Norma.uz

Инвестициявий ҳамкорлик истиқболи кенгаймоқда

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда Халқаро инвестициявий форум бўлиб ўтди.

 

Форумда дунёнинг 33 давлати фирма ва компанияларининг 560 вакили, инвестиция фондлари ва банклар, шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи халқаро иқтисодий ҳамда молия институтлари вакиллари, олимлар, экспертлар иштирок этди.

Халқаро инвестициявий форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.

Мамлакатимизда давлат объектларининг хусусийлаштирилиши иқтисодиётда давлат монополиясини бартараф қилиш ва янги мулкдорлар синфини шакллантириш имконини берганлиги таъкидланди. «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун хусусийлаштириш жараёнининг меъёрий-ҳуқуқий базасини шакллантиришда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилди. Ушбу Қонунга мувофиқ, давлат мулкини хусусий мулкдорларга беришнинг янги механизмлари ҳаётга татбиқ этилди ва бу амалдаги қонун қоидаларини янада аниқлаштирадиган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишни тақозо этди. Айни пайтда 80 дан ортиқ қонуности ҳужжати хусусийлаштириш тартиб-таомилларини тартибга солади. Улардаги нормалар иқтисодиётда нодавлат сектор улушини кўпайтириш, барча тоифадаги бўлажак инвесторларнинг хусусийлаштириш жараёнидан тенг фойдаланишини таъминлаш, битимларнинг очиқ-ошкоралиги ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган хусусийлаштиришга доир муайян дастурлар алоҳида диққатга сазовордир. Ушбу дастурлар ёрдамида давлат активлари инвестиция киритиш, юқори қўшимча қийматга эга замонавий экологик ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил қилиш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш шарти билан инвесторларга тўғридан-тўғри берилмоқда. Сўнгги йигирма йилда мамлакатимизда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар самарасида 31 мингдан ортиқ объект маҳаллий ва чет эл компанияларига берилди.

Тадбирда сўзга чиққан Осиё тараққиёт банки бош директори Хуан Миранда, Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер, Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Соп, Халқаро молия корпорацияси вице-президенти Дмитрис Цицирагос, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан ва бошқалар Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йилларида эришган ютуқларини юксак баҳолади ва мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг сўнгги 11 йил давомида 8 фоиздан ортиқ даражада сақланиб келаётган юқори ўсиш суръатларини, саноат ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланаётгани ва халқимиз фаровонлиги янада юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизнинг иқтисодий, инвестициявий салоҳияти, шунингдек, чет эллик сармоядорлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳикоя қилувчи видеофильм намойиш этилди.

Жорий йилда мамлакатимизда қўлланилаётган хусусийлаштириш амалиётининг замонавий стратегиясини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари амалга оширилди. Президент Ислом Каримов мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш энг муҳим устувор вазифа эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, барқарор иқтисодий ўсиш ва мамлакатимиз тараққиётининг истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан айни мана шу вазифанинг қандай ҳал этилишига боғлиқ. Шу сабабдан биз хусусий мулк муносабатлари борасидаги қарашларимизни мутлақо ўзгартириш масаласини қайта кўриб чиқишимиз зарур. Шу асосда мустаҳкам ҳуқуқий базани хусусий мулк манфаатларига мослаштиришимиз, мулк ҳуқуқининг кучли юридик норма ва кафолатлари тизимини шакллантиришимиз, хусусий мулкдорларнинг кенг қатламини яратишимиз керак.  

Шундан келиб чиқиб, давлат активларини янада хусусийлаштириш, корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, замонавий халқаро корпоратив менежмент стандартларини жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётда давлат иштирокини стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартириш жорий йилда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим ва устувор йўналишига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 апрелдаги «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида реал иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларида давлат иштирокини тубдан камайтириш, 1 247 корхона ва объектни хусусий мулкка ўтказиш кўзда тутилган. Хусусан, 68 йирик корхонадаги давлат улуши, жумладан, акциялар назорат пакети хорижий инвесторларга таклиф қилинмоқда. 343 корхонанинг давлат улуши чет эл ва маҳаллий инвесторлар учун савдога қўйилмоқда. 324 объект очиқ савдоларда хорижий ва маҳаллий инвесторларга сотилади. Бундан ташқари, 512 давлат объекти хорижий ва маҳаллий инвесторларга инвестицион мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан «ноль» қийматда таклиф этилмоқда. Мисол учун, «Фарғонаазот» АЖ, «Самарқандкимё» АЖ, «Навоийазот» АЖ, «Жиззах­пластмасса» АЖ ва бошқа стратегик корхоналарда умумий улушнинг 51 фоизини давлат бошқарувида сақлаб қолган ҳолда, қолган қисмини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш шарти билан сотиш таклиф этилмоқда.

Қайта тиклаш ва негизида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мажбуриятини қабул қилиш шарти билан самарасиз фойдаланилаётган давлат мулки объектлари «ноль» қийматда хусусий мулкка берилади.

Мазкур дастур ижросини таъминлаш доирасида ушбу жараёнларга хорижий инвесторларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити шакллантирилган, энг илғор халқаро тажрибалар асосида хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларининг мустаҳкам қонунчилик базаси, шунингдек, чет эл капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар учун имтиёз ва преференциялар тизими яратилган. Чунончи, Президентимизнинг 2005 йил 11 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажми 300 минг доллардан 3 млн долларгача бўлган корхоналар 3 йил, 3 млн дан 10 млн долларгача бўлган корхоналар 5 йил, 10 млн доллардан ортиқ бўлган корхоналар 7 йил муддатга юридик шахслар фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи ва бошқа қатор мажбурий тўловлардан озод қилинади.

Ўрнатилган тартибга кўра, қиймати 50 млн доллардан ортиқ ва хорижий инвестор улуши камида 50 фоиз бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши давлат бюджети ва бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция улуши 33 фоиздан кам бўлмаган корхоналарга улар рўйхатга олинган санадан бошлаб икки йил давомида олиб кириладиган мулк ва товарлар учун божхона преференциялари тақдим этилади.

Корхона ва ишлаб чиқариш объектларининг самарали фаолият юритиши корпоратив бошқарув тизими билан бевосита боғлиқ. Мамлакатимизда корпоратив бошқарув тизимининг ривожланиши давлат корхоналарини акциядорлик жамиятларига айлантириш орқали хусусийлаштириш жараёни билан чамбарчас боғлиқ. Ўтган йиллар мобайнида 31 мингдан ортиқ давлат корхонаси хусусийлаштирилди ва бугун мамлакатимизда қарийб 1,2 млн акциядор бор.

Қонунчилик базасини такомиллаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида мамлакатимиз 2014 йилда Жаҳон банкининг бизнесни юритиш шартларини ифода этадиган Doing Business рейтингида «Миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш» кўрсаткичи бўйича 18 поғона кўтарилди. Бугун юртимизда 90 дан ортиқ мамлакат капитали иштирокида ташкил этилган 5 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Тўлиқ чет эл капитали иштирокида ташкил қилинган ва хорижий корпоратив бошқарув усулларига асосланган қатор корхоналар ҳам мавжуд.

Форумнинг шуъба мажлисларида хусусийлаштириладиган муайян объектлар тақдимотлари бўлиб ўтди. Ёқилғи-энергетика мажмуаси, машинасозлик, Ахборот-коммуникация технологиялари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, халқаро туризм соҳаларининг инвестициявий имкониятлари, чет эл капиталини хусусийлаштириш жараёнлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларга жалб этиш учун ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлимини такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди.

Халқаро анжуман доирасида умумий қиймати 12,4 млрд долларлик 100 дан ортиқ битим ва меморандум имзолангани эълон қилинди. Шунингдек, бошқа янги инвестициявий лойиҳалар бўйича музокаралар давом этаётгани ҳам қайд этилди.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1988 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика