Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 18 / Хўжалик юритиш қоидалари

Қайси ҳолларда товарларни биржадан ташқари харид қилиш мумкин?

Президентнинг «Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида»ги Қарорининг (5.04.2013 йилдаги ПҚ-1948-сон) 1-бандида белгиланишича, устав жамғармасида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) бир шартнома бўйича эквиваленти 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда ЎзРТХБ томонидан ташкил қилинадиган алоҳида савдо майдончасида электрон савдолар воситасида харид қиладилар.

«Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига кўра биржалар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда лицензия олганидан кейин биржа фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Қонун билан барча биржалар учун бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган.

Ўзбекистонда товар ресурслари, хизматларнинг биржа савдосини амалга оширадиган бир нечта биржа мавжуд. Ушбу фаолиятни амалга оширишга лицензияси бўлган Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси, Республика универсал агросаноат биржаси улар жумласига киради.

Устав жамғармасида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари бўлган корхоналар эквиваленти 100 минг АҚШ долларидан ошадиган қийматдаги товарларни ЎзРТХБ ва бошқа биржаларни четлаб ўтиб харид қила оладиларми?

Юқорида саналган субъектлар сирасига кирмайдиган корхоналар эквиваленти 300 дан 100 минг АҚШ долларигача қийматдаги товарларни ЎзРТХБ хизматларидан фойдаланмай ва умуман биржадан ташқарида харид қилишлари мумкинми?

Нарх диапазони (300 дан 100 минг АҚШ долларига қадар) тўғрисидаги талаб фақат РТХБга татбиқ этиладими ёки у бошқа биржалар, хусусан, Республика универсал агросаноат биржаси учун ҳам электрон савдо тизимини қўллаганда мажбурийми?

Консалтинг компанияси директори.

 

– Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.2000 йилдаги 456-сон Қарорининг (бундан кейин – 456-сон Қарор) 1-бандига кўра битта контракт бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқ бўлган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар тендер асосида харид қилинади, шунингдек хорижий етказиб берувчилар билан тузиладиган тендер контрактлари бўйича юклар ташилишини таъминлайдиган транспорт-экспедиторлик компаниялари тендер асосида танланади.

Мазкур тартиб давлат бюджети, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари, Президент ёки Ҳукуматнинг қарорларига мувофиқ ташкил этилган давлат мақсадли маблағлари ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар билан Президент ёки Ҳукумат томонидан тузилган шартномалар доирасида бериладиган хорижий грантлар маблағлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси кафолати остида бериладиган хорижий кредитлар молиялаштириш манбаи бўлганда мажбурийдир.

Агар:

товарлар (ишлар, хизматлар) Президент ва Ҳукуматнинг қарорларига мувофиқ харид қилинаётган бўлса;

донор мамлакатларнинг, тегишли халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг тартиботларида ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида хорижий кредитлар бериш ва хорижий грантлар бериш шартларида товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг ўзгача тартиби белгиланган бўлса, тендерлар ўтказилмайди.

Қонун ҳужжатларининг эквиваленти 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда ЎзРТХБ томонидан ташкил қилинадиган алоҳида савдо майдончасида электрон савдолар воситасида харидларни амалга ошириш тўғрисидаги талаби Президентнинг 5.04.2013 йилдаги ПҚ-1948-сон Қарорининг (бундан кейин – ПҚ-1948-сон Қарор) 1-бандида кўрсатилган тадбиркорлик субъектларигагина татбиқ этилади. Ушбу ҳужжатга кўра устав жамғармасида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари ана шундай субъектлардир. Шу ўринда ПҚ-1948-сон Қарор бошқа биржаларнинг фаолиятини тартибга солмаслигини қайд этиб ўтамиз.

Бинобарин, бошқа корхоналар ўз хоҳишларига кўра биржа савдолари тартиботини четлаб ўтиб ёки савдоларнинг шаклидан қатъи назар исталган биржа майдончасида харидларни амалга оширишлари мумкин.

Кўриб чиқилган ҳужжатларда савдоларга риоя этиш шартларини белгилашдаги фарқни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Агар 456-сон Қарорда тендер савдоларининг мажбурийлиги молиялаштириш манбаларига боғлиқ бўлса, ПҚ-1948-сон Қарорни харид қилувчи корхона мақомига боғлиқ ҳолда қўллаш керак. Бундан ташқари, 456-сон Қарор талаблари ҳатто вазирликлар ва идоралар учун ўз маблағлари ҳисобига хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилишда фақат тавсия тусига эга (2-банднинг учинчи хатбошиси).


Маҳкам ВОҲИДОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 1998 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика