Norma.uz

Ходиманинг ҳуқуқларини бузманг

Мен 2,5 йилдан бери хорижий ваколатхонада ишлайман. Яқинда фирма ходими билан турмуш қурдим. Ваколатхона бошлиғи тўй бўлишини эшитиб, иккимиздан биримизни ишдан бўшатишини айтди. Агар қариндошлар турли бўлимларда ишлашса, корпоратив этикага кўра уларнинг компанияда ишлашлари хусусида бирор-бир чеклов мавжуд эмас. Кейинроқ у турмуш ўртоғим ва мени ҳамда яна 3 ходимни қисқартиришга қарор қилди. Мен бундан салгина аввал ҳомиладор бўлган эдим. Буни эшитган бошлиғим мени ишдан бўшатиш усулини ахтара бошлади. Мени ишдан бўшатиш мақсадида у кадрлар бўлими ходими орқали ўзим ишдан бўшашим лозимлиги, акс ҳолда менга доимий қатнов билан боғлиқ бўлган дўконларни текширишни топширишини айтди. Ҳозирги ҳолатимда бола тушиши хавфи борлиги боис бундай қилолмайман. Қандай қилиб ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилишим мумкин? Бошлиқ ҳеч қандай важсиз лавозим вазифаларимни ўзгартира оладими?

Асала.

 

– Аввало ишдан бўшашга мажбур этиб бўлмаслигини билиб қўйинг. Бошқа доимий ишга ўтказишга ҳам (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) – бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин (Меҳнат кодексининг 92-моддаси).

Амалиётда иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳаракат қилиб, уни ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбур этадиган (МКнинг 99-моддаси), акс ҳолда уни бошқа асосга кўра ишдан бўшатишини пўписа қиладиган ҳоллар учрайди. Бироқ ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисидаги қарор эркин хоҳиш билдирган ҳолда қилинадиган ҳаракат бўлиши ва меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатан ҳам бекор қилиш хоҳишини ифода этиши керак. Акс ҳолда ходим прокуратура ёки меҳнат ҳуқуқ инспекциясига шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли (сизнинг ҳолатингизда шикоятга ҳомиладорлик тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши керак). Мазкур органлар даъвогарнинг иш берувчи уни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга мажбур этганлиги тўғрисидаги далилларини синчиклаб текширадилар.

Раҳбарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин. Ҳомиладорлиги туфайли аёлни ишдан бўшатиш учун эса унга ҳатто Жиноят кодексининг 148-моддаси бўйича ЭКИҲнинг 25 бараваригача миқдорда жарима солиниши ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Судлар бундай ишларда одатда ходимнинг тарафини оладилар. Иш берувчи эса ҳеч қандай босим ўтказмаганлигини исботлаши керак.

Агар суд ходимнинг важларини исботланган деб топса ва уни ишда тиклаш тўғрисида қарор чиқарса, иш берувчи уни аввалги ишига тиклаши, ходимга мажбурий прогул вақти ва маънавий зарар учун компенсация тўлаши шарт (МКнинг 111, 112-моддалари).

Мурожаатда баён этилган вазиятни таҳлил қилиб, шундай хулоса чиқариш мумкинки, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини эътиборга олмасликлари ва осон фойда олишга уринишлари туфайли ноҳалол иш берувчилар ўзлари учун ғоятда жиддий салбий оқибатларни юзага келтиришлари мумкин.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1696 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика