Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 27 / Янги қонун моҳияти

Электрон судлов: суд ишлари сифати яхшиланади

Давлат ҳокимиятининг муҳим тармоғи бўлган суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳуқуқий давлатни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.  

 

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида суд ҳoкимиятини бoсқичмa-бoсқич мустaҳкaмлaб бoриш, суднинг мустaқиллигини тaъминлaш, уни фуқaрoларнинг ҳуқуқ вa эркинликлaрини ишoнчли ҳимoя қилишга xизмaт қилaдигaн мустaқил дaвлaт институтигa aйлaнтиришгa қaрaтилгaн кeнг кўлaмли тaшкилий-ҳуқуқий чoрa-тaдбирлaр aмaлгa oширилди. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишнинг қонунчилик асослари замон талаби, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ такомиллашаётганини дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

 

Соҳага оид ҳуқуқий база суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишнинг замонавий демократик тамойилларга асосланган тизимнинг яратилишига йўл очди. Ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш, судьяларнинг иш юкламаларини камайтиришга оид чора-тадбирлар судларда иш юритиш сифат жиҳатдан тобора яхшиланишига олиб келмоқда. Бу жараёнда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилаётгани тизим ривожида ўзига хос янги босқични бошлаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ва «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

 

Мазкур ҳужжатлар туфайли судларда иш юритиш самарадорлигини оширишни таъминлайдиган замонавий ахборот тизимлари ва ресурслари яратилди. Тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив хизматлар рўйхати кенгайиб, ривожланган давлатларда кенг қўлланилаётган «электрон одил судлов» институти шаклланди.

Мазкур институтнинг афзаллиги шундаки, у суд ишини юритишни сифат жиҳатдан яхшилайди, суд харажатларини камайтиришга хизмат қилади ва тарафларга қулайлик яратади. Шу билан бирга, суд жараёни иштирокчиларига кенг имкониятлар, хусусан, турли ҳужжатларни электрон шаклда жўнатиш, ишнинг боришини интернет тармоғи орқали кузатиш, суд ҳужжатларини электрон шаклда олиш, видеоконференция орқали суд муҳокамаларида иштирок этиш имкониятини беради. Бу тизим одил судловдан барча фойдаланиши мумкинлиги ва очиқлик тамойиллари асосида амалга оширилади.

Ўз навбатида, қоғоз шаклидаги ҳужжатлар айланишининг камайишига, аризаларни кўриб чиқиш муддати қисқаришига, фуқароларга судларнинг базасига кириб, онлайн режимида ҳужжатлар билан танишиш имкониятини яратади.

Шуни қайд этиш керакки, электрон ҳужжат алмашинуви Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги ва «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонунлари талаблари асосида тартибга солинади.

2015 йил 9 июнда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу фуқаролик судларига электрон мурожаат қилиш, суд чақирув қоғозлари, қарор нусхалари ва бошқа ҳужжатларни электрон шаклда юбориш механизмини жорий этишни назарда тутади.

 

Қонунга мувофиқ шахслар фуқаролик судларига ариза билан мурожаат қилганда унда ўзларининг электрон манзилини кўрсатиши мумкин. Бу унинг суд билан ҳужжат алмашинувини ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигини билдиради. Суд аризани кўриб чиқишга қабул қилганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларнинг электрон манзилларига чақирув қоғозларини электрон шаклда юбориши мумкин.

Суд тарафларга ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд ҳал қилув қарорининг ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш тўғрисидаги ёхуд аризани кўрмай қолдириш ҳақидаги ажримнинг нусхасини электрон шаклда юбориши мумкин.

Киритилган ўзгаришларнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, электрон ёки ўзга алоқа воситасида олинган ҳужжатлар ёзма далил сифатида эътироф этилиши мумкин. Қонунчиликдаги бу янгилик юртимизда «электрон одил судлов»ни амалиётга жорий этишга оид ҳаракатлар янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

 

Бир қатор хорижий мамлакатлар тажрибасида даъво аризалари электрон шаклда тақдим этилиши ва гувоҳлар билан бевосита мулоқот қилишнинг иложи бўлмаганда бу видеоконференция орқали таъминланади. Тажрибалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, «электрон одил судлов» электрон шаклда иш юритиш, судларга ариза ва шикоятларни интернет орқали тақдим этиш, суд иши юритишни замонавий технологиялар орқали ёзиб бориш, интернет тармоғи орқали суд материалларидан барчанинг фойдаланиши мумкинлиги, тарафларни суд биносига чақирмасдан онлайн режими орқали ишларни кўриб чиқиш каби бир-бири билан боғлиқ бўлган таркибий қисмлардан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, «электрон одил судлов»нинг жорий этилиши нафақат суд харажатларини камайтириш, балки фуқаролар, юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини тезкор ва ишончли ҳимоя қилишга замин яратади. Энг муҳими, бу жараёнда одил судловнинг сифати янада ошади.

 

Мардонбек БОБОЖОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.

ЎзА.

Прочитано: 1872 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика