Norma.uz

Пистирмадаги инспектор

Машина ортида беркиниб турган автоинспектор йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёда йўловчини ўтказиб юбормаганим учун мени тўхтатди ва жарима тўлашимни талаб қилди. Мазкур ҳолда у ҳақлими? ДЙҲХХ ходимлари беркиниш ҳуқуқига эгами?

Валижон Т.,

юк автомобили ҳайдовчиси.

Жиззах вилояти.

 

– Албатта, агар транспорт воситаси ҳайдовчиси Йўл ҳаракати қоидаларини (ВМнинг 11.12.2000 йилдаги 472-сон Қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – Қоидалар) бузмаган бўлса, унга йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёда йўловчини ўтказиб юбормагани учун жарима солиш тўғри эмас. Бироқ ҳар бир ҳолат ўзига хос бўлиб, алоҳида кўриб чиқишни талаб қилади. Масалан, агар пиёда йўловчининг кўзи ожиз бўлса. Йўл ҳаракати қоидаларининг 16.5-бандига мувофиқ, барча ҳолларда, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида ҳам ҳайдовчи оқ ҳасса билан ишора бераётган кўзи ожиз пиёдаларни ўтказиб юбориши керак.

Айни вақтда пиёда ҳам «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун (19.08.1999 йилдаги 818-I-сон, 10.04.2013 йилдаги ЎРҚ-348-сон Қонун таҳририда) ва Йўл ҳаракати қоидаларини билиши ва уларга риоя этиши шарт. Йўл ҳаракати иштирокчиси сифатида у светофор сигналлари, йўл белгилари, йўл разметкаларига мувофиқ ҳаракатланиши, йўл ҳаракатини тартибга солувчи шахсларнинг талабларига қатъиян риоя этиши керак.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги белгиланган. МЖТКнинг 138-моддасига мувофиқ, пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши ЭКИҲнинг 1/3 қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаларининг ҳайдовчилари эса тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида қатнов қисмидан ўтаётган пиёдаларга йўл беришлари шарт (Қоидаларнинг 16.1-банди). Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёдаларга қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашга имкон беришлари керак (Қоидаларнинг 16.3-банди).

Бундан ташқари, чапга ёки ўнгга бурилаётган ҳайдовчи кесишаётган йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёдаларга йўл бериши керак (Қоидаларнинг 15.1-банди). Агар йўловчиларни тушириш ёки чиқариш қатнов қисмида ёки унда жойлашган майдончада амалга оширилаётган бўлса, ҳайдовчи бекатда тўхтаган белгиланган йўналишдаги транспорт воситаси эшиклари томон бораётган ёки ундан келаётган пиёдаларга йўл бериши керак (Қоидаларнинг 16.6-банди).

Энди пистирмадаги инспекторга келсак. Ички ишлар вазирининг 5.01.2011 йилдаги 3-сон буйруғи 11.2-бандига кўра, ЙПХ ходими транспорт воситасидан очиқ (одатдаги), яширин ва аралаш тарзда фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлиги устидан назоратни амалга оширади. Қисқаси, йўлда ҳушёр бўлинг, Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг, ана шунда ҳеч қандай «пистирма» сизга хатарли бўлмайди.

 

 

Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.

Прочитано: 2951 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика