Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 18 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

АЖларга ЗАМОНАВИЙ КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ УСЛУБЛАРИ ЖОРИЙ ҚИЛИНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2015 йил 24 апрель куни «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сон Фармон имзоланди.

Фармон билан АЖнинг намунавий ташкилий тузилмаси маъқулланди ҳамда Корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ҳужжатда белгиланишича, фаолият кўрсатаётган акциядорлик жамиятларини танқидий ўрганиш натижаларига кўра, 364 акциядорлик жамияти ночор ва тугатилиши ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилиши лозим, деб топилди.

Президентнинг 31.03.2015 йилдаги ПҚ-2327-сонли Қарори билан ташкил этилган Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссиясига (кейинги ўринларда – Комиссия) мазкур АЖларни қайта ташкил этиш жараёнини 2015 йилнинг 1 октябрига қадар тугатиш устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Комиссия давлат улушига эга акциядорлик жамиятларининг раҳбарлари таркибини 3 ой муддатда корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари ва принциплари, менежмент ва маркетингни, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда уларни ишлаб чиқаришни бошқариш тизимида қўллай билиши бўйича аттестациядан ўтказиши лозим. Аттестация якунлари бўйича бўшаган лавозимларга янгича фикрлайдиган, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали раҳбарлар, шунингдек, хорижий менежерларни жалб этиш чоралари кўрилади. 2015 йил 1 июлдан АЖ ижро органининг раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги қарор танлов асосида қабул қилинади.

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторига (ВМнинг 20.08.2010 йилдаги 181-сон Қарори билан тасдиқланган) тегишли ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда.

Қабул қилинган Фармон билан тугатиладиган Олий бизнес мактаби негизида Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказини ташкил этиш таклифи маъқулланди. Марказ зиммасига корпоратив бошқарувнинг ташкилий шакллари ва замонавий услубларини жорий қилишни, бошқарув ходимларини тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни таъминлаш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари, 2015 йилнинг 1 июлидан АЖ ва бошқа хўжалик жамиятлари номларида уларнинг устав капиталида давлат улушидан қатъи назар, «давлат» сўзидан фойдаланиш тақиқланди.

2015–2018 йилларда барча АЖ йиллик молиявий ҳисоботни нашр этишга ва Халқаро аудит стандартлари ҳамда Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ ташқи аудитни ўтказишга ўтади.

Фармон билан акциядорлик жамиятлари қуйидаги тўловлардан озод қилинади:

бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ЯИТ тўлашдан;

хорижий мутахассисларнинг бошқарув ходимлари сифатидаги фаолиятидан олган даромадлари даромад солиғи, тўлов манбаидан олинадиган даромад солиғи, шунингдек, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланадиган мажбурий суғурта бадалларидан.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН ТОВАРЛАРНИ БОЖСИЗ ОЛИБ КИРИШ МЕЪЁРЛАРИГА ТУЗАТИШЛАР КИРИТИЛДИ

Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 21.04.2015 йилда 279-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни божсиз олиб киришнинг меъёрий нормаларига ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Энди жисмоний шахслар товарларни бож тўламасдан олиб кириш меъёрлари қуйидагиларни ташкил қилади:

қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон) ҳудудидан олиб кириладиган истеъмол товарлари учун – 10 АҚШ доллари;

юқорида кўрсатиб ўтилмаган давлатлар ҳудудидан олиб кириладиган товарлар учун – 1 000 АҚШ доллари;

юқорида кўрсатилмаган давлатлар ҳудудидан Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар ҳамда жисмоний шахснинг манзилига келиб тушган халқаро почта ёки курьер орқали жўнатмалар учун – 1 000 АҚШ доллари.

Бож тўламасдан олиб кириш меъёри аввалги хатбошида кўрсатилмаган бошқача услубда Ўзбекистонга жисмоний шахсларнинг манзилига келиб тушадиган товарларга татбиқ этилмайди.

Мамлакатимиз ҳудудига жисмоний шахсларнинг манзилига келиб тушадиган товарларни, халқаро почта ёки курьерлик жўнатмаларини олиб киришда бож тўламасдан олиб кириш меъёри ХХТУТ бўйича 52100 «Почта алоқаси» ёки 52200 «Курьер алоқаси» кодлари берилган юридик шахслар орқали товарлар келиб тушганда қўлланилади.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 27.04.2015 йилдаги 16 (672)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
«Norma Profi» эксперти Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 3634 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика