Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 46 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ ИЛМИЙ-ТАЪЛИМ МАРКАЗИ ВАЗИФАЛАРИ

Вазирлар Маҳкамасининг 27.10.2015 йилдаги 305-сон Қарори билан Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг фаолиятини ташкиллаштириш юзасидан қатор ҳужжатлар тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази тугатилган Олий бизнес мактаби негизида барпо этилди. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тугатилган Олий бизнес мактаби ҳамда Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Республика бизнес мактабининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан улар томонидан тузилган шартномалар ва битимлар бўйича уларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Қарор билан Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг устави тасдиқланди, у Марказнинг мақсади, вазифалари, уни ташкил этиш тартиби ва фаолияти йўналишларини белгилайди. Марказнинг асосий мақсади – хўжалик бошқаруви органлари, акциядорлик жамиятлари ва бошқа хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил этиш, шунингдек бизнесни бошқариш ва корпоратив бошқарув соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб боришдир.

Ҳужжатда белгиланишича, Марказ фаолиятини молиялаштириш муассиснинг маблағлари, магистратура талабаларини ва ўқув курслари тингловчиларини ўқитганлик учун тўлов, республика ташкилотлари ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Бундан ташқари, Марказга пулли асосда консалтинг хизматлари кўрсатишга, шу жумладан илғор хорижий ва миллий тажрибани умумлаштириш асосида тегишли тавсиялар берган ҳолда ташкилотларда семинарлар, тренинглар ва форумлар, корпоратив бошқарув ва менежмент тизимлари диагностикасини ташкил этишга, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида қўлланмаларни ва ички корпоратив ҳужжатларни ишлаб чиқишга рухсат берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 305-сон Қарори билан тасдиқланган Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда «Бизнесни бошқариш» мутахассислиги бўйича («Master of Business Administration — MBA») магистрлар қабул қилишнинг ҳар йилги квотаси тўлов-контракт асосида 40 киши этиб белгиланган. Марказ мазкур мутахассисликка магистратуранинг икки йиллик таълим дастури бўйича тўлов-контракт асосида, ўқишни тугатгандан кейин давлат намунасидаги тегишли ҳужжатлар берган ҳолда ўқитади.

Марказ магистратурасига 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари, олий маълумотли ва олий таълим муассасасини тугатгандан кейин камида 3 йил иш стажига эга бўлган хўжалик бошқаруви органлари ва тадбиркорлик бошқа субъектларининг раҳбар ходимлари ҳамда мутахассислари тест синовлари орқали очиқ танлов асосида қабул қилинади. Ўқиш даврида магистратура тингловчиларининг эгаллаб турган иш жойи ва иш ҳақи сақланади.

Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг профессор-ўқитувчилар таркибини танлаб олиш тартиби тўғрисида низомда таъкидланишича, ўқитувчилар таркибини танлаб олиш танлов асосида, 1 йил муддатга шартнома тузган ҳолда, унинг муддатини ҳар йили узайтириш ҳуқуқи билан амалга оширилади. Танлов етакчи хорижий ҳамда мамлакатимиз илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, халқаро молия-иқтисодиёт ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар мутахассислари орасидан амалга оширилиши мумкин.

 

СУВ ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2015 йилдаги 306-сон Қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида сув таъминоти ва канализациянинг ишлаётган ташкилотлари негизида шаҳарлар ва туманларда филиаллари бўлган ягона «Сувоқова» давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда – «Сувоқова» ДУК) ташкил этилади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

«Сувоқова» давлат унитар корхоналарининг, шунингдек уларнинг шаҳар ва туман филиалларининг намунавий тузилмаси;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизациялашнинг устувор вазифаларини амалга оширишни таъминлашга, тадбиркорлик субъектларини «фойдаланишга тайёр» шартларида муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш тизимини такомиллаштиришга доир комплекс тадбирлар.

Шундай тартиб белгиландики, унга мувофиқ техник шартларни олишдан бошлаб ўрнатиш ва сув таъминоти ва канализация тармоқларига «фойдаланишга тайёр» шартларида улашгача бўлган барча тартиботлар «Сувоқова» ДУК, шунингдек унинг шаҳар ва туман филиаллари томонидан амалга оширилади. Тадбиркорлик субъектларини сув таъминоти ва канализация тармоқларига «фойдаланишга тайёр» шартларида улашга доир барча ишлар шартнома асосида амалга оширилади. Бу ишларни амалга оширишда субпудрат асосида лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини амалга оширишга ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этишга рухсат берилади.

Шунингдек Тадбиркорлик субъектларини сув таъминоти ва канализация тармоқларига «фойдаланишга тайёр» шартларида улаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, ушбу Низом 2016 йил 1 январдан кучга киради.

Низомга мувофиқ улаш бўйича ишлар «Сувоқова» ДУК ва уларнинг шаҳар ва туман филиаллари орқали тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Улаш бўйича ишларнинг қиймати шартнома асосида аниқланади ҳамда ташқи сув таъминоти ва канализациянинг белгиланган тартибда экспертизадан ўтган лойиҳасига мувофиқ аниқлаштирилади.

Қарорда шунингдек «Сувоқова» ДУК ва уларнинг шаҳар ва туман филиаллари раҳбарлари таркибини аттестациядан ўтказиш ва бутлаш бўйича комиссия ташкил этилиши назарда тутилган. «Ўзкоммунхизмат» агентлиги унинг ишчи органи этиб белгиланди.

Комиссияга «Сувоқова» ДУК ва уларнинг шаҳар ва туман филиаллари раҳбарлари таркибини аттестациядан ўтказиш, кадрлар малакасини узлуксиз ошириш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, тегишли маълумотга ва малакага эга бўлган мутахассислар билан бутланганлигини ҳар ойда кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, зарур малакага эга бўлмаган шахсларни ишга қабул қилган раҳбарларга нисбатан чоралар кўриш вазифалари топширилди. Шунингдек «Сувоқова» ДУК мутахассисларининг малакаси ихтисосли олий таълим муассасалари негизида тизимли оширилишини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Белгиланишича, 2016/2017 ўқув йилидан касб-ҳунар коллежларида сув таъминоти ва канализация мутахассисларини тайёрлашни ташкил этилади.

 

ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРГА ҲИСОБГА ОЛИШ ПРИБОРЛАРИНИ ЎРНАТИШ УЧУН 2 ЙИЛ МУДДАТ БЕРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2.11.2015 йилдаги 309-сон Қарорига мувофиқ 2018 йил 1 январдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими билан мос бўлган замонавий электрон ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозланмаган хўжалик юритувчи субъектларга – юридик шахсларга электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш тақиқланади.

«Ўзстандарт» агентлиги томонидан электр энергияси ва табиий газ истеъмолчиларида ўрнатиладиган электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими билан мос бўлган замонавий электрон ҳисобга олиш приборларига қўйиладиган ягона техник талаблар 2017 йил 1 январгача бўлган муддатда белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим. Ушбу приборлар хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағлари ҳисобига ўрнатилади.

 

АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДАН УНДИРИЛАДИГАН ЙИҒИМЛАР СТАВКАЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ

Учинчи мамлакатлардан юкларни Ўзбекистон Республикасига ташишда ва Ўзбекистон ҳудудидан юкларни олиб чиқишда Туркманистон автотранспорт воситаларидан йўл йиғимлари ставкаларини тенглик асосида қўллаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 6.11.2015 йилдаги 318-сон Қарори билан Туркманистоннинг автотранспорт воситаларидан ундириладиган йиғимлар ставкаларига (ВМнинг 28.09.1999 йилдаги 447-сон Қарори билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди.

Ставкаларга изоҳ қўшилди, унга мувофиқ учинчи мамлакатлардан юкларни Ўзбекистонга ташишда ва республика ҳудудидан юкларни олиб чиқишда Туркманистон юк автотранспорт воситаларидан 175,0 АҚШ доллари миқдорида қўшимча йиғим ундирилади.

 

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР ЭГАЛАРИ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР ОЧИҚ-ОШКОРА БЎЛАДИ

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Бош директорининг буйруғи (АВ томонидан 27.10.2015 йилда 2383-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан буён қимматли қоғозлар бозорида эмитентга ёки қимматли қоғозларга тааллуқли ахборотни ошкор қилмасдан қимматли қоғозлар эмиссиясини амалга ошириш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш тақиқланади.

Эмитентнинг йиллик ҳисоботидан аффилланган шахслар рўйхати, шунингдек улар билан битимлар тўғрисидаги ахборот чиқариб ташланди. Шуни эслатиб ўтамизки, мазкур ҳисоботни акциядорларнинг ёки эмитентнинг бошқа олий бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказилганидан кейин 2 ҳафта ичида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши шарт.

Ҳужжат билан бошқа қатор ўзгартиришлар ҳам киритилган.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 2.11.2015 йилдаги 43 (699)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» эксперти Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2421 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика