Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 14 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Бошқанинг мулки сизга ўтадими?

Қўшнимкекса аёл ёлғиз ўзи яшайди. У билан келишиб олдим: мен унга қарайман, у эса ўз квартирасини менга қолдиради. Бундай муносабатларни қандай расмийлаштириш кераклигини билмоқчи эдим.

 

Мол-мулкни бошқага бериш масаласи кўп фуқароларни қизиқтиради. Ҳозирги вақтда, эгаси вафотидан кейин мулк меросхўри бўлиш мумкинлиги билан бир қаторда, уни беришнинг бошқа усуллари ҳам мавжуд. Уларнинг ҳар бири афзалликларга ҳам, камчиликларга ҳам эга.


ВАСИЯТНОМА

Мол-мулкни бериш усулларидан бири васиятнома ҳисобланади. Уни тузаётганда фуқаро ўз меросхўрлари доирасини белгилайди. Улар нафақат мерос қолдирувчининг қариндошлари, балки у васиятномада кўрсатган исталган шахслар: фуқаролар, юридик шахслар, давлат ҳам бўлиши мумкин.

Мулкдор вафот этган тақдирда мол-мулкни тасарруф этишнинг мазкур усули меросхўрлар учун муайян хатар улушига эга. Васиятномада айтилган мол-мулк мерос қолдирувчининг мулкида қолади ва у васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда ўз қарорининг сабабларини кўрсатишга мажбур эмас (Фуқаролик кодексининг 1120-моддаси, бундан кейин – ФК).

Бундан ташқари, васиятномада кўрсатилмаган қариндошлар уни низолашишга, ҳақиқий эмас деб топишга уринишлари мумкин. Васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилишидан мулкий оқибатларга эга бўладиган шахснинг даъвоси бўйича васиятнома уни тузиш, имзолаш ва тасдиқлаш тартиби бузилиши натижасида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ФКнинг 1130-моддаси иккинчи қисми). Шу сабабли ушбу ҳужжатни тузиш тартиби ва шаклига риоя этиш муҳимдир. ФКнинг 1124-моддасига кўра васиятнома ёзма шаклда тузилиши, васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши ва нотариал тасдиқланган бўлиши лозим.

ФКнинг 1142-моддасига кў­ра мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини мерос қилиб оладилар.

Хатарнинг муайян улуши шундан иборатки, мерос очиш пайтида, васиятномада кўрсатилган меросхўрлардан ташқари, уни бошқа шахслар қабул қила оладилар.

Сиз қараётган аёлнинг розилиги билан у билан умрбод рента шартномаси ёки умрбод қараш шарти билан уй-жой ёхуд квартирани бошқа шахсга ўтказиш шартномасини тузиш мумкин. Уни тузгач, сиз турар жой майдонининг мулкдорига айланасиз.

 

РЕНТА

Рента шартномасига мувофиқ бир тараф (рента олувчи) кўчмас ёки кўчар мол-мулкни бошқа тарафга (рента тўловчига) мулк қилиб беради, рента тўловчи эса олинган мол-мулк ўрнига рента олувчига вақти-вақти билан белгиланган пул суммаси ёки уни таъминлаш учун бошқа шаклда маблағ бериш тарзида рента тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 512-моддаси).

Ҳозирги вақтда бундай шартномаларнинг 2 тури мавжуд:

1) доимий рента шартномаси (ФКнинг 518–524-моддалари), унга кўра рента тўлашнинг давомийлиги муайян муддат билан чекланмаган, бироқ уни тўловчи уни сотиб олиш йўли билан бундан буён рента тўлашдан бош тортишга ҳақли;

2) умрбод рента олувчилар шартномаси (ФКнинг 525–529-моддалари), бунда рента тўлаш муддати уни олувчи ҳаёт бўлган муддат билан чекланган. Умрбод рента фуқарони ўз қарамоғига олган ҳолда умрбод таъминлаш шарти билан белгиланиши мумкин.

Сиз учун умрбод рента мақбул бўлиши мумкин. Уни олувчи, энди у квартира мулкдори деб ҳисобланмаслигидан қатъи назар, квартирада умрининг охиригача яшаш ҳуқуқига эгадир. Эвазига рента тўловчи рента олувчини умрининг охиригача ўз маблағлари ҳисобидан таъминлаш мажбуриятини олади. Таъминлаш пул маблағлари билан ҳам, натура кўринишида: озиқ-овқат маҳсулотлари, овқатланиш, дорилар, кийимлар ва кекса кишига зарур бўлган бошқа ашёлар, шу жумладан парвариш қилиш билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, рента тўловчи зиммасига турар жойга доир турли харажатлар – коммунал хизматлар ҳақини тўлаш, жорий таъмирлаш, солиқларни тўлаш ва бошқалар бўйича жавобгарлик ҳам юкланиши мумкин. Таъминлаш ва қараб туришнинг барча шартлари шартномада батафсил баён этилиши керак.

Рента олувчи мол-мулкни рента тўловчига ҳақ эвазига ёки бепул бериш мумкин.

Умрбод рента шартномада рента олувчи ҳаёт бўлган даврда унга вақти-вақти билан тўланадиган пул суммаси сифатида белгиланади. Унинг бир ойлик миқдори энг кам иш ҳақидан оз бўлмаслиги керак (ФКнинг 526-моддаси). Пул мажбурияти бўйича бевосита фуқаронинг таъминоти учун тўланадиган сумма меҳнатга тўланадиган ҳақнинг қонун томонидан белгилаб қўйилган энг кам миқдори оширилишига мутаносиб равишда кўпайтириб борилади (ФКнинг 247-моддаси).

Одатда умрбод рента ҳар бир календарь ой тугаши билан тўланади. Бироқ шартномада бошқа муддатлар ҳам, масалан, чоракда бир марта, назарда тутилиши мумкин.

Рента тўловчи шартномани жиддий бузган ҳолларда рента олувчи ундан рентани сотиб олишни ёки шартномани бекор қилиш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга (ФКнинг 528-моддаси). Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, шартномани бекор қилиш осон эмас, чунки рента тўловчи ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлигига қўшилмаслиги мумкин. Ушбу ҳолда низони судда ҳал этишга тўғри келади.

Умрбод рента тўлаш шарти билан топширилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан бузилиши (масалан, ёниб кетиши) рента тўловчини рентани шартномада назарда тутилган шартларда тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди (ФКнинг 529-моддаси).

Квартирани бошқа шахсга беришни назарда тутадиган рента шартномаси нотариал тасдиқланиши ҳамда ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

 

УМРБОД ТАЪМИНЛАШ ШАРТИ БИЛАН УЙ-ЖОЙНИ БОШҚА ШАХСГА БЕРИШ

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой ёки квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жойни мулк қилиб бериш мажбуриятини олади (ФКнинг 530-моддаси).

Рентадан бошқа шахсга беришнинг фарқи шундаки:

1) рента шартномаси бўйича ҳар қандай мулк (кўчар ҳамда кўчмас), умрбод таъминлаш шарти билан квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича эса фақат уй-жой берилиши мумкин;

2) рента олувчи исталган шахс бўлиши мумкин, бошқа шахсга берувчи бўлиб эса ёши ёки соғлиғининг ҳолатига кўра меҳнатга қобилиятсиз шахс ҳисобланади.

Бошқа шахсга бериш шартномасида моддий таъминотнинг аниқ турлари, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим (ФКнинг 531-моддаси биринчи қисми). У ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим (ФКнинг 531-моддаси учинчи қисми).

Бериладиган уй-жой ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади (ФКнинг 531-моддаси иккинчи қисми). Бунда тўловларнинг энг кам миқдори, масалан, рента шартномасидагидек, белгиланмайди.

Уй-жойнинг, рента чоғидаги каби, тасодифан нобуд бўлиши олувчини шартнома бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятлардан озод қилмайди (ФКнинг 532-моддаси иккинчи қисми). Агар у шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тегишли даражада бажармаса, бошқа шахсга берувчи таъминотни вақти-вақти билан ҳақ тарзида тўлаб туришга алмаштиришни ёки шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин (ФКнинг 533-моддаси биринчи қисми), бунда уй қайтарилиши лозим (ФКнинг 533-моддаси учинчи қисми).

Олувчи вафот этган тақдирда шартнома бўйича мажбуриятлар унинг ворисларига ўтади. Олувчининг ворислари бўлмаганида ёки улар шартномани бажаришдан воз кечганларида олувчига берилган уй-жой уни бошқа шахсга берувчига қайтарилади (ФКнинг 534-моддаси).

 

Рента шартномаларини тасдиқлаш ва умрбод таъминлаш шарти билан  бошқаларга бериш учун давлат божи ставкалари*

 

Мулкдорнинг хотинига (эрига), унинг ва хотинининг (эрининг) ота-оналарига, болаларига, набираларига, бувиларига, буваларига, туғишган ака-укалари ва опа-сингилларига

 

1 кв.м майдон учун ЭКИҲнинг 0,5%и миқдорида

 

Бошқа жисмоний ва юридик шахсларга

 

1 кв.м майдон учун ЭКИҲнинг 1%и миқдорида

 

 

Елена ЕРМОХИНА,

«Norma Profi» эксперти.

*Давлат божи ставкалари 4-бандининг «б» кичик банди (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон Қарори билан тасдиқланган).

Прочитано: 2790 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика