Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 27 / Амалий бухгалтерия

Имтиёзлар тўғрисида билиш керак

2014 йилда технологик ускунага эҳтиёт қисмларнинг божхона расмийлаштируви чоғида импорт божхона божи ва ҚҚС тўланган эди. 2015 йил мартида биз, 1802-сон Қарорга иловага кўра, улар импорт божхона божи ва ҚҚС тўлашдан озод қилинганлигини билдик. ДБҚ буни тасдиқлади ва божхона расмийлаштирувини ўтказган божхона пости бошлиғига ушбу суммани бўлғуси божхона тўловлари ҳисобига кредиторлик қарзи сифатида қолдириш, шунингдек ИМ-40 БЮДни қайта расмийлаштириш хусусида ёзма кўрсатма берди.

Кўрсатилган харажатлар импорт эҳтиёт қисмлар таннархига киритилган ва 2014 йил учун йиллик ҳисоботда акс эттирилган.

Бухгалтерия ҳисобида 2014 йил учун молиявий ҳисоботдаги ўзгартиришларни қандай акс эттириш керак? Уларни ҳисобга олган ҳолда аниқлаштирилган йиллик ҳисоботни топшириш керакми?

И.Цой,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

ХАТОЛАРНИ ТУЗАТИШ УЧУН ПРОВОДКАЛАР

3-сон БҲМС «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»да1 олдинги даврларда молиявий ҳисоботларни тайёрлаш чоғида йўл қўйилган хатоларни тузатиш тартиби белгиланган. Уларга киритилган тузатиш миқдори ҳисобот давридаги соф даромад ёки зарарга қўшилади. Олдинги даврда йўл қўйилган муҳим хатоларни тўғрилаш миқдори йил бошигача тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш йўли билан ҳисоботда акс эттирилади ёки ўтган йилнинг шу даврига оид маълумотлар ўзгартирилади. Агар хатолар арзимайдиган даражада бўлса, улар истисно қилинади. Хатоларнинг муҳимлилик даражасини корхонанинг ҳисоб сиёсатида назарда тутиш мумкин.

Агар хато муҳим бўлса, йил бошидаги (1.01.2015 йилдаги) тақсимланмаган фойда сальдоси ҳисобига тузатиш киритиш лозим:

Дт 4400 – Кт 8710 – фойдаланилган ТМБ бўйича 2014 йил учун ҚҚС бўйича тузатиш киритиш суммасига;

Дт 4890 – Кт 8710 – фойдаланилган ТМБ бўйича 2014 йил учун божхона божи суммасига;

Дт 4400 (4890) – Кт 1000 – ТМБ қолдиғига тўғри келадиган ҚҚС (божхона божи) суммасига ТМБ қолдиқлари бўйича сальдога тузатиш киритиш;

Дт 4400 (4890) – Кт 2000 – тугалланмаган ишлаб чиқаришда фойдаланилган ТМБга тўғри келадиган ҚҚС (божхона божи) суммасига ҳисобдан чиқарилган ТМБ бўйича 1.01.2015 йилда тугалланмаган ишлаб чиқариш сальдосига тузатиш киритиш.

Агар хато муҳим бўлмаса, тузатиш жорий даврда амалга оширилади ва ­9340-«Ўтган йиллар фойдалари» ҳисобварағи бўйича акс эттирилади:

Дт 4400 – Кт 9340 – фойдаланилган ТМБ бўйича 2014 йил учун ҚҚС бўйича тузатиш киритиш суммасига;

Дт 4890 – Кт 9340 – фойдаланилган ТМБ бўйича 2014 йил учун божхона божи суммасига;

Дт 4400 (4890) – Кт 1000 – ТМБ қолдиғига тўғри келадиган ҚҚС (божхона божи) суммасига ТМБ қолдиқлари бўйича сальдога тузатиш киритиш;

Дт 4400 (4890) – Кт 2000 – тугалланмаган ишлаб чиқаришда фойдаланилган ТМБга тўғри келадиган ҚҚС (божхона божи) суммасига ҳисобдан чиқарилган ТМБ бўйича 1.01.2015 йилда тугалланмаган ишлаб чиқариш сальдосига тузатиш киритиш.

Солиқ кодексининг 356-моддасига кўра, ушбу Кодекснинг 355-моддасига мувофиқ ҳисобот йилида аниқланган ўтган йиллардаги даромадлар чегириб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум ЯСТ солинадиган базадир. Мазкур даромадларга улар қайси даврда пайдо бўлган бўлса, ўша даврдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ўтказилган ҳисоб-китоблар инобатга олинган ҳолда солиқ солиниши керак.

Молиявий ва солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади, шунингдек бухгалтерия маълумотномаси тузилади. Киритилган тузатишни бухгалтерия балансига тушунтириш хатида очиб бериш лозим.

 

МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТНИ ТУЗАТАМИЗ

Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларда2 ҳам молиявий ҳисоботга тузатишлар киритиш тартиби мавжуд. Унга кўра жорий ҳамда ўтган йил ҳисобот маълумотларидаги (улар тасдиқланганидан кейин) тузатишлар унинг маълумотларини бузишлар аниқланган ҳисобот даври учун тузилган ҳисоботда амалга оширилади. Бунда тузатишлар ҳисобот даври (чорак, йил бошидан) учун маълумотларга киритилади.

Олдинги даврда йўл қўйилган муҳим хатоларни тўғрилаш миқдори йил бошигача тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш ва активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишларни киритиш йўли билан молиявий ҳисоботда акс эттирилиши мумкин.

Йиллик молиявий ҳисоботни текшириш чоғида улар билан боғлиқ бўлмаган харажатларни ишлаб чиқариш харажатларига (ёки муомала чиқишларига) киритиш натижасида даромадларни ошириш ёки молиявий натижаларни пасайтириш ҳоллари аниқланганда бухгалтерия ҳисоби ва ўтган йил учун молиявий ҳисоботга тузатишлар киритилмайди, балки жорий йилда ҳисобот даврида аниқланган ўтган йиллар фойдаси сифатида акс эттирилади.

 

СОЛИҚ ҲИСОБОТИГА ТУЗАТИШ КИРИТАМИЗ

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби солиқ ҳисоботи солиқ органларига тақдим этиб бўлинган даврга тааллуқли хатоларни ўзи мустақил равишда аниқлаган солиқ тўловчи белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ичида (5 йил) ўша давр юзасидан аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этиш ҳуқуқига эга (Солиқ кодексининг 46-моддаси). Мазкур норма солиқ органлари томонидан молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) доирасида текшириш ўтказилган давр учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган ҳолларда қўлланилмайди.

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 27.08.1998 йилда 484-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғига 7-илова.


Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Profi» эксперти. 

Прочитано: 1676 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика