«UzPaynet» МЧЖ ҚК тўлов агентлик тармоғи орқали жисмоний шахслардан тўловларни қабул қилиш соҳасида бош агент ҳисобланади. Тўловларни қабул қилиш учун у тўлов агентлари – юридик шахслар, уларнинг филиаллари ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорлар билан шартнома тузади.
Ушбу соҳадаги муносабатларни Тўлов агентлик тармоғи орқали жисмоний шахслардан тўловларни қабул қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 10.03.2014 йилдаги 56-сон Қарорига 6-илова) тартибга солади. Унда, хусусан, хизматлар провайдерлари ва телекоммуникациялар операторларига тўланадиган экспресс-карточкалар тўлов агентлик тармоғи орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Бундай скретч-карталар товар деб ҳисобланадими?
Д.Иброҳимов,
«UzPaynet» МЧЖ ҚК бош директори.
– Экспресс тўлов картаси одатда телекоммуникация хизматларининг операторлари ва провайдерлари ҳисобланган хўжалик юритувчи субъектларнинг хизматларига олдиндан кодлаштириш ва унда кўрсатилган хизматга ҳақ тўланганидан кейин активациялаш йўли билан олдиндан ҳақ тўлаш усулларидан биридир.
Экспресс тўлов картаси ёки, сиз айтгандек, скретч-карта билан боғлиқ савол бошқачароқ йўсинда илгари ҳам кўтарилган эди. Худди шундай мурожаатга жавоб бераркан, Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Э.Гадоев кўрсатилган карталар товар ҳисобланмайди, тегишинча, реализация қилинган карталар қиймати товар оборотига (ўйлашимизча, савдо корхоналарига тегишли) – ялпи тушумга киритилмайди деган эди (қаранг: «Ҳисоб ва тушумни ажратинг», «Норма маслаҳатчи» газетасининг 6.02.2007 йилдаги 6 (83)-сони).
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Profi» эксперти.