Отам ишлайдиган ташкилотда раҳбарият ўзгарди. Янги бошлиқ беш нафар ходимга, улар орасида отам ҳам бор, ўз хоҳишлари билан ишдан бўшашни таклиф қиляпти. Бундан бош тортадиган бўлсалар, ўзининг ташаббуси билан ишдан бўшатишини айтиб пўписа қиляпти. У ҳозирданоқ ишлаш мушкул бўлган шароит яратмоқда!
Тошкент вилояти.
– Амалдаги Меҳнат кодекси ходимга ўзининг меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунни бузган иш берувчи устидан шикоят қилиш ҳуқуқини беради.
Агар отангиз меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисобласа, камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин (МКнинг 6-моддаси учинчи қисми). Бундан ташқари, у иш берувчининг ҳаракатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текшириш талаби билан унинг ташкилоти амалда жойлашган жойдаги Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекцияси ва прокуратура органларига ариза бериши ёки ишонч телефони орқали мурожаат этишга ҳақли.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, «Norma Profi» эксперти.