Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 27 / Ишбилармонлик муҳити

Гаровларни ҳисобга олишнинг самарали тизими

«Гаров реестри тўғрисида»ги Қонун (23.10.2013 йилдаги ЎРҚ-356-сон, бундан кейин матнда Қонун деб юритилади) кучга кирганига 1 июль куни роппа-роса бир йил бўлди. Мазкур Қонун мажбуриятлар ижросини таъминлаш учун қарздорларнинг тақдим этилган мол-мулкига бўлган кредиторлар ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини жорий этиш ва бу базанинг фаолият юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб қолди. Яқинда Халқаро молия корпорациясининг (IFC) Жаҳон банкининг молия ва молия бозорлари бўйича гуруҳи глобал дастури доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжонда молиявий инфратузилмани мустаҳкамлаш лойиҳаси гаров реестри фаолияти масалаларига бағишлаб матбуот клуби мажлисини ўтказди.

 

ҚОНУН АМАЛДА

IFCнинг таъминот остидаги битимлар масалалари ва гаров реестрлари бўйича халқаро эксперти Мурот Султонов гаров реестрининг он-лайн режимидаги ишини намойиш этар экан, биринчи йилнинг натижалари ҳақида ҳам гапириб ўтди. Унинг таъкидлашича, Қонун самарали тизим яратилишига кўмаклашувчи молиявий инфратузилманинг бир қисми бўлиб, мазкур тизимда молия муассасалари – банклар, лизинг компаниялари ва бошқа кредит ташкилотлари қарз олувчиларнинг кўчар активларидан фойдаланиш икониятига эга.

Таъминот остидаги битимлар ривож топиши учун аниқ ҳуқуқий институционал базаси бўлмаган кўпгина мамлакатларда кўчар мол-мулк шу мақсадда фойдаланилганда, хусусий тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг банк муассасаларида, бошқа кредит ташкилотларида кредит олиши анчагина муаммо бўлиб қолади. Гаров учун фойдаланиладиган ер участкалари, бино ва иншоотлар, бошқа турдаги кўчмас мол-мулк бўлмаганлиги сабабли одатда шундай бўлади. Мазкур субъектлар гаров таъминоти сифатида бемалол фойдаланса бўладиган бошқа активларга, яъни кўчар мол-мулкка эга. Бу ўринда гап автотранспорт воситалари, ускуналар, дебиторлик қарзлари, муомаладаги товарлар, бўлажак активлар (масалан, фермерларда бўлажак ҳосил) ҳақида бормоқда. Буларнинг барчаси қийматга эга, ликвидлилиги бор, сифати ҳам дуруст. Молия муассасаларини кредит маблағларини ана шундай таъминот эвазига беришга рағбатлантириш учун Ўзбекистонда амалга оширилгани каби ислоҳот зарур.

Экспертнинг айтишича, Қонун лойиҳаси устида иш олиб борилаётганида, IFC бир қанча қонун ҳужжатларига, айниқса, Фуқаролик кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишни тавсия этган эди. Бироқ ислоҳотлар кўлами унча кенг бўлмади. Шунга қарамай, Қонун асосида киритилган янгиликлар мамлакатимиз ҳуқуқий тизими учун ҳам, Ўзбекистонимизда ишбилармонлик фаоллиги учун ҳам, ижобий самара келтирди.

Қонун асосан гаров реестрини барпо этиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солди ҳамда битта кўчар мол-мулк объектига нисбатан бир неча кредитор бўлган ҳолларда талабларнинг устуворлиги борасида умумий қоидаларни белгилаб берди.

Бугунги кунда ҳамон ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжуд. Бунда гап таъминотга бўлган ҳуқуқларнинг устуворлигини аниқлашнинг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида, асосий қоидалардан истиснолар тўғрисида бормоқда. Ишлаб маромига етказилишини талаб этаётган бағоят муҳим масала бу ундирувни кўчар мол-мулкка қаратишдир. Бунда тезкор тартиб-таомил талаб этилади. Агар қарз олувчи кўчмас активлар билан таъминланган қарз шартномасини бузгудек бўлса, банк ёки кредит ташкилоти бундай қарз олувчи билан ойлаб судлашиши мумкин. Айрим мамлакатларда бундай жараён бир неча йилга чўзилиб кетган ҳоллар ҳам учрайди. Бундай кезларда банк учун таҳдид-таваккалчилик йўқ ҳисоб, чунки кўчмас мулк қийматини йўқотмайди. Қиймати ҳатто ортиб бориши ҳам мумкин. Шу сабабли кўчмас мулк муайян мажбурият таъминотининг анчагина кенг тарқалган тури ҳисобланади. Кўчар мол-мулкдан шу мақсадда фойдаланиш эса бутунлай бошқа масала. Бундай мол-мулк тез қадрсизланиши мумкин, қолаверса, банк ёки кредит ташкилотида уни қарз олувчидан тез талаб қилиб олиш имконияти йўқ, фурсат бой берилгач, мажбуриятнинг бу йўсин таъминоти мазмун-моҳиятини йўқотади.

Мавжуд электрон платформани такомиллаштиришни тақозо этаётган яна талайгина техник жиҳатлар ҳам борки, ҳозирги кунда бу йўналишда Марказий банк билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистон электрон гаров реестри МДҲга аъзо мамлакатлар орасида ягона бўлиб, ҳозирча бошқаларда бундай реестр йўқ. IFC мазкур тажрибани фаол тарзда оммалаштириш тадоригини кўрмоқда.

 

РЕЕСТР ҚАНДАЙ ИШЛАМОҚДА?

Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Ориф Насибов гаров реестри визуал ишини намойиш этди. У гаров реестрида активлар рўйхатга олинмаслигига, унга тегишли тартибда таъминланган мажбурият ёки талаблар жойлаштирилишига эътиборни қаратиб, бундай мажбурият ва талабларни кредиторлар ўзларидан қарз олганларга нисбатан ҳамда мажбурият билан таъминланган мол-мулкка нисбатан тақдим этишларини эслатиб ўтди. Кадастрлар кўчар мол-мулк махсус реестрларидан унинг фарқи ҳам ана шунда. Айтайлик, давлат инспекцияси автотранспорт воситаларини бевосита шасси тартиб рақами бўйича рўйхатга олади. Шу сабабли, бундай рўйхатга олиш мажбурий эмас, балки хабардор этиш хусусиятига эга бўлади. Бошқача қилиб айтганда, мабодо кредитор учинчи шахслар билан муносабатларда хавфсизлик учун муай­ян хабарнома рўйхатга олинишини зарур деб ҳисобласа, буни электрон ресурсга он-лайн режимида топшириши мумкин, бунинг учун фойдаланувчининг персонал кабинетини очиб олса кифоя.

Хабарномада, биринчидан, кредитор кўрсатиб ўтилади. Иккинчидан, қарз олувчи тўғрисидаги маълумотлар мужассам топади (қарз олувчи жисмоний шахс ёки компания СТИР бўйича идентификация қилинади). Учинчидан, мол-мулкнинг тавсифи берилади. Тавсиф умумий тарзда баён этилиши мумкин. Борди-ю, унинг муайян тоифасини муфассал тавсиф этиш зарурати бўлса, айтайлик, барча дебиторлик қарзлари ёки муомаладаги барча товарлари муфассал тавсиф этилади. Бундай ҳолларда файлни pdf шаклида илова этиш мумкин. Агар бу бир неча блоклардан ташкил топган ишлаб чиқариш линияси бўлса, у ҳолда ҳар бир блок бўйича хос, аниқ тавсифлар берилиши мумкин.

Мазкур реестр кўчар мулкнигина эмас, кўчмас мулкни ҳам рўйхатдан ўтказиш имконини беради. Кўчмас мол-мулкка доир шартномани имзолаш, уни кадастрда рўйхатдан ўтказиш йўли билан шундай ҳуқуқ юзага келади. Бундан ташқари, кредитор очиқ-ошкораликни таъмин этиш мақсадида мажбурият билан таъминланган кўчмас актив бўйича хабарномани рўйхатдан ўтказиши мумкин. Шундай бўлса-да, ресурснинг жорий этилишидаги асосий афзаллик платформа яратилиши бўлиб, бу платформа кўчар активларни рўйхатга олиш имконини беради. Бундай активлар, маълумки, бошқа ҳеч қаерда рўйхатга олинмайди. Реестр иш олиб боришининг самарали жиҳати шундаки, кредиторда муайян турдаги, илгари ҳеч қаерда рўйхатга олинмаган кўчар мулкка нисбатан ўзининг потенциал ҳуқуқлари ҳақида рўй-рост арз қилишда мазкур воситадан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади. Кредиторларнинг рўйхатга олиш санаси бўйича ҳуқуқлари устуворлигини (навбатини) белгилаш ҳам яна бир қутлуғ мақсаддир. Хабарнома тизимга киритилган пайтдан ­эътиборан у ҳамма учун очиқ бўлиб қолади, излаш тугмачаси ёрдамида уни бемалол топиш мумкин. Тизим автомат тарзда тартиб рақами ва рўйхатга олинганлик санасини қайд этади. Шундай қилиб, тизим орқали излашга киришганларга муайян кредитор аниқ бир санада ўз хабарномасини рўйхатдан ўтказганлиги кундай равшан бўлади-қўяди.

Реестрни қўлланиш билан боғлиқ қатор ибратли мисоллар ҳам келтириб ўтилди. Қарз олувчи Миллий банкда кредит олди дейлик. Банк корхонанинг гаровга қўйилган ускунаси тўғрисидаги хабарномани реестрда қайд эттиради. Ўша пайтнинг ўзида шу қарз олувчи «Асакабанк»дан кредит олишга қарор қилган бўлса, бу банкнинг кредит бўлими ходими реестрдан қарз олувчининг СТИР бўйича Миллий банк бу ташкилотга кредит берганлиги тўғрисидаги ахборотни қийинчиликсиз аниқлайди. Ана шунга қараб, «Асакабанк» кредит бериш-бермаслик масаласини ўзи ҳал этади. Мабодо, қарз олувчида бошқа активлар ҳам бўлса, кредит берилиши мумкин. Моҳият эътибори билан бу ресурс учинчи кредиторларга нисбатан қарорни тегишли ахборот билан таъминланган тарзда қабул қилиш имконини беради.

Бошқа бир вазиятни олайлик. «Ўзбеклизинг» лизингга мол-мулк берди дейлик. Лизинг олувчи шартнома шартларига ва «Лизинг тўғрисида»ги Қонун (14.04.1999 йилдаги 756-I-сон) талабларига хилоф равишда бу мол-мулкни лизинг берувчидан рухсат олмай туриб гаровга бермоқчи бўлган. Банк баҳолаш ўтказмай туриб, таъминот билан таъминланган, лизинг берувчининг мулки ҳуқуқидаги мажбурият бор-йўқлигини билмайди. Лизинг олувчи кредит линияси очиб, бу мол-мулкни гаровга қўяди, бироқ банк реестрдаги изланишдан кейин лизинг компанияси бу ҳуқуқни рўйхатдан аллақачон ўтказганлигини билиб олади. Табиийки, бундай қарз олувчи билан ўйлашиб муомала қиладилар. Шундай қилиб, гаров реестри молиявий бозорларда очиқ ва ошкоралик кўламини кенгайтириш имконини беради.

Шу муносабат билан «Гаров реестрида жойлаштирилган ахборотлардан кимлар фойдаланиши мумкин?» деган савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Мутахассисларнинг айтишларига қараганда, барча шахслар реестрдаги ёзувларни чекловларсиз излашга ҳақлидир. Бунда ана шундай ахборотлардан баҳрамандлик бошқа вазифалар, шу жумладан рўйхатдан ўтиш тартиб-таомилини адо этган шахсларга (фойдаланувчиларга) шундай излаш натижалари асосида гаров реестридан кўчирмалар бериш ва белгиланган тартибда муаллифлаштириш билан биргаликда кечади.

 

ҚЎШИМЧА ИМКОНИЯТЛАР

Қонун туфайли амалиётдан ўрин олган яхши янгиликлардан бири унга тегишлича таъминланган барча турдаги мажбуриятлар киритилганлигидир. «Гаров реестри» деган атама замирида бундай қараганда гап гаров ҳақида бораётир. Аслида эса, гап барча турдаги таъминот билан таъминланган кўчар мулк: гаров; ушлаб қолиш, лизинг, молия ижараси, узоқ муддатли ижара, мулк ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда уни сотиш ва шу сингарилар ҳақида бормоқда. Буларнинг барчаси факторинг-консигнациялардир. Моҳият эътибори билан муайян мажбуриятга тааллуқли барча битимлар, қарз олувчининг кўчар мол-мулки мажбуриятни таъмин этаётганлиги боис, шулар сирасига киради. Бундай мажбуриятлар хусусий, қолаверса, оммавий хусусиятга эга. Негаки, бунда солиқ ва божхона органларининг ҳуқуқи ҳам қамраб олинади, зотан улар реестрга ёзувлар киритиши мумкин. Шундай қилиб, солиқ тўловчиларда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қарз бўлган тақдирда, уларнинг мол-мулкига нисбатан номи юқорида зикр этилган органлар ўз талабларини арз этишлари мумкин. Айтайлик, қарз олувчи Миллий банкка келган бўлса, банк ходими ундан солиқлар бўйича боқимондалик бор-йўқлигини, барча турдаги кўчар мол-мулки муайян мажбурият билан таъмин этилган-этилмаганлигини аниқлайди. Банк унга аввал давлат билан ҳисоб-китоб қилишни, шундан кейингина кредит сўрашни тавсия этади. Бу қарз олувчига ташвиш эмас, балки уни давлат олдидаги қарзларини тўлашга рағбатлантирувчи омилдир.

Қонундаги яна бир муҳим янгилик сирасига реестрдаги ёзув киради. Бундай ёзув электрон рақамли имзо ва гаров реестри муҳри билан расман тасдиқланади. Ана шу ҳужжатдан нусха кўчириб олиш мумкин ва қарздор кредитор билан низолашган тақдирда судга тақдим этилиши мумкин. Судья мазкур кўчирмани ресурсга ахборот расман киритилганлигининг юридик тасдиғи сифатида қабул қилиши шарт. Шуниси ҳам борки, гаров реестри ахборот тўғрилигини тасдиқламайди. Негаки, бу масъулият тамомила кредитор зиммасидадир. Уни кредиторнинг таҳдид-таваккалчилиги дейиш ҳам мумкин. Реестр тизимдан мунтазам баҳрамандликни ва ахборотлар бут сақланашини таъминлайди, холос. Гаров реестри, таъбир жоиз бўлса, эълонларнинг ўзига хос, электрон тахтасидир.

* * *

Матбуот клуби доирасида кенг кўламда фикрлар алмашинилди. Экспертлар анжуманда ҳозир бўлганларнинг саволларига жавоб бердилар.

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 

2014 йил июлда гаров реестрининг дастурий платформаси ишлаб чиқилди ва Интернет тармоғида ишга туширилди. «Гаров реестри» сайти Tas-ix зонасида жойлашган бўлиб, «garov.uz» домен номига эга.

 

Ҳозирги кунда Ўзбекистон гаров реестрида 1 400 дан ортиқ фойдаланувчи рўйхатга олинган бўлиб, қарздорларнинг 20 дан ортиқ эътирози қайд этилди. Қорамоллар, давлат қимматли қоғозлари, кўчмас мулк (шу жумладан ипотека), муомаладаги товарлар, пай бадаллари, ер ижараси ҳуқуқлари, акциялар, бўлажак ҳосил, ускуналар, заргарлик буюмлари, товар-моддий қимматликлар, транспорт воситалари, облигациялар, депозит сертификатлари гаров билан таъмин этилгандир.

Манба: garov.uz

 

Мақоланинг тўла матни gazeta.norma.uz сайтида эълон қилинмоқда.

Прочитано: 1575 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика