2155 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика