Norma.uz

Имзоладингизми – сўзингизда туринг!

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Икки МЧЖ – пудратчи ва буюртмачи 2015 йил май ойида 7 млн сўмга реклама видеоролигини тайёрлашга шартнома тузишди. Буюртмачи шартнома имзоланган кундан бошлаб 7 иш куни мобайнида пудратчига бутун суммани тўлаш ва унга видеоролик тайёрлаш топшириғини бериш мажбуриятини олди. Пудратчи олдиндан ҳақ тўлагандан кейин 30 иш куни мобайнида ишни бажариш мажбуриятини қабул қилди.

Белгиланган муддатларда буюртмачи ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарди. 30 кундан кейин 2015 йил июнда пудратчи уни реклама видеоролигини беришга тайёрлиги хусусида хабардор қилди. Шартнома шартларига кўра қабул қилиш-топшириш 3 кун ичида амалга оширилиши керак эди. Буюртмачи уни қабул қилиш пайтида сифатни текшириши керак эди, унга доир даъво-аризаларни эса буюртмани қабул қилиш-топшириш амалга оширилгандан кейин 3 иш куни мобайнида тақдим этиши мумкин эди. Ушбу муддат тугагандан кейин шартнома бўйича мажбуриятлар тўлалигича бажарилган ҳисобланарди.

Текширув чоғида материални овозлаштириш ва тасвирлашда озгина камчиликлар аниқланди. Буюртмачи уларни ўзи бартараф этишини айтди ва тарафлар бажарилган ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини эътирозларсиз имзоладилар.

Бироқ 7 кун ўтгач буюртмачи хат юбориб, унда илгари аниқланган, иштирокчи МЧЖга эътироз билдирган камчиликларни кўрсатди ва уларни 5 кун ичида бартараф этишни сўради. Пудратчи шартнома қоидалари ва Фуқаролик кодекси талабларини қайд этиб, рад жавоби берди.

Бунга кўнмаган буюртмачи июлда хўжалик судига шартномани бекор қилиш ва унга доир тўланган 7 млн сўмни қайтариш, шунингдек 1 302 400 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини тўлаш даъвоси билан мурожаат қилди. 

 

ДАЪВОГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– МЧЖ ўзининг мажбуриятларини тўлиқ бажарди ва олдиндан ҳақни тўлиқ ҳажмда белгиланган муддатларда ўтказди. Пудратчи эса иш сифати бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортди. Июлда биз унга хат ёзиб, видеороликка кичик тузатишлар киритишни сўрадик. Гап шундаки, биз ўз даъво-эътирозларимизни шартномада назарда тутилган 3 иш куни мобайнида баён эта олмасдик, чунки бизнинг МЧЖ иштирокчиси Ўзбекистонда эмас эди. Даъвони қондиришни сўраймиз.

 

 

ЖАВОБГАРНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– Ишни қабул қилаётганда очиқдан-очиқ камчиликлар борлиги аниқланди, уларни бартараф этишга тайёр эдик. Бироқ буюртмачи шошилинч бўлгани боис уларни ўзи бартараф этишини айтди ва тайёр видеороликни қабул қилиш-топшириш далолатномасини эътирозларсиз имзолади. Шартномада мазкур муддат тугаганидан кейин ушбу шартнома доирасидаги мажбуриятлар тўлалигича бажарилган деб ҳисобланиши кўрсатилганлиги боис, даъвони рад этишни сўраймиз.

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, буюртмачининг шартномани бекор қилиш ва тўланган 7 млн сўмни қайтариш, шунингдек 1 302 400 сўм давлат божи ҳамда 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилишга сабаб бўлган далилларнинг тасдиғини топмади.

Фуқаролик кодексининг 382 ва 646-моддаларига асосланиб, суд даъвогарнинг талабларини қондиришни рад этди. Апелляция ва кассация инстанциялари судлари ушбу қарорни ўзгаришсиз қолдирдилар.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

ФКнинг 382-моддасига кўра, агар ФКда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

1) иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;

2) ФК, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.

Буюртмачининг ўзи тузатишга рози бўлган ва бажарилган ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатилмаган, видеороликнинг очиқдан-очиқ кўзга ташланадиган камчиликларини жавобгарнинг бартараф этишдан бош тортиши, шунингдек уларни тақдим этиш муддати ўтганидан кейин даъво-эътироз билдириши шартномани бузиш ҳисобланмайди. Даъвогарнинг буюртмачи иштирокчисининг йўқлиги ва уларга ўз эътирозларини ўз вақтида тақдим этиш имкониятининг йўқлиги хусусидаги важлари очиқдан-очиқ кўзга ташланадиган камчиликларни тузатиш учун асос ҳисобланмайди.

ФКнинг 646-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларига кўра, ишни қабул қилиш вақтида унинг камчиликларини аниқлаган буюртмачи бу камчиликлар ёхуд уларни тузатиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйиш мумкинлиги далолатнома ёки қабул қилишни тасдиқловчи бошқа ҳужжатда кўрсатилган ҳоллардагина уларни важ қилиб келтиришга ҳақли. Буюртмачи ишни текширмасдан қабул қилган бўлса, уни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлган камчиликлар (очиқ кўриниб турган камчиликлар)ни далил қилиб келтириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Шу тариқа, ишни текширишсиз қабул қилиб, буюртмачи бажарилган ишдаги очиқ кўриниб турган камчиликларни кўрсатиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Шу боис суд даъво талабларини қондиришдан ҳақли равишда бош тортган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, агар қабул қилиш-топшириш далолатномасига аниқланган очиқдан-очиқ камчиликлар киритилган ва буюртмачи уларни бартараф этишни талаб қилганда, у давлат божи ва почта харажатлари тарзидаги қўшимча харажатлардан халос бўлар эди. Бундан ташқари, иштирокчининг йўқлиги боис икки томоннинг келишувига кўра шартномага қўшимча келишувни тузиб, бажарилган ишларни қабул қилиш муддатларини узайтириш мумкин эди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1607 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика