Мен ишлайдиган муассаса ёнидаги пиёдалар ўтиш жойи тартибга солинмаган. Йўлдан ўтадиган машиналар оқими анча тиғиз, йўлдан ўтишни узоқ кутишга тўғри келади. Бундай ўтиш жойларида ҳаракатланиш иштирокчиларининг ҳаракат қилиш қоидалари мавжудми?
С.Корнев.
Тошкент шаҳри.
– Йўл ҳаракати қоидаларида автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида қатнов қисмидан ўтаётган пиёдаларга йўл бериши шартлиги хусусида талаблар мавжуд. Бироқ пиёдалар ҳаракат тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, яқинлашиб келаётган транспорт воситасигача бўлган масофани ва унинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг йўлнинг қатнов қисмига чиқишлари мумкин (Қоидаларнинг 5.5, 16.1-бандлари).
Агар пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтатса, қўшни бўлакларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёдалар йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин (Қоидаларнинг 16.2-банди).
Алла РОМАШКО, мухбиримиз.