Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 45 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Мастлик оқибатида келиб чиққан ёнғин

Кеч кузнинг оқшомларидан бирида давлат хўжалигига қарашли «Қишлоқ хўжалик техникаси»нинг иситиладиган гаражида чиққан ёнғинни тезлик билан ўчиришнинг имкони бўлмаган, ёнғин гараж биносини батамом ўз домига олиб, йўқ қилди, ундаги 27 та автомобилни, 4 та тракторни яроқсиз ҳолга келтирди, техникани таъмирлаш ва унга хизмат кўрсатишга мўлжалланган, тегишли ускуналар билан жиҳозланган техник хизмат кўрсатиш пункти биноси ҳам яксон бўлди. Амалда хўжаликнинг бутун автопарки ишдан чиқди. Ёнғин оқибатидаги моддий зарар 130 минг сўмдан зиёдроқни ташкил этди – бу ўша вақтларда жуда катта пул эди.

Терговчи А.Комкин ёнғин ҳақидаги ишни олгач, кўздан кечиришни воқеа содир бўлган жойдан бошлади. Туман милиция бўлими терговчиси тергов ишларини бошлаган бўлиб, у воқеа содир бўлган жойни кўздан кечиришни номигагина, уқувсизлик билан ўтказган, бу ишга мутахассисларни жалб этмаган эди. Куйиб кўмирга айланаёзган мурда топилгач, ёнғин ҳақидаги материаллар жамланган иш (йиғмажилд) туман прокуратурасига ўтказилган эди. Прокуратурада жиноят иши қўзғатилди ва А.Комкин бошчилигида тергов гуруҳи тузилди.

Гуруҳ аъзолари мавжуд материаллар билан танишиб чиқиб, тергов режасини тузиб, ёнғин келиб чиқиши сабаблари хусусида қуйидаги асосий тусмолларни илгари суришди:

а) чилангар С. ўлими изларини яшириш учун гараж қасддан ёқиб юборилган;

б) чилангар С. ёки бошқа шахслар олов билан муомалада бўлишда эҳтиётсизлик қилишган;

в) ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳамда ёритиш, иситиш тизимларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш қоидалари хўжаликнинг мансабдор шахслари ва гараж ходимлари томонидан бузилган;

г) латта-путта, эски-туски нарсалар ва ёқилғи-мойлаш материаллари ўз-ўзидан ёниб кетган.

 

Даставвал ёнғин ўчоғини, унинг келиб чиқиш сабабларини, шунингдек чилангар С. ўлими сабабини аниқлаш керак эди. Воқеа содир бўлган жойни такроран, синчковлик билан кўздан кечириш, ёнғин қолдиқларини текшириш учун терговчи «Коммунэнерго» бошқармасидан, баъзи саноат корхоналаридан, давлат техник назорат идораси ва ёнғин инспекциясидан мутахассисларни жалб этди. Милиция ходимларига эса, ёнғин пайтида, шунингдек бу офатдан олдин ва ундан кейин воқеа содир бўлган жойда ва унинг яқин атрофида бўлган барча одамларни аниқлаш топширилди. Бу кишиларнинг барчаси сўроқ қилиниб, нималарни кўришганлиги, ёнғин қаерда ва қандай куч билан чиққанлиги, ҳид-пид сезишган-сезишмаганлиги, хуллас ёнғиннинг бошқа ҳолатлари суриштирилди.

Гараж биноси ҳайҳотдек катта эди. Шу сабабли, ёнғин бўлган жой қисмларга ажратилган ҳолда кўриб чиқилди. Ҳар бир участка кўздан кечирилганда, асосий ва тўсма деворларнинг ҳолати, улар қандай материаллардан бунёд этилгани, ўт балосининг таъсир даражаси бу ерда қандай бўлганлиги ҳамда у ёки бу объектларда ёнғин қанақа из қолдирганлиги қайд этиб борилди. Куйиб жизғанак бўлиб кетган автомобиллар кўздан кечирилганида, уларнинг ёқилғи баки ва ўт олдириш қурилмаси ҳолати алоҳида қайд қилиб борилди.

Ана шу жараён фото– ва киноплёнкага туширилди.

Кўздан кечириш асносида терговчи мутахассислар ёрдамида керакли ашёвий далилларни олди. Ҳар бир топилган ва далил сифатида қўлга киритилган деталь, ускунанинг қисми рақамланди. Аввалига таянч устунлардан гараж биносига тортиб келинган осма симлар ҳам йиғиштириб олинди. Сўнгра бинодаги ускуналарнинг деталлари ва қисмлари босқичма-босқич кўздан кечирилиб, ҳолати (эриб кетганлиги, ёрилганлиги, тоб ташлаб қийшайиб қолганлиги ва ҳ.к.) муфассал баён этилган ҳолда улар ашёвий далилларга қўшилди. Гараж электр билан ишлайдиган қозонхона ёрдамида иситилганлиги боис, электр ускуналарга алоҳида эътибор берилди.

Умуман олганда, тинка қуритадиган иш бошланди. Ёнғин текширувига жалб этилган кишиларгина бу ҳолатда ишлаш нақадар мураккаблигини, муҳим ашёвий далилларни қидириб топиш мушкуллигини тушунишлари мумкин. Кўздан кечириш тўғри ташкил этилса ва синчковлик бўшаштирилмаса, ёнғин чиққан жойни ва ўт тушиш сабабларини аниқлаш учун керакли далилларни топиш мумкин.

Сўз юритилаётган воқеада ҳам бу ишга жалб этилган мутахассислар ўт чиқишига ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги сабаб бўлганлиги хусусидаги тусмолни тасдиқловчи далилларни тўплашга муваффақ бўлдилар.

Чилангар С. га нисбатан қотиллик содир этилганлиги ҳақидаги тусмол текширув мобайнида ўз тасдиғини топмади. С.нинг уст-боши ва оёқ-кийимининг сақланиб қолган қисмларини криминалистик экспертиза қилиш уларда ёқилғи-мойлаш материалларининг излари ва белгилари йўқ эканлигини аниқлаб берди. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига қараганда, унда куйганлик аломатларидан бўлак ҳеч қанақа тан жароҳатлари топилмади. Ёнғин алангаси домига тортган пайтда у тирик, аммо маст ҳолатда бўлган (унинг қонида алкоголли ичимлик ва ис газининг катта миқдори топилди). Шу сабабли тергов С. маст ҳолатда ухлаб қолган, ис гази уни элитган-у, ёнғин ҳалокат домига тортган деган хулосага келган.

Тергов асносида терговчи кўплаб ҳужжатларни, хусусан гараж қурилиши лойиҳалари ва техник ҳужжатларини, унда ўрнатилган ускуналарга доир ҳужжатларни, ёнғин хавфсизлиги давлат назорат идорасининг, қозонхона назорати, электр энергияси таъминоти идораларининг кўрсатмаларини бирма-бир ўрганиб чиқди ва ашёвий далиллар қаторига қўшди.

Тўпланган барча материаллар ёнғин келиб чиқиш сабаблари хусусида бир қанча тусмолларни илгари суриш имконини берди. Маълум бўлишича, ўтган йили хўжалик маъмурияти электр назорати хизмати рухсатисиз ва уни хабардор этмай, электр қозонларини анчагина кучлироқларига алмаштирган. Бироқ бунда эски кучланишли тармоқ текшириб кўрилмаган, ҳолбуки бу тармоқ техник талабларга мувофиқ келмасди. Қозонхоналарни ишлатишда электр қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларига хилоф тарзда қозонхона ишини мутахассислар эмас, балки қоровул юритган. Ёнғин бўлган куни ҳам қозонхоналарга ғирт маст, бунинг устига кўзи хирароқ қоровул Ж. қараган.

Аниқланишича, электр ёрдамида ишлайдиган қозонхоналар ишга солинганда, кучланиш сақлагичи тез-тез куйиб турар экан. Шу сабабли, қўлбола, эритма сақлагичлардан фойдаланиб келишган. Ёнғин жойидан таҳлил учун олинган, қозонхонага тегишли электр ускуналар деталлари ва кучланишли сим бўлаклари ёнғин-техник экспертизадан ўтказилганда астеризм (кучланишнинг ортиб кетиши) ҳодисасини аниқлаб берди. Электр ускуналарнинг барча деталларини текшириб чиқиш асносида экспертлар ёнғин қисқа туташув ва шунинг оқибатида келиб чиққан симларнинг уст ўрама-қопламалари ёниб кетганлиги сабабли содир бўлган деган хулосага келдилар. Шундан кейин олов латта-путталарга, ёғоч конструкцияларга ўтиб кетган.

Ёнғиннинг яна бир сабаби ҳам аниқланди. Техник хизмат кўрсатиш пунктида бензин, солярка, мой, ишқаланма материаллар борлигига қарамай, ҳавода катта миқдорда бензин буғлари тўпланиб қолса-да, қозонхоналар муҳофаза тўсиқларисиз, очиқ ҳолатда ишлатилган.

Ҳужжатларни таҳлил этиш ва гувоҳларни сўроқ қилиш мазкур хўжаликда ёнғин-техник инспекцияси ва электр энергияси таъминоти инспекциясининг кўрсатмалари кўп вақтдан буён бажарилмаган ёки уларга беписанд қаралган. Директор Л. ва бошқа мансабдор шахслар бир неча марта огоҳлантирилган ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилган. Кейинги йилларда эса, хўжалик ҳудудида сув тўлдирилган махсус сув ҳавзалари ҳам, сув олиш мумкин бўлган колонкалар ҳам кўздан йўқотилган. Шунинг оқибатида ёнғинни ўчириш учун етиб келган махсус машиналар сувни аланга остида қолган гараждан 1,5 км наридан олиб келишга мажбур бўлганлар. Хўжаликка тегишли яп-янги ўт ўчириш машинаси эса ўша гаражнинг ўзида назоратсиз ва қаровсиз ётган, оқибат натижада бошқа автомобиллар билан бирга куйиб йўқ бўлган.

 

Умуман олганда, тергов ёнғиннинг бундай қараганда жўн, аммо энг кенг тарқалган ва шунинг оқибатида бартараф этиб бўлмайдиган сабабларини аниқлади. Бу офат катта моддий зарар етказганлигидан ташқари, одам ўлимига сабаб бўлди. Моҳиятан бу ҳодиса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши объектларининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ҳамда электр билан ишлайдиган қозонхоналардан ва электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини қўпол тарзда бузиш эди.

Туман халқ судининг ҳукми билан хўжаликнинг электрчи-муҳандиси М. айбдор деб топилди ва бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Бошқа айбдор шахслар амнистия таъсир доирасига тушдилар. Бироқ прокурорнинг даъво аризасига кўра, улардан хўжаликка етказилган моддий зарарнинг бир қисми фуқаролик тартибида ундириб олинди.

 

Ольга МАРШАНСКАЯ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд-экспертиза марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 2275 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика