Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 27 / Божхона

Фитосанитария назоратидан кейин

Ўз фирмамиз фаолиятини кенгайтирмоқчимиз. Шу муносабат билан Хитойдан Ўзбекистонга дарахт ва буталарнинг қаламчалари, гул уруғларини олиб келиш мумкинми ёки йўқлигини билмоқчи эдик. Бунинг учун қандай ҳужжатлар керак?

М.Ҳалимова.

Жиззах шаҳри.

 

– Импорт қилиш (олиб кириш) тақиқланган ашёлар рўйхатида (Президентнинг 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармонига 5-илова) дарахтларнинг қаламчалари кўрсатилмаган. Демак, уларни олиб кириш мумкин. Бироқ, бундай товарларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, уларнинг божхона расмийлаштируви Божхона кодексининг 80-«Божхона расмийлаштируви ва давлатнинг бошқа органлари назорати» моддасига мувофиқ фитосанитария давлат назорати амалга оширилганидан кейингина тугайди.

«Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг (31.08.1995 йилдаги 113-I-сон, бундан кейин – Қонун) ­4-моддасига кўра ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органи бўлиб Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бош давлат инспекцияси (бундан кейин – Давлат инспекцияси) ва унинг минтақавий бўлинмалари ҳисобланади. Давлат инспекцияси уруғларни, ўсимликларни, ўсимлик хом ашёсини ва бошқа маҳсулотларини ҳамда халқ истеъмоли товарларини республикага олиб кириш, мамлакат ичкарисида ташиш, экспортга олиб чиқишнинг карантин қоидаларини ҳамда ана шу уруғ, ўсимлик ва бошқалардан фойдаланиш шартларини белгилайди. Шунингдек ушбу хизмат экспортга жўнатилаётган ҳамда хорижий мамлакатлардан республикага келтирилаётган, карантиндаги зараркунандаларни, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтларни олиб ўтиши мумкин бўлган уруғларни, ўсимликларни, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текширувидан ва лаборатория экспертизасидан ўтказади (Қонуннинг 6-моддаси).

Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ республикага уруғларни, ўсимликларни ва ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга Давлат инспекцияси берадиган карантин рухсатномаси; экспорт қилаётган мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва муҳофазаси бўйича давлат органлари берадиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Юридик шахслар бундай товарларни импорт қилиш вақтида:

 уруғларни, ўсимликларни ва ўсимлик маҳсулотларини чет мамлакатлардан республикага етказиб бериш ҳақида тузиладиган савдо шартномаларига (битимларига) ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматининг карантиндаги ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлар республика ҳудудига ўтиб қолмаслигини таъмин этадиган талабларини киритишлари;

 чет мамлакатлардан кўплаб миқдорда уруғларни, ўсимликларни ва ўсимлик маҳсулотларини сотиб олиш вақтида бу мамлакатларда қишлоқ хўжалиги экинлари ва кўчатларининг фитосанитария ҳолатини ўрганиш учун, зарурат бўлса, ўсимликлар карантини ва муҳофазаси бўйича мутахассисларни юборишни назарда тутишлари шарт.

Ушбу товарлар республика ҳудудига келиб тушган пунктларда ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати инспекторлари томонидан мажбурий текширувдан ўтказилади. Уруғлар, ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари олиб кириладиган чегара пунктларини Давлат инспекцияси белгилайди.

Фитосанитария сертификатини жисмоний шахс яшайдиган ёки юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойда жойлашган ҳудуд Давлат инспекциясида расмийлаштириш мумкин. Пойтахт аҳолиси шаҳар Давлат инспекциясига мурожаат қилишлари ва 255-24-10, 255-23-74 рақамли телефонлар орқали маслаҳат олишлари мумкин.

Шуни эътиборда тутиш лозимки, Қонуннинг 2-моддасига кўра қишлоқ хўжалиги экинлари ва экиш материали, доривор, ўрмон ҳамда манзарали экинларнинг уруғлари ва кўчатларига, ўсимликлар ҳамда уларнинг қисмлари (қаламчаси, пиёзи, тугунаги, меваси ва бошқалар)га, шунингдек зараркунандаларни, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтларни олиб ўтиши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай ўсимлик маҳсулотларига карантин тадбирлари тааллуқлидир. Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиладиган асосий карантиндаги маҳсулот, юклар ва материаллар (товарлар) рўйхати Ўзбекистон Республикаси ҳудудини карантиндаги зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлардан муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида низомга1 1-иловада белгиланган.

Эркин муомала (импорт)га чиқариладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг2 5-бўлимига мувофиқ амалга оширилади. Юридик шахслар Экспорт-импорт юкларини расмийлаштириш пайтида божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатида3 назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этадилар.

 

1Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг АВ томонидан 31.01.2008 йилда 1764-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

3ТИАВ, МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 8.04.1998 йилда 428-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

Хорижий мамлакатлардан республикада яшовчи фуқароларга почта жўнатмаларида улар уруғлар ва экин материали, мевалар, янги узилган ҳўл мева ва сабзавотларни юбориш, шунингдек уларни багажда ташиш тақиқланади. Карантиндаги зараркунандалар ва касалликлар юқишидан холи бўлган айрим мевалар, янги узилган ҳўл мева ва сабзавотларни йўловчиларнинг қўл юкида ўтказиш ўсимликлар карантини бўйича давлат инспектори томонидан ҳал қилинади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2395 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика