Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 18 / Хўжалик юритиш қоидалари

МЧЖдан чиқиш ҳуқуқи

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – Қонун) 8-моддасига мувофиқ МЧЖ иштирокчилари жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар, Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда жамиятдан чиқишга ҳақлидирлар. Бироқ амалиётда бир қатор ҳолларда мазкур ҳуқуқни амалга ошириш ғоятда мушкулдир. Мақоламизда ушбу ҳолатлар, инсон омили ва Қонун меъёрларини қатъий тарзда қўллаш тўғрисида сўз юритамиз.

 

ЭҲТИМОЛДАН ҲАҚИҚИЙ ҲОЛГА ҚАДАР

Қонуннинг 8-моддаси ва Олий хўжалик суди Пленумининг 20.06.2014 йилдаги 262-сон Қарорининг (бундан кейин – ОХС Пленумининг 262-сон Қарори) 21-бандига кўра жамият таркибидан чиқиш ҳуқуқи сўзсиз бўлганлиги боис (яъни МЧЖ бошқа иштирокчиларининг розилиги ва бошқа расмиятчиликларга боғлиқ эмас, Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), жамият лозим даражада хабардор қилинганидан кейин иштирокчи иштирокчилар таркибидан чиққан деб ҳисобланади. Агар чиқиб кетаётган иштирокчи таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибга риоя этган бўлса, хабардор қилиш лозим даражада бўлган деб ҳисобланиши керак (Қонуннинг 12-моддаси еттинчи хатбошиси ва 13-моддаси тўққизинчи хатбошиси). Одатда бу иштирокчи ўзининг чиқиши тўғрисида жамият номига ёзма қарор (ариза) тақдим этиши билан амалга оширилади.

Ариза берилди ва жамият хабардор қилинди дейлик. Шу пайтдан бошлаб иштирокчи ундан чиққан ҳисобланади, унинг улуши эса Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисми қоидаларига асосан жамиятга ўтади. Бунинг учун, такрор қайд этамиз, чиқиш тўғрисида аризанинг келиб тушиши далили бўйича иштирокчиларнинг умумий йиғилиши бирор-бир қарор қабул қилиши талаб қилинмайди.

Бироқ жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш керакми деган савол юзага келади.

Қонуннинг 11-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади. Иштирокчининг устав фондидаги улуши жамиятга ўтишини тартибга соладиган Қонуннинг 22-моддасида иштирокчининг чиқиб кетиши ва унинг улуши МЧЖга ўтиши муносабати билан умумий йиғилиш томонидан таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиниши ҳақида талаб қайд этилмаган.

Шу билан бирга амалиётда корпоратив бошқарув соҳасида ишлайдиган мутахассисларнинг тавсияларига кўра кўпинча бундай ўзгартишлар киритилади. Натижада таъсис ҳужжатларида иштирокчилар жумласида... жамиятнинг ўзи қайд этилади.

Бироқ жамиятнинг янги мақоми таъсис ҳужжатлари ва Қонунга мувофиқ иштирокчиларига берилган бирор-бир ҳуқуқ ва мажбуриятларни (Қонуннинг 8, 9-моддалари, 23-моддасининг биринчи қисми) унга бермаслиги боис, бундай амалиёт, фикримизча, ўзини оқламайди, балки ҳужжатлар пакетини тайёрлашга вақт, давлат божи тўлашга ортиқча харажат қилишга олиб келади. Шундай бўлса-да, у рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа давлат органларининг мансабдор шахслари бир (ёки бир нечта) иштирокчининг чиқиши ва фақат таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар киритилганидан кейингина унинг (уларнинг) улуши жамиятга ўтиши муносабати билан юз берадиган МЧЖ иштирокчилари алмашинишини легитим деб эътироф этишга сабаб бўладиган ҳолатга мисол бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга амалдаги қонун ҳужжатларининг меъёрларидан келиб чиқилса, кўриб чиқилаётган ҳолда уларни киритмаслик далили:

иштирокчининг жамият таркибидан чиқишини юз бермаган деб эътироф этиш (чунки унинг МЧЖдан чиқиш ҳуқуқи сўзсиздир);

чиқиб кетган иштирокчи улушининг жамиятга ўтишини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш (Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган меъёрнинг императивлиги боис) учун асос ҳисобланмайди.

Рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа давлат органлари баъзи мансабдор шахсларининг позициясига келсак, бунда шуни эслатиш ўринлики, уларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланган ва жавобгарликка тортилишларига олиб келади (Президентнинг 15.06.2005 йилдаги «Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот тизимини такомиллаштириш ва уни ноқонуний талаб этганлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида»ги ПҚ-100-сон Қарорининг 7-банди учинчи хатбошиси).

Шу тариқа, иштирокчининг улуши жамиятга ўтишига олиб келадиган чиқиши қарор қабул қилиш ва таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритишни талаб қилмайди. Кейинчалик, МЧЖ йил мобайнида унга тегишли бўлган улушни Қонун талабларига мувофиқ тасарруф этганда: уни иштирокчилар ёки учинчи шахсларга сотганда ёхуд иштирокчилар ўртасида уларнинг устав фондидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимлаганда ёки улушни сўндирганда, – унда бу ҳол билан боғлиқ ўзгартишларни тегишли қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир ой ичида рўйхатдан ўтказиш мажбурияти вужудга келади.

 

«ҚОҒОЗ ҲАММАСИГА ЧИДАЙДИ»

Ягона иштирокчининг жамиятдан чиқиши мумкинлиги масаласи ҳам ҳозирги вақтгача мунозарали бўлиб қоляпти. Бир қатор экспертлар бунга йўл қўймай, бунда иштирокчилар кўп бўлишини тахмин қиладиган Қонуннинг 21 ва 23-моддаларига асосланадилар. Бундай асос-далил, фикримизча, унча ишонтирарли эмас. МЧЖнинг ягона иштирокчиси Қонуннинг 8-моддасида кафолатланган ҳуқуқларнинг минимал рўйхатидан фойдалана олмаслигининг бирдан-бир сабаби – моддада «иштирокчи» атамаси кўпликда келтирилганидадир.

Фикримизча, аввало Ўзбекистон қонун ҳужжатларида ягона иштирокчининг жамиятдан чиқиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслиги меъёри мавжуд эмаслигидан келиб чиқиш керак (яқин хориждаги бир қатор мамлакатларнинг қонун ҳужжатларидан фарқли равишда). Албатта, Қонуннинг маъноси ҳақида мулоҳаза юритиш мумкин, бироқ шундай вазият вужудга келса, бу амалиётда мақбул натижа берармикан?

Хорижий корхона директори норезидент – жамиятнинг ягона иштирокчисидан унинг МЧЖдан чиқиши тўғрисида хабарнома олди дейлик. Қоғоз ҳаммасига чидайди, раҳбарият нима қилиши керак?

 

Жамият устав фондидаги 100 фоизлик улушни реализация қилиши керакми?

Бироқ директор улушни учинчи шахсларга сотиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас. Қонуннинг 23-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ улушни учинчи шахсларга сотиш, шунингдек у билан боғлиқ ўзгартишларни таъсис ҳужжатларига киритиш фақат жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг улар бир овоздан қабул қилган қарорига кўра амалга оширилади. МЧЖ директори унинг иштирокчиси ҳисобланмаслиги, жамиятга тегишли улушлар эса овоз бериш натижаларини аниқлашда ҳисобга олинмаслиги боис (яъни Қонун 23-моддасининг биринчи қисмига асосан жамият қарорлар қабул қилишга ҳақли эмас), директор устав фондидаги 100 фоизлик улушни учинчи шахсга реализация қилишга ҳақли эмас.

 

Чиқиб кетган иштирокчининг улушини ўзи сотиб оладими?

Жамият директори шарҳланаётган вазиятда унинг иштирокчиси ҳисобланмаслиги боис, унга МЧЖ устав фондидаги улуш реализация қилинганда битимга нисбатан Қонуннинг чиқиб кетган иштирокчининг улушини учинчи шахсга реализация қилишга татбиқ этиладиган қоидалари қўлланади. Жамиятнинг ўзи қонун чиқарувчи томонидан овоз бериш ҳуқуқидан амалда маҳрум этилганлиги боис директор улушни ўзига сотиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳам ҳақли эмас.

 

Жамият устав фондидаги улушни сўндирадими?

Устав фондини ноль даражагача камайтиришга йўл қўйиб бўлмайди: биринчидан, жамият кредиторлар олдидаги ўз мажбуриятларининг бажарилишини кафолатлайдиган энг кам миқдордаги капиталсиз қола олмайди. Ҳатто МЧЖ рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йилдан кам вақт ўтган ва у эълон қилган устав фондини шакллантириш мажбуриятларини бажариш муддати тугамаган бўлса ҳам, жамиятнинг тўлиқ шаллантирилган устав фонди жамият уставига ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасида амал қилган қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдоргача камайтирилиши мумкин (Қонуннинг 19-моддаси иккинчи қисми маъносидан келиб чиқилганда).

Иккинчидан, директорда ҳам, жамиятда бўлганидек, овоз бериш ҳуқуқи мавжуд эмас. Шу боис у устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қила олмайди.

Кўрсатилган сабабларга кўра юқорида айтилган учта вариант комбинациясини ҳам қўллаб бўлмайди.

 

Жамият иштирокчисининг аризаси устидан судга шикоят қилиши керакми?

Жамият ягона иштирокчисининг МЧЖдан чиқиш тўғрисидаги аризаси жамият бошқаруви юқори органининг қарори ҳисобланади (у ариза, хабарнома ва бошқача тарзда расмийлаштирилганидан қатъи назар). Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ жамият бошқаруви юқори органи қабул қилган қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига овоз беришда иштирок этмаган жамият иштирокчиси эгадир.

Кўрилаётган вазиятда жамият чиқиб кетган иштирокчи томонидан шарҳланаётган қарор қабул қилинишида қатнашмаган иштирокчи ҳисобланади. Тўғри, Қонун 41-моддасининг маъноси бошқача бўлса керак. Бироқ Қонунда бундай қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқини жамиятга беришни рад этиш учун асослар йўқ.

Хўжалик процессуал кодекси 23-моддасининг 4-бандига кўра иштирокчилар ўртасидаги, шунингдек иштирокчилар ва жамият ўртасидаги низолар бўйича ишлар хўжалик судига тегишли. ОХС Пленумининг 262-сон Қарори 20.1-бандига мувофиқ жамият бошқаруви юқори органининг қарори:

у қонун ҳужжатларига зид бўлган;

қонун ҳужжатлари ва уставда белгиланган мазкур қарорни қабул қилиш тартиби бузилган ҳолда ўтказилган ҳоллардагина, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Юқорида айтилганидек, қонун ҳужжатларида жамият таркибидан ягона иштирокчининг чиқиб кетишига йўл қўйилмайдиган меъёр мавжуд эмас. Демак, мазкур қарорни амалдаги қонун ҳужжатларига зид деб ҳам эътироф этиб бўлмайди. Шу сабабли иштирокчилар таркибидан чиқиб кетишнинг уставда белгиланган тартибига риоя этилганда жамиятнинг даъво талабларини қондириш рад қилиниши мумкин.

 

Ихтиёрий тугатилиши керакми?

Корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарор унинг қатнашчилари томонидан қабул қилинади (Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида низомнинг1 3-банди). Ўз устав фондининг ягона иштирокчисига айланган жамият Қонуннинг 23-моддаси биринчи қисми билан қарор қабул қилиш ҳуқуқида чекланганлиги боис, директор компанияни ихтиёрий равишда тугата олмайди.

 

Банкротлик таомилини бошлаши керакми?

Банкротлик таомилини қўзғатиш фақат «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг2 4-моддасида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлгандагина амалга оширилади. Директорнинг хўжалик судига ариза беришига мазкур жамият ягона иштирокчисининг қарори асос бўлиб хизмат қилади («Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси иккинчи қисми). Жамият бошқаруви юқори органининг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган МЧЖ директори ҳатто аломатлари мавжуд бўлганда ҳам банкротлик таомилини бошлай олмайди.

Шунингдек у чиқиб кетган иштирокчи олдидаги унинг устав фондидаги улуши бозор қийматини тўлаш бўйича мажбуриятини бажара олмайди, чунки фақат бошқарув юқори органининг қарори унга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бунда жамиятнинг ўзи, биз юқорида айтгандек, бирор-бир қарорни қабул қилишга ҳақли эмас. Шу боис йил тугаши билан МЧЖда нафақат унга тегишли бўлган улушларни тасарруф этиш бўйича ижро этилмаган мажбурият, балки чиқиб кетган иштирокчи (норезидент) олдида кредиторлик қарзи ҳам вужудга келади.

 

ИЛОЖ ДОИМ ТОПИЛАДИ

Директор иложсиз аҳволда қолади деб бўлмайди. Ҳатто шундай вазиятдан ҳам чиқиш йўли бор. Мазкур жамиятни рўйхатдан ўтказган органга МЧЖда муассислар (иштирокчилар) мавжуд эмаслиги хусусида хабар қилган ҳолда ёзма мурожаат қилиб, бу масалани ҳал этиш мумкин. Бундай мурожаат келиб тушганлиги далили бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган белгиланган тартибда муассислари (қатнашчилари) йўқлиги боис корхонани тугатиш тўғрисида хўжалик судига ариза билан мурожаат қилишга ваколатлидир (Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида низомнинг3 5-бўлими, бундан кейин – 327-сон Низом).

Жамиятни тугатиш жараёни тугаллангандан сўнг қолган мол-мулк тегишли орган томонидан эгасиз мол-мулк сифатида ҳисобга олинади. Тугатиш жараёни тугаллангандан сўнг қолган пул маблағлари мавжуд бўлган тақдирда улар сақланиши ташкил қилинади. Сақлаш муддати тугатиш жараёни тугаллангандан кейин 3 йилдан ошмаслиги керак. Пул маблағлари мавжуд бўлмаганда ёки сарфланиб бўлган тақдирда, мол-мулк сақланмайди ва сотиб юборилади. Тушган маблағлар, операция харажатларидан ташқари, банкда ушбу мақсад учун махсус очиладиган ҳисобвараққа ўтказилади. Чиқиб кетган иштирокчи билан ҳисоб-китобдан кейин қолган сумма корхона тугатилган вақтдан камида 3 йилдан сўнг маҳаллий бюджетга ўтказилиши керак (327-сон Низомнинг 5.4-банди).

Профессионал аудиторлик ва адвокатлик тузилмалари, шунингдек солиқ ва ҳуқуқ соҳаларидаги бошқа мутахассислар ишнинг индивидуал хусусиятлари ва амалдаги ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда бошқа вариантларни тавсия қилишлари мумкин. Директор ягона иштирокчининг жамият таркибидан чиқиши тўғрисида хабарнома олиши билан дарҳол профессионал ёрдамга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқдир. Бир қатор ҳолларда мазкур босқичда активлар ва молиявий мажбуриятларни инвентаризациялаш, назорат қилувчи органларнинг жамиятни текшириши (улар мавжуд бўлганда) ва юзага келган ҳолатларга боғлиқ ҳолда бошқа чораларни кўриш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

1Президентнинг 27.04.2003 йилдаги ПҚ-630-сон Қарори билан тасдиқланган.

25.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон, 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда.

3ВМнинг 3.07.1999 йилдаги 327-сон Қарори билан тасдиқланган.

Екатерина АДЕЕВА,

«Baker Tilly Uzbekistan» аудиторлик-консалтинг компаниялари

гуруҳининг юридик амалиёт раҳбари ўринбосари.

Прочитано: 2393 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика