Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 45 / Қонун чиқарувчилар нималар устида ишлашмоқда

Биржа фаолияти: акциядорликка оид қонунчиликдаги ўзгартиришлар

27 октябрда парламент қуйи палатасининг умумий мажлиси бўлиб ўтди. Унда қабул қилинган 8 та қонун лойиҳасининг 3 таси иқтисодий мазмунга эга эди. Сўз қуйидаги қонунларга киритиладиган тузатишларнинг учта блоги тўғрисида боряпти:

1) «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга1 (иккинчи ўқиш);

2) айрим қонун ҳужжатларига – акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш муносабати билан (иккинчи ўқиш);

3) айрим қонун ҳужжатларига – «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонунга2 ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан (биринчи ўқиш).

Ўзгартиришларнинг моҳияти нималардан иборат? 

 

Биржа фаолияти бўйича қуйидаги тузатишларни энг муҳим деб ҳисоблаш мумкин:

● Қимматли қоғозлар бўйича қонун ҳужжатларида «листинг» тушунчаси «биржанинг котировкалаш варағи» тушунчаси билан алмаштирилади. Ўзгартириш янги таҳрирдаги «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ киритилмоқда, унга кўра биржанинг котировкалаш варағи «дастлабки кўздан кечиришни талаб этмайдиган, сифат кўрсаткичлари ўзгармаслиги ва биржа битимлари мунтазам равишда тузилиши билан тавсифланадиган, биржа савдоларига қўйилган муайян турдаги товарлар рўйхатидир»3.

● «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги4 қонунларга маъносига кўра фонд биржасининг биржанинг котировкалаш варағига киритилган қимматли қоғозларнинг биржа котировкалари ушбу қоғозларнинг бозор қиймати деб эътироф этиладиган тузатиш киритилмоқда.

● Валюта биржасини лицензиялаш билан боғлиқ масалалар Вазирлар Маҳкамасининг ваколат доирасидан чиқарилиб, тўлалигича Марказий банкка берилмоқда.

● Валюта биржаси Марказий банкка капиталларида иштирок этишга рухсат берилган юридик шахслар жумласига киради.

 

Акциядорлик қонун ҳужжатлари ва корпоратив бошқариш бўйича (Президентнинг 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон ва 24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон фармонлари3 тузатишлар манбаи бўлди) –

● Корпоратив бошқарув ижрочи органи бундан кейин ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилиши олдида АЖни ривожлантиришнинг ўртача ва узоқ муддатли стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳисобот бериш мажбуриятини олади.

● Ўз вақтида тўланмаган дивидендлар учун пенянинг энг кўп миқдори дивидендлар сумасининг 50%и билан чекланади.

● Судга АЖ ижрочи органининг нотўғри ҳаракатлари бобида мурожаат қилганда акциядорлар суд чиқимларини тўлашни кечиктириш имконига эга бўладилар, чиқим кейинроқ айбдор тарафдан ундирилади.

● Бошқарув ходимлари сифатида жалб этиладиган чет эллик мутахассисларнинг даромадлари барча солиқларни, шу жумладан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод этилади.

 

 

«АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАЁТИБ, БАЪЗАН УЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИГА ЗАРАР КЕЛТИРАМИЗ»

 

Михаил ХАМИДУЛИН,

иқтисод фанлари доктори, Г.В.Плеханов номидаги РИУ филиали «Молия ва кредит» кафедраси мудири в.б.:

– Бугунги кунда акциядорлик қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларнинг кенг миқёслилиги Президентнинг 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон Фармонида белгилаб қўйилган вазифалардан келиб чиқади. Айни унда амалга оширилиши Ўзбекистонда акциядорлик жамиятларининг инвестициявий жозибадорлиги ошишини таъминлайдиган устувор вазифалар қайд этилган. Бугунги кунда қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар мазкур вазифаларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқишга йўналтирилган.

Фикримча, АЖ ижрочи органининг жамиятни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида акциядорларнинг умумий йиғилиши олдида ҳисобот бериш мажбуриятини энг муҳим тузатишлар жумласига киритиш керак. Шу тариқа, бугунги кунда нафақат бир йилга қабул қилинадиган тактик бизнес-режаларни ишлаб чиқиш, балки корхонани ўртача ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш йўлларини белгилаш вазифаси ҳам қўйилмоқда. Корхонанинг камида 3-5 йиллик ривожлантириш стратегиясига эга бўлиб, йиллар бўйича ҳаракатларнинг аниқ режасини ишлаб чиқиш ва молиявий кўрсаткичларни батафсил белгилаш мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат: амалдаги қонун ҳужжатларида акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаган ҳолда уларнинг манфаатларига зиён келтирадиган меъёрлар мавжуд. Мисол учун, Қонунда тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича пеня ҳисобланади6 дейилган, бироқ унинг чегаралари ҳеч қаерда кўрсатилмаган. Кўпинча акциядорлик жамиятида айни дивидендлар тўлаш даврида (уларни ҳисоблаб ёзиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб 60 кун мобайнида) пул маблағлари бўлмай қолади. АЖ пеняни ҳисоблаб ёзишга мажбур бўлади, бу эса охир-оқибатда унинг келгусидаги фойдаси миқдорини камайтиради.

Ҳисоблаб ёзиладиган пеня миқдори тўланмаган дивидендлар суммасининг 50 фоизи билан чекланиши мазкур масалага аниқлик киритади.

Акциядор АЖ бошқарув органларининг нотўғри хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганда суд чиқимларини тўлаш муддатини кечиктириш имкониятининг олиши ҳақидаги банд туфайли акциядорлар ҳуқуқлари пухтароқ ҳимоя қилинадиган бўлди.

Чет эллик менежерларнинг даромадлари солиқ солишдан озод этилишини, шу жумладан ЯИТ бўйича имтиёзни ҳам ижобий баҳолайман. Ушбу чора ёлланма бошқарув ходимларининг меҳнатига ҳақ тўланишини янада очиқ-ошкор қилади ва акциядорлик жамиятларимизнинг ресурсларини тежайди.

– Ушбу тузатишлар етарлими? Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва корпоратив бошқаришни кучайтириш масалалари шу билан ҳал этиладими?

– Қонун чиқарувчи корпоратив бошқаришнинг барча жиҳатларини битта ёки бир нечта қонунда ҳисобга олиши мумкин деб ўйлаш соддалик бўларди. Биринчидан, ҳаётий вазиятлар, барча корпоратив бошқарув иштирокчиларининг ўзаро муносабатларини бошқариш тизими шу қадар кенг миқёслики, барча эҳтимолий вариантларни улкан китобга ҳам жойлаштириб бўлмайди. Иккинчидан, корпоратив бошқариш – диалектик ва ўзгаришларга бой жараён. Биргина қонун доирасида уни ривожлантиришнинг барча вариантларини назарда тутишнинг имкони йўқ. Бунинг устига у турли тармоқларда ва ҳатто ҳар бир муайян корхонада ўз хусусиятларига эга бўлиши мумкин. Шу сабабли бутун дунёда ушбу ҳуқуқ тармоғи диспозитив хусусиятга эга, яъни қонун ҳужжатлари талаблари доирасидан четга чиқмайдиган қўшимча аниқлаштиришларни талаб қилади. Ички корпоратив ҳужжатлар, шунингдек хилма-хил кодекслар: корпоратив бошқариш, корпоратив этика, корпоратив хулқ-атвор ва бошқа кодекслар ушбу мақсадлар учун мўлжалланган, уларни ишлаб чиқишнинг зарурлиги тўғрисида мамлакатимиз Президенти ҳам юқорида тилга олинган Фармонда айтиб ўтган.

 

 

БОЗОРНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ СЎМ ЁРДАМИДА ЖОНЛАНТИРИШ МУМКИН?

 

Темур ВАЛИТОВ, Республика универсал агросаноат биржасининг
 бош директори:

– Биржа фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига бугунги кунда асосли тузатишлар киритиляпти деб ҳисоблайман ва унда, ҳар ҳолда товар биржаси фаолияти нуқтаи назаридан олганда ҳеч қандай кутилмаган ўзгартишларни кўрмаяпман.

Валюта биржасини лицензиялаш ваколатининг Марказий банкка берилишига келсак – ҳаммаси мантиқан тўғри, чунки бизда валютани тартибга солиш соҳасида бирдан-бир ваколатли орган МБ ҳисобланади, бу ҳақда аллақачон тегишли қонунда қайд этиб ўтилган7.

Мени мазкур масалада бир оз ўйлантирадиган ягона жиҳат – лицензиялашнинг ўзи, аслини олганда лицензия талабларини қондирадиган ҳар қандай субъект лицензия олиши ва, мисол учун, Ўзбекистоннинг иккинчи валюта биржасига айланиши мумкин. Ёки – агар молия бозорида ишлаётган, валюта биржаси ҳисобланган институт бирор-бир сабабларга кўра ушбу талабларни қондирмай қолса – лицензия қайтариб олинади ва мазкур институт ишламай қўяди.

Бироқ, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси иккинчи қисмига кўра, бизда валюта биржаси битта. Моддада кўпликда «товар ва фонд биржалари» ва бирликда «валюта биржаси» тўғрисида аниқ гапирилган. Ўзбекистонда иккинчи валюта биржасининг бўлмаслиги – равшан. Бошқа томондан эса, мен ушбу валюта биржаси (мамлакатдаги ягона валюта йўлаги) ўзининг лицензиясидан маҳрум бўлиши мумкин бўладиган вазиятни ҳам тасаввур қила олмайман. Шундай экан, унинг фаолиятини лицензиялашдан қандай маъно бор?

– Фикрингизча, биржа фаолияти нуқтаи назаридан олганда ҳозирги пайтда миллий бозор нималарга муҳтож бўляпти?

– Сир эмаски, бугунги кунда миллий ишлаб чиқарувчига зарур бўлган хом ашё ва бошқа компонентларнинг ҳаммаси ҳам республикада мавжуд ёки ишлаб чиқарил­япти деб бўлмайди. Уларни олиб келиш учун валюта керак. Агар у ишлаб чиқарувчида бўлмаса, нима қилиш лозим?

Ушбу муаммони биз амалиётимизда синаб кўриб бўлган биржа механизми, яъни – ЭАВ ўрнига миллий валюта – ўзбек сўмини ишлашга мажбур этадиган клиринг ўзаро ҳисоб-китоблар тизими ҳал этиши мумкин.

Амалда эса бу – бугунги кунда Россия Хитой билан биргаликда, миллий валюталарга, ўзаро ҳисоб-китобларнинг клиринг тизимига ўтишга уринаётган ҳолатнинг ўзи. Биз уни кўпдан бери Ўзбекистонда қўллаяпмиз, бу жиҳатдан олганда жуда катта тажрибага эгамиз. Фикримча, агар ушбу тизим тўлиқ даражада ишлатилганда, бугунга келиб мамлакатимиздаги товар ишлаб чиқарувчига ғоятда катта мададкор бўлиши мумкин эди.

1999 йилдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 223-сон Қарори8 ва Ҳисоб-китоб (клиринг) палаталари тўғрисидаги низомга9 асосан товар-хом ашё биржалари ҳузурида уларнинг таркибий бўлинмалари ҳисобланган ва ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюта – сўмдан фойдаланувчи ҳисоб-китоб-клиринг палаталари (ҲКП) барпо этилган.

ВМнинг 223-сон Қарорига кўра, товар биржа импорт контракти бўйича Ўзбекистондаги харидорга етказиб берилгандан кейин харидор импорт товари учун тўлов сифатида ҲКПга йўналтирган сўмдаги маблағлардан норезидент етказиб берувчи шу жумладан Ўзбекистондан товарларни харид қилишда, яъни «биржалар ва биржаларнинг кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт контрактларига ҳақ тўлаш учун»10 фойдаланиши мумкин.

Бошқача айтганда, у ана шу сўмга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарни сотиб олиши ва олиб чиқиши мумкин. Тўқимачилик маҳсулоти, оҳак, кальцийланган сода ва бошқалар – буларнинг ҳаммаси жуда талабгир! Давлат фақат эркин алмаштириладиган валютада реализация қилинадиган товарлар рўйхатини11 ажратди ва биз ишлай бошладик.

Аввалига ушбу рўйхатда 15–20 позициягина – нефть, автомобиллар, мис, вольфрам ва бошқалар бор эди. Бу тўғри, албатта. Бироқ кейин ушбу рўйхат кенгая бошлади, бугунги кунда унда 60 товар гуруҳи мавжуд, улар жумласига шағал, оҳак, полипропилен қоплар ва қизилмия илдизи киради. Амалда бугунги кунда Ўзбекистондан сўмга товар позицияларининг 5 фоизини, қолганларининг ҳаммасини – фақат ЭАВда олиб чиқиш мумкин.

– Валюта жуда керак...

– Бу бир хил товар позицияларига ижобий таъсир кўрсатиши, бошқаларига нисбатан эса тескари самара бериши мумкин. Шу сабабли ушбу чоралар товар бозорларига қандай таъсир кўрсатаётганлигини доимо мониторингдан ўтказиш ва қонун ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқдир.

 

126.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда.

22.07.1992 йилдаги 625-XII-сон, 12.09.2014 йилдаги ЎРҚ-375-сон Қонун таҳририда.

3Қонуннинг 15-моддаси.

429.08.2001 йилдаги 258-II-сон.

5Тегишинча «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида».

6«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 53-моддаси биринчи қисми.

7«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси биринчи қисмига қаранг.

8Вазирлар Маҳкамасининг 6.05.1999 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида биржа ва кўргазма-ярмарка савдосини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори.

9Ўзбекистон Республикасида товар-хом ашё биржаларининг ҳисоб-китоб (клиринг) палаталари тўғрисидаги низом (АВ томонидан 10.08.1999 йилда 800-сон билан рўйхатдан ўтказилган, Давлат рақобат қўмитасининг АВ томонидан 29.06.2015 йилда 800-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.

10Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржалари савдоларида импорт контрактлари тузиш тартибининг (ВМнинг 223-сон Қарорига 1-илова) 12-банди.

11Товар-хом ашё биржаси орқали юридик ва жисмоний шахслар томонидан экспортга фақат эркин алмаштириладиган валютага сотиладиган товарлар рўйхати (ВМнинг 15.04.1999 йилдаги «Биржа ва ярмарка савдосининг самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 174-сон Қарорига 1-илова).


Юлия ЯШИНА,

махсус мухбиримиз. 

Прочитано: 2326 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика