Norma.uz

Қиймат ўртача эди

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

МЧЖ (ижарага берувчи) ва ХФ (ижарачи) 2014 йил мартида 11 ойга автосервис биносини 110 млн сўмга ижарага олиш шартномасини туздилар. Ўша йилнинг июнида ижарачи ижарага берувчи билан келишган ҳолда автотранспорт таъмирланадиган алоҳида хоналарни мукаммал таъмирлади. Шу муносабат билан у йил охиригача ижара ҳақини тўлашдан озод этилди. Ноябрь ойининг охирида ижарага берувчи ўзининг мулкий комплексини бошқа МЧЖга сотди. Декабрда ўтказилган ички текширув давомида янги мулкдор таъмир қийматини оширилган деб ҳисоблади ва ноябрьдекабрь ойлари учун 20 млн сўм ижара ҳақи киритилишини талаб қилди. Ижарачи унга рад жавоби бериб, буни таъмирлаш харажатлари қилинган ишларга мувофиқ келади деб асослади. Бунга қўшилмаган ижарага берувчи 2015 йил январида хўжалик судига 20 млн сўм асосий қарз, 200 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

Биринчи инстанция хўжалик суди МЧЖ талабларини қисман қондирди. Апелляция ва кассация инстанциялари унинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, даъвогарнинг шикоятини эса қондиришсиз қолдирди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Ўтган йил охирида МЧЖ бутун мулкий комплексни, шу жумладан автосервис биносини ҳам харид қилди. Ички текширувнинг кўрсатишича, ХФ алоҳида хоналарни мукаммал таъмирлаган. Тақдим этилган ҳужжатларга кўра унинг қиймати 60 млн сўмни ташкил қилган. Бироқ баҳоловчи компания у 40 млн сўмдан ошмайди деган хулоса берди. Шу сабабли биз ижарачига 2014 йил ноябрь–декабрь ойлари учун 20 млн сўм миқдорида ижара ҳақи тўлашни талаб қилиб мурожаат этдик.

 

ХУСУСИЙ ФИРМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

– 2014 йил мартида биз аввалги мулкдор билан автосервисни ижарага олиш шартномасини туздик. У билан келишган ҳолда 2014 йил июнида ўз кучимиз билан ва ўз ҳисобимиздан 60 млн сўмлик мукаммал таъмирлашни амалга оширдик. Харажатларни тасдиқлайдиган барча ҳужжатларни, шу жумладан смета, бажарилган ишлар далолатномаси, қурилиш материалларини харид қилиш шартномаларини аввалги ижарага берувчига тақдим этдик, у харажатларни асосланган деб ҳисоблади. Шу муносабат билан бизни йил охиригача ижара ҳақи тўлашдан озод қилишди. Автосервисни харид қилган янги мулкдор бизга 2014 йил ноябрь–декабрь ойлари учун 20 млн сўм ижара ҳақи тўлашимизни талаб қилди. Биз мазкур талаб асоссиз деб ҳисоблаймиз, чунки ХФ таъмирлаш суммасини оширмаган. Даъвони ҳам асоссиз деб ҳисоблаймиз ва уни рад этишни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важлари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил қилиб ва юқорида баён этилган иш ҳолатларини белгилаб, бажарилган мукаммал таъмирнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун, Хўжалик-процессуал кодексининг (бундан кейинХПК) 67-моддаси ва Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарорининг (4.03.2002 йилдаги 103-сон, бундан кейинОХС Пленумининг 103-сон Қарори) 11-банди талабларига асосланган ҳолда суд-иқтисодий экспертизасини ўтказишни тайинлади. Экспертларнинг аниқлашича, таъмир ишларининг ҳақиқий қиймати 50 млн сўмни ташкил қилган ва, тегишинча, даъвогар 10 млн сўм тўлашни талаб қилишга ҳақлидир.

Экспертларнинг хулосаси ва ишда мавжуд бўлган материалларга асосланиб, суд шундай ҳал қилув қарорини чиқарди:

МЧЖнинг даъво талаблари қисман қондирилсин ва ХФдан, ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига кўра, МЧЖ фойдасига 10 млн сўм асосий қарз, шунингдек суд харажатлари: 100 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари ундирилсин. Даъво талаблари қисман қондирилиши муносабати билан даъвогарга 100 минг сўм давлат божи суммаси ўтказилсин.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади (Фуқаролик кодексининг 573-моддаси биринчи қисми). Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ ижарага олинган барча мол-мулк учун яхлит ҳолда ёки унинг ҳар бир таркибий қисми учун алоҳида-алоҳида ҳолда қуйидаги кўринишларда белгиланади: вақти-вақти билан ёки бир йўла тўланадиган қатъий суммада белгиланган тўловлар тариқасида; ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган маҳсулот, мевалар ёки даромадларнинг белгиланган улуши тариқасида; ижарага олувчи томонидан кўрсатиладиган маълум хизматлар тариқасида; ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига шартномада келишилган ашёни мулк қилиб ёки ижарага топшириш тариқасида; ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш бўйича шартномада келишилган харажатларни ижарага олувчи зиммасига юклаш тариқасида (ФКнинг 544-моддаси учинчи қисми). Тарафлар мулк ижараси шартномасида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ шаклларини аралаш амалга оширишни ёки ҳақ тўлашнинг бошқа шаклларини назарда тутишлари мумкин.

Ижарачи, башарти шартномада ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарага олинган мол-мулк таркибига унинг қийматини оширадиган ўзгартишларни мустақил равишда киритиш, мол-мулкни реконструкциялаш, кенгайтириш, техник жиҳатдан қайта қуроллантиришга ҳақлидир (ФКнинг 555-моддаси; 19.11.1991 йилдаги «Ижара тўғрисида»ги 427-XII-сон Қонуннинг 11-моддаси биринчи қисми). Ижарага олинган мол-мулк, башарти ижарага берувчининг ижозати билан яхшиланган бўлиб, ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатлари қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Мазкур қоидалар ижарачининг мукаммал таъмирлашни амалга ошириш ҳуқуқини исботлайди. Худди шундай шартлар ижара шартномасида қайд этилганлиги боис, ХФ мукаммал таъмирлашни қонуний равишда амалга оширган ва ижара ҳақидан озод этилишига умид қилишга ҳақли эди.

Кўрилаётган низо таъмирлаш ишларининг ҳақиқий қиймати туфайли юзага келганлиги боис хўжалик суди ХПКнинг 67-моддаси ва ОХС Пленумининг 103-сон Қарори 11-бандига асосан суд-иқтисодий экспертизасини тайинлади, у бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳақиқий қиймати 50 млн сўмни ташкил қилишини аниқлади. Шу боис суд МЧЖнинг даъво талабларини қисман қондириш тўғрисида асосли хулосага келди.

Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур низони судгача тартибда ҳал этиш мумкин эди. Хусусан, тарафлар учрашишлари ва таъмирлаш қиймати бобида келишувга келишлари мумкин эди. Низо судгача ҳал этилмаганлиги сабабли ХФ бир йўла ижара ҳақи бўйича қарзни тўлаши зарурлиги кўринишида қўшимча харажат қилди, шунингдек суд харажатларини тўлади.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат. 

Прочитано: 1592 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика