Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 18 / Аудитор хабарномаси

Сифатсиз аудит докторсиз даволанишга ўхшайди

Хўжалик юритувчи субъект учун сифатсиз аудитнинг нималарга олиб келишини раҳбар ва бош бухгалтерлар жуда яхши билишади. Бироқ ҳамма ҳам аудиторлик текширувининг сифатсиз ўтказилганлигини аниқлай олмайди. Энг асосийси – сифатсиз аудит учун аудиторлик ташкилотининг жавобгар бўлишини қандай қилиб мустаҳкамлаш кераклигини билмайди. 

 

Бугунги кунда аудит хизматлари нархини пасайтирадиган демпингловчи ҳамкасбларидан шикоят қиладиган аудиторлик ташкилотларининг раҳбарлари оз эмас. Бироқ «айбдорлар»да ҳам бундай йўл тутишнинг объектив сабаблари мавжуд: аудиторларга иш ҳақи тўлаш, улар малакасини оширишга пул сарфлаш, янги кадрлар тайёрлаш, бошқа харажатларни амалга ошириш лозим.

Натижада аудитга арзон буюртмаларнинг катта ҳажмини бажариш учун биргина аудитор бирйўла бир нечта мижозга хизмат кўрсатади. Аудиторлар «гуруҳи» ишлаётгандек кўриниш ҳосил қилиш учун бошқа хўжалик юритувчи субъектларда ишлайдиган малакаси оз бухгалтерлар, аудитор ёрдамчиларини жалб этадилар. Баъзида йирик саноат корхоналарини бор-йўғи бир нафар аудитор текширади, у ишни тез бажаришга «улгуради».

Албатта, буюртмачиларга қимматга тушмайдиган аудиторлик хизматларидан фойдаланиш маъқул келади. Бироқ улардан соч олдиришни сартарошнинг шогирдига ишонармиканлар, деб сўрашни хоҳлардик. Ёки уйни европача таъмирлашни тажрибасиз устага топшириш, институтни эндигина битирган шифокор қўлида бир курс даволанишни олайлик. Сиз, эҳтимол, янги иш бошлаган ёрдамчига эмас, ҳар ҳолда ўз ишининг устасига мурожаат қилсангиз керак.

Аудиторлик текшируви репетиторнинг ўқувчи билан ишлашига ўхшайди. Натижа дарҳол кўзга ташланмайди, бироқ жуда сезиларли бўлади. Бир ҳолатда у боланинг олий таълим муассасасига ўқишга киришида, бошқа ҳолатда эса – мувофиқлаштирувчи текширув якунлари бўйича хўжалик юритувчи субъектга нисбатан жарима санкцияларининг қўлланмаслигида ифодаланади. Сифатсиз репетиторлик эса ота-онани яна бир йил давомида болани ўқишга тайёрлаш ва яна харажат қилишга мажбур этади, хўжалик юритувчи субъектнинг қўл учида қилинган аудити эса унга моддий талафотлар келтириш хавфини солади.

Модомики шундай экан, аудитор олдига аниқ вазифа қўйиш, унга муносиб ҳақ тайинлаш, шартномада унинг текширув сифати учун жавобгарлигини аниқлаштириш ва мустаҳкамлаб қўйиш яхшироқдир.

 

СИФАТСИЗ АУДИТ «АЛОМАТЛАРИ»

Хўжалик юритувчи субъект раҳбарияти унга кўрсатилаётган хизмат сифатига баҳо бериш учун аудиторнинг ички иш ҳужжатларини текшира олмайди. Буни қилиш унчалик осон эмас. Биринчидан, улар бирхиллаштирилмаган, ҳар бир мутахассис ҳам уларда нималар ёзилганини тушунавермайди. Иккинчидан, иш ҳужжатлари аудиторлик ташкилотининг мулкидир.

Бироқ аудитор ишининг сифатини белгилашда унинг ўз касб-кор вазифаларига «совуқ» муносабатини тавсифлайдиган ташқи аломатлар таҳлили ёрдам беради:

мижоз ҳузурига келганда кўп вақтини кераксиз мавзуларда сўз юритиш билан ўтказади (ишга алоқаси бўлмаган мавзуларда кўп гапиради);

мижознинг киши ва моддий ресурсларини жалб этган ҳолда шахсий муаммоларини ҳал этишга уринади (унинг хизматлари ва товарларидан имтиёзли асосларда фойдаланади);

ишлаб чиқариш цехлари, омборлар, ошхона, кириш дарвозаси, тиббиёт пункти, ҳудуд ва бошқаларга бормайди (хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ишлаб чиқариш ва бошқа харажатлар билан боғлиқ жараёнлари билан танишмайди);

мустақил юридик шахслар ҳисобланмаган барча филиаллар ва (ёки) таркибий бўлинмаларга бормайди (айниқса улар республиканинг бошқа минтақаларида жойлашган бўлса);

ўз ишини ёрдамчиларига ишонади ва текширув ўтказиш чоғида хўжалик юритувчи субъект ҳузурига жуда кам келади;

ҳисоб ва ҳисоботдаги тафовутлар, шунингдек бошқа муҳим масалаларни раҳбарият билан аудиторнинг ўзи эмас, балки унинг ёрдамчиси муҳокама қилади;

аудит давомида аниқланган тафовутлар бўйича мулоҳазалари асосланмаган – меъёрий ҳужжатларга ҳаволалар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар бўлмайди.

Бу рўйхат тўлиқ эмас. Ҳар бир ҳолнинг ўз «аломатлари» тўплами бўлиши мумкин. Энг муҳими – уларни ўз вақтида аниқлаш ва аудиторлик ташкилоти раҳбариятига ёзма равишда мурожаат этиб, унга вазиятни ўзгартиришни таклиф этиш.

 

АУДИТОРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ

Қонун чиқарувчи аудиторлик хизматлари бозоридан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, аудитор зиммасига унинг айби билан етказилган зарар суммасини буюртмачига қоплаш мажбуриятини юклаган (аудитор томонидан текширилган молиявий ҳисоботнинг ташқи фойдаланувчиларига етказилган зарар тўғрисида ушбу мақолада сўз юритмаймиз). Унга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши шарт («Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг* 8-моддаси). Зарарни асослайдиган ҳужжатлар рўйхатига буюртмачининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунлари бўйича назорат қилувчи органнинг далолатномаси, экспертиза ўтказиш харажатлари, суд харажатлари, зарарни бартараф этиш харажатлари ва бошқаларни киритиш мумкин.

 

«Зарарлар»га азият чеккан тарафнинг аудиторлик ташкилотининг айби билан қилинган ёки қилиниши керак бўлган харажатлари киради. Бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган ҳисоб-китоб, товар, иш, хизмат кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш учун кетадиган харажатлар сметаси (калькуляция) сифатидаги далиллар, мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик даражасини белгиловчи шартнома ва бошқалар билан тасдиқланган бўлиши керак (ОХС Пленумининг 15.06.2007 йилдаги 163-сон Қарори).

 

Қуйидагилар аудиторлик ташкилоти томонидан ўз мажбуриятлари ижросининг таъминоти бўлиб майдонга чиқади:

суғурта полиси;

унинг ўз маблағлари.

Шуни қайд этиш лозимки, бюджетдан ташқари жамғармаларга қўшимча ҳисобланган солиқлар ва мажбурий тўловлар суммаси хўжалик юритувчи субъектга зарар етказиш деб ҳисобланмайди, чунки уларни ўз вақтида тўлаш – хўжалик юритувчи субъектнинг мажбуриятидир.

 

Салбий хулоса бериш аудиторни етказилган зарар учун, агар у буюртмачи фаолиятида аудитор томонидан аудит давомида аниқланмаган жиддий хатолар туфайли етказилган бўлса, буюртмачи олдидаги жавобгарликдан озод этмайди.

 

Фуқаролик кодексининг 14 ва 706-моддалари, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 24-моддасида сифатсиз хизмат кўрсатганлик учун жавобгарлик аниқ кўрсатилган. Агар аудитор текширилаётган субъект фаолиятида муҳим хатоларнинг бир қисмини топган ва бунинг учун унга салбий хулоса берган бўлса, мазкур ҳолат уни аудиторлик текшируви вақтида аниқламаган бошқа муҳим хатолар оқибатлари учун жавобгарликдан озод қилмайди. Зеро хўжалик юритувчи субъект аудиторга барча муҳим хатолари ва тафовутларини аниқлагани учун пул тўлайди.

Агар аудитор ўз малака сертификатини бошқа шахсга берса ёки аудиторлик текширувини ўтказмасдан аудиторлик хулосасини берса, унга нисбатан аудитор ва раҳбарни малака сертификатларидан маҳрум қилиш ва аудиторлик ташкилотининг ўзини лицензиядан маҳрум қилишга қадар янада қаттиқ санкциялар қўлланади.

 

АУДИТ ҚИЛИНУВЧИНИНГ МАСЪУЛИЯТИ

Ушбу сарлавҳа баъзи раҳбарларни ҳайрон қолдириши мумкин. Нима учун сифатсиз аудит қилган аудитор эмас, улар жавоб беришлари керак?

Гап шундаки, солиқ органлари аудиторни эмас, балки хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятини текширадилар. Уларнинг солиқлар ва мажбурий тўловларни қўшимча ҳисоблаш, молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарори аудиторга эмас, балки у аудит қилаётган корхонага тааллуқлидир.

Санкциялар ва жарималар қўлланганда юридик шахс даставвал солиқ органининг қарорини бажариши керак (агар, албатта, уни суд тартибида низолашмаса). Сўнгра у аудиторлик ташкилотига кўрилган зарарни қоплашлари тўғрисида даъво билан мурожаат қилиши мумкин.

Агар хўжалик юритувчи субъектда кўрсатмани бажариш учун пул маблағлари бўлмаса, солиқ органи унинг банкротлигини бошлаши мумкин. Аудиторлик ташкилоти судда солиқ органининг қарори хусусида ҳам, зарарни ўзи қоплаши тўғрисидаги даъво хусусида ҳам баҳслашиши мумкин. Ҳатто суд қарорлари аудит буюртмачиси фойдасига қабул қилинган тақдирда ҳам ана шу барча суд муҳокамалари, шубҳасиз, унинг молия-хўжалик фаолияти маромини бузади.

Аслида бу – сифатсиз аудит туғдириши мумкин бўлган муаммоларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсларининг жавобгарлиги назарда тутилган. Чунончи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси ва Жиноят кодексининг (ЖК) 184-моддасига кўра жавобгарликка солиқ тўловчи – юридик шахс раҳбари ва бош (катта) бухгалтери ёки бошлиқ ва бош (катта) бухгалтер вазифаларини амалда бажараётган ходимлари, шунингдек банк-молия ҳужжатларини тузиш, имзолаш ҳуқуқига эга бўлган ва бухгалтерия ҳужжатларига даромад ёки харажатлар тўғрисида сохта маълумотлар киритган ёхуд солиқ солинадиган бошқа объектларни яширган ўзга хизматчилари тортилишлари мумкин (ОС Пленумининг 31.05.2013 йилдаги 8-сон Қарорининг 10-банди иккинчи хатбошиси).

 

Юридик шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда, унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ва бошқа жавобгарликдан озод этмайди.

Солиқ кодексининг 108-моддаси.

 

Агар тўланмаган солиқ суммаси ЭКИҲнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорни ташкил этса, айбдор ЭКИҲнинг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади (ЖКнинг 184-моддаси). Ўз вақтида тўланмаган солиқ суммаси қанча кўп бўлса, мансабдор шахслар учун шунча катта жазо тайинланади, улар жаримани корхона кассасидан эмас, балки ўз ҳамёнларидан тўлашлари керак.

Жазодан қутулиш учун раҳбарият ўзининг айбсизлигини, қасддан қилмаганлигини исботлаши ёки айбни аудитор зиммасига юклаши керак. Бунга ҳар доим ҳам муваффақ бўлинавермайди, чунки бухгалтерия ҳужжатларини аудитор расмийлаштирган эмас. Унинг жавобгарлиги солиқ солинадиган даромад борлигини эмас, балки уни яшириш далилини ўз вақтида аниқламаганлиги билан белгиланади.

 

ЖАВОБ БЕРИШГА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МАЖБУР ЭТИШ КЕРАК?

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ сифатсиз хизматлар кўрсатилган тақдирда аудиторлик ташкилоти буюртмачига етказилган зарарни тўлайди. Қонун чиқарувчи аудиторлик ташкилоти ва буюртмачига зарар миқдори ва уни қоплаш тартибини мустақил белгилаш ҳуқуқини беради.

 

Сифатсиз кўрсатилган хизмат учун аудитор келтирилган зарарни буюртмачига батамом тўлаши шарт, лекин бу тўлов шартномада назарда тутилган аудиторлик хизматлари баҳосининг 2 бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас (ФКнинг 706-моддаси).

Агар аудиторлик хизматлари кўрсатиш шартномасида зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, буюртмачи аудитордан ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин (ФКнинг 14-моддаси).

 

Сифатсиз аудитдан ҳимояланиш учун аудиторлик хизматларини кўрсатиш шартномасига қуйидаги бандларни киритишни тавсия қиламиз:

зарар суммасини тўлиқ ҳажмда қоплаш бўйича аудиторнинг жавобгарлиги тўғрисида;

салбий хулоса бериш аудиторлик текшируви вақтида аниқланмаган ҳуқуқбузарликлар бўйича буюртмачи кўрган зарарни қоплашдан аудиторни озод қилмаслиги тўғрисида;

аудиторнинг аниқланган ҳуқуқбузарликларни, масалан, 10 иш кунида тузатиш учун ўз мулоҳазаларини сизга ёзма равишда тақдим этиш мажбурияти тўғрисида. Ушбу муддат тугаганидан кейин у аудиторлик хулосасини мижозга тақдим этишга ҳақли;

хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсларига солинган маъмурий жарималар суммасини, агар уларнинг солинишига аудиторнинг сифатсиз хизмати сабабчи бўлса, аудитор қоплаши мажбурияти тўғрисида.

 

*9.12.1992 йилдаги 734-XII-сон, 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳририда.

 

 

Равшан ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон аудиторлар палатасининг раиси.

Прочитано: 1792 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика