«Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга* биноан тегишли малака сертификати соҳиби аудитор деб аталиши мумкин. Бундан ташқари, у ёки бу қобилиятини, аудиторлик маҳоратини тасдиқловчи қўшимча сертификатлари ҳам бўлиши мумкин. Сертификатларни олиш учун бизда ҳамма имкониятлар яратилган.
● CAP/CIPA – Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгашининг сертификатлаштириш борасидаги бу дастури ҳисоботларнинг халқаро шаклларига ҳам, маҳаллий қонун ҳужжатларини билиш соҳасига ҳам мўлжаллангандир. Ўзбекистонда бу дастур бўйича ўзбек ва рус тилларида таълим олиш ва имтиҳон топшириш мумкин. Бундай сертификатлаштириш МДҲга аъзо мамлакатларда анча кенг шуҳрат топган.
● ACCA – дипломли сертификатланган бухгалтерлар уюшмасининг (The Association of Chartered Certified Accountants) сертификатлаштириш дастури бўлиб, Буюк Британиядаги бу уюшма кўпчиликнинг ҳурматини қозонган халқаро ташкилотлардан бири, уни ер юзидаги 170 мамлакатда тан оладилар. Мазкур дастур бухгалтерия ҳисоби соҳасида профессионал билим, маҳорат ва кўникма олишга қаратилган. Сертификатлаштириш халқаро стандартларини ўрганишга йўналтирилган бўлиб, Халқаро бухгалтерлар федерациясининг (IFAC) халқаро таълим стандартларига мувофиқ келади. Дастур ишлаб чиқувчиларининг айтишича, сертификатланаётганларнинг профессионал билим ва кўникмалари, одоб-ахлоқи ниҳоятда юксак савияда текширилади.
● Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR) АССА бўйича малакалашдан биридир. У Халқаро молия ташкилоти дастури бўйича таълим натижалари асосида берилади. Бу ерда халқаро молия ҳисоботининг асослари, ғоя ва принциплари ўрганилади, шунингдек тингловчилар стандартларни халқаро бозорда ишлатиш учун амалий қўлланув кўникмаларини ҳам оладилар.
● СPA Америка сертификатланган аудиторлар институти ёки Америка дипломли олий малакали бухгалтерлар институти (American Institute of Certified Public Accountants – AICPA) томонидан ўтказиладиган сертификатлаштиришдир. Бундай сертификатлаштиришдан ўтганлар сертификатланган аудитор ёки дипломли олий малакали бухгалтер (инглизча Certified Public Accountants) тариқасида, яъни молиявий ҳисобот соҳасидаги сертификатланган мутахассис сифатида малакаланади. Бу эса, аудит, солиқ солиш, молиявий ҳисоб ва ҳисобот бўйича профессионал билим борлигининг тасдиғидир.
Бу халқаро ва МДҲга аъзо мамлакатлар бўйича Ўзбекистонда олиш мумкин бўлган малакаларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхатидир. Қандай сертификат кераклигини ва умуман улардан қай бирини танлаш масаласини ҳар бир аудитор ёки бухгалтернинг ўзи ҳал қилади.
Муваффақиятли иш олиб бориш учун аудиторга қанча сертификат керак? Умуман унга қўшимча маълумот зарурми, битта малака сертификатининг ўзи етмасмикан деган саволларни бир неча сертификат соҳиби бўлган амалиётчиларга бердик.
Светлана ГОЛОСОВА, «TRI-S-Audit» аудиторлик ташкилоти директори:
– Аудитор бухгалтерия ва бошқарув ҳисоби, юриспруденция, солиқларни тўғри ҳисоблаш, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини тўғри қўлланиш бўйича етарлича билимга эга бўлиши, қимматли қоғозлар бозорининг ўзига хос хусусиятларини, молия борасидаги халқаро ҳужжатларни мукаммал билиши, битта (яхшиси бир нечта) чет тилини билиши, психология сир-асрорларини ҳам эгаллаган бўлиши лозим.
Аудиторликка тармоқ фаолияти билан боғлиқликда қарайдиган бўлсак, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Зотан, ҳар бир тармоқ бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш бобида ҳам, уни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари борасида ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Бинобарин, аудитор ҳамиша фаолиятнинг ҳаққонийлиги, қонунийлиги тўғрисидаги масалани, бу борада ҳал қилувчи ҳужжатлар бор-йўқлигини кўриб чиқади, тузилган битимларга тегишли баҳо беради ва уларни таҳлил қилади, йиғилиш қарорларини ҳам таҳлил қилиб кўради.
Бу жуда муҳимдир. Ана шу билимларнинг ҳаммаси аудиторлик сертификатига талабгорнинг тайёргарлик даражасини аниқлашни кўзлаб сертификатлаштириш ва аттестациядан ўтказишда текшириб кўрилади. Аудитор буюртмачилар олдида (одатда корхоналар раҳбарлари буюртмачи бўладилар) жавобгар бўлиб қўя қолмайди. У мулкдорлар олдида фаолият самарадорлигига баҳо бериш ва дивидендларни ҳисоблаб чиқиш учун ҳам жавобгардир. Назорат қилувчи идораларга унинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар қонун ҳужжатларига мувофиқ тўланганлиги ҳақидаги хулосаси керак. Негаки, кўпгина корхоналарнинг аудити ҳар йили ўтказилади, назорат қилувчи идораларнинг текширувлари эса, 3–5 йилда бир марта ўтказилади. Табиийки, бундай хулосалар бўлажак мижозларни ҳам қизиқтириши мумкин.
Шу боис аудитор текширув учун борар экан, корхонанинг молия-бухгалтерия хизмати мутахассисларидан том маънода ҳар тарафлама баланд бўлмоғи лозим. Акс ҳолда у ўтказган аудит сифати шубҳа уйғотади, аудиторнинг ёрдами эса, етарли бўлмайди.
Шу ўринда ҳар бир аудитор юқорида айтиб ўтилган билимларни, шунингдек қўшимча билимларни эгаллаши шартми деган савол туғилади. Бунга бирдек (бир хил) жавоб бериб бўлмайди. Ҳарқалай, унинг шундай билимларга эга бўлгани маъқул.
Аудиторлик ташкилотида шундай мутахассислар етарли даражада бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Қонун ҳужжатларимизда, зарурати бўлганда, аудиторлик ташкилотига экспертларни таклиф этишга рухсат берилади. Буни оқилона, ёндашув деб ҳисоблаймиз. Мазкур ёндашув аудиторда барча кўникмалар бўлиши ва буни ҳужжатлар билан тасдиқлаши зарур деб талаб қилмасликка имкон беради. Зотан, кўникма ҳам, тажриба ҳам вақти келиб орттириладиган нарса, фурсати келганда сертификатга ҳам эга бўлинади. Аудитор мустақил текширув ўтказишига ижозат бериш учун унда олий иқтисодий маълумот, бухгалтер ёки аудитор ёрдамчиси бўлиб ишлаганлиги стажи етарли, бизнингча.
Мен сифатсиз аудитдан сақланиш учун аудиторлик дипломи ва сертификатидан ташқари қатор ҳужжатлар бўлишини талаб қилиш истагини ҳам тўғри тушунаман. Аммо ҳамонки, бозор иқтисодиёти шароитида яшаётган эканмиз, ҳар бир мутахассис аудиторлик ташкилотига ўзини «қимматроққа ўтказишга» ҳаракат қилиши таажжубланарли эмас. Унинг «қиммати» бу соҳадаги иш стажига, халқ хўжалиги ҳар хил тармоқларининг ўзига хос хусусиятларини билишига ва унда буларни тасдиқловчи ҳужжатлар (дипломлар, сертификатлар, гувоҳномалар) борлигига қараб ошиб, кўтарилиб боради.
Ўз навбатида аудиторлик ташкилоти хизматлар сифатини оширишга, нуфузини кўтаришга ҳаракат қила бориб, ходимларини кўпроқ ва яхшироқ таълим олишига ҳаракат қилади ёки шаклланиб улгурган мутахассисларни ишга таклиф қилиш пайида бўлади. Ўз сайтларида тижорий таклифларни кўрсатиши ҳам мумкин. Йўқса, бундай ташкилот бозорда кун кўриши мушкул.
Қонун ҳужжатлари аудиторлик ташкилотлари зиммасига халқаро тармоққа кириб бориш мажбуриятини юкламайди. Улар ўз савияларини, рақобатбардошлик қобилиятларини ошириш истагида бўлсалар, қўшимча ҳажмларни жалб этишлари, мижозлар сонини кўпайтиришлари, ўз мақомларини оширишлари лозим. «Баҳосини ошириш» истагидаги аудитор ҳам албатта таълим олади ва сертификатланади деб ўйлаймиз. Негаки, бу энг аввало, унинг ўзи, унинг манфаатлари учун керак.
Борис ФРОЯНЧЕНКО, «Fineks» МЧЖ директори:
– Аудиторларга қўшимча сертификатлар керакмикан ўзи, аслида? Мен аудитор учун тажриба, ишлай билиш маҳорати муҳим деб ҳисоблайман.
Бу борада менга америкача ёндашув маъқул кўринади. Уларда мутахассиснинг маҳорати, уқуви ва тавсияларга кўпроқ эътибор беришади. Баъзан ҳамкасабаларим ва мижозларнинг фикр-мулоҳазалари бирон-бир сертификат борлигига нисбатан кўпроқ маълумот, ахборот бериши мумкин. Аммо бундан сертификат керак эмас экан-да, деган хулоса чиқариш тўғри бўлмайди. Фикримча, рухсат этувчи сертификатлар зарур, улар бирон-бир фаолият билан шуғулланиш имкониятини беради. Бундай сертификатлар қанча кўп бўлса, фаолият соҳаси ҳам шунча кенг бўлади.
Масалан, менда олий юридик маълумот йўқ, лекин Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги ҳакамлик судьялари рўйхатидаман. Солиқ маслаҳатчиси борасидаги амалиётим, тажрибам, суд муҳокамаси асосидаги ижобий қарорлар мени бу рўйхатга киритишларига сабаб бўлган бўлса керак. Профессионал ҳуқуқшунослар ва адвокатларнинг менга билдираётган ишончидан фахрланаман, бу ишончни жуда-жуда қадрлайман ҳам.
Умуман олганда, сертификатни зарур билимларнинг далилларидан бири деб ҳисоблайман. Мабодо, вақт ва имконият бўлса, бундай билим олишга нима етсин?! Лекин сертификатли бўлишнинг ўзи мижозларнинг мураккаб амалий масалаларини ҳал этиш имкониятини бермайди. Бинобарин, аудитор профессионал сертификатдан ташқари, ўзи танлаган йўналишларда иш олиб бориш имкониятини берадиган сертификатларга ҳам эга бўлиши даркор. Шу билан бирга ёш мутахассислар эътиборини сертификатли бўлиш шунчаки омил эканлигини, ҳар қандай мутахассис ўз олдига қўйган асосий мақсадга эришиш – хизматига ҳамиша талаб бўлишига эришиш учун ўз устида кўп, жиддий тарзда иш олиб бориши, табиат инъом этган қобилият ва лаёқатини имкон қадар ўстириши лозим.
Евгения СОН, «Yaran Audit» МЧЖ раҳбари:
– Менинг наздимда, аудитор бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида профессионал даражада яхши тайёргарлик кўрган, юриспруденция, стратегик режалаштириш, маркетинг борасида ҳам етарлича билимга эга бўлган мутахассисдир. Унда қўшимча кўникмалар бўлиши жуда-жуда муҳимдир. Негаки, аудиторларга кўпинча ҳисоботни текшириб беришни буюртиришгандан корхонанинг молиявий аҳволини, ички назорат тизимини, бошқарув ҳисоби, бизнес билан боғлиқ жараёнлар самарадорлигини таҳлил этиб беришни сўрайдилар, маҳсулотнинг янги линиясини йўлга қўйиш юзасидан текширувлар ўтказишни, ҳисоб-китоб қилиб беришни илтимос қилишади, шунингдек бизнес ишини йўлга қўйиш, баҳолаш, уни ажратиб олиш ёки ёпиш борасида маслаҳатлашадилар.
Бундай хизматларни кўрсатишда қўшимча билим ва кўникмаларсиз иш битмайди. Бундай билим ва кўникмаларни эса, одатда, ихтисослаштирилган семинарларда, тренингларда, маҳорат сабоқларида ва бевосита амалиётда оладилар. Сертификатга эга бўлиш масаласига бир хил ёндашиб бўлмайди. Мамлакатимизда кенг обрў орттирган CAP, CIPA, АССА, DipIFR дастурлари халқаро сертификатлаштиришга асосланган. Демак, уларнинг дастури мутахассиснинг камолотига ёрдам беради.
Бироқ бу фанларни кўпинча аъло даражада назарий билимга эга бўлса-да, бу дастурларни амалий қўлланишда ё умуман тажрибасиз, ёки тажрибаси кам мутахассислар ўқитадилар. Менинг фикримча, таълим вақтида олинган билимлар, албатта, амалиёт билан мустаҳкамланмоғи керак. Қуруқ назариянинг ҳеч кимга кераги йўқ. Шу маънода миллий сертификатлаштиришнинг жорий этилиши ажойиб қарор бўлур эди. Унинг дастурига назариядан ташқари, таркибий ўзак қисм сифатида амалиёт ҳам киритилган бўлур эди. Фанларни эса, муваффақиятли бизнес лойиҳалари намояндалари, билимдон, уқувли тадбиркорлар олиб борган бўлур эдилар.
*9.12.1992 йилдаги 734-XII-сон Қонуннинг 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳририда.