Norma.uz

Бошлиғимнинг айтишича, ишдан бўшамоқчи эканман

Ходим иш берувчининг босими билан ишдан бўшаганлигини исботлаш мумкинми?

«Norma» компаниясининг электрон
 маҳсулотларидан фойдаланувчи.

 

– Мумкин, бироқ буни исботлаш осон эмас.

Амалиётда шундай бўладики, виждонсиз иш берувчилар ходимларга Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан ариза беришни ва меҳнат шартномасини «ўз хоҳишлари билан» бекор қилишни таклиф этадилар. Ушбу ҳолда ходимнинг мазкур корхонадаги ўз ишини ихтиёрий равишда қолдириш истаги муҳим ҳолат ҳисобланади. Бу эса меҳнат шартномасини бекор қилишни МКнинг 99-моддасига кўра асосли деб топиш учун мажбурий шартдир.

Иш берувчилар босим ўтказиш, гоҳида ходимларга улар билан меҳнат муносабатларини «модда бўйича» бекор қилишлари хусусида очиқдан-очиқ пўписа қилиб, бундай аризаларни ёзишга мажбур қиладилар. Шу сабабли меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ихтилофсиз туюлган усули ҳам суд муҳокамаси предмети айланиши мумкин.

Албатта, ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшашга ҳақли. Бироқ у меҳнат шартномаси бекор қилинганда:

янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этиш (МКнинг 89-моддаси тўртинчи қисми);

ходимлар сони ва штати қисқариши ёхуд корхонанинг тугатилиши (МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди);

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши (МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 2-банди);

ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда (МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 7-банди);

шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланиши (МКнинг 106-моддаси 2-банди) муносабати билан бериладиган моддий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча кафолатларини бой беришини аниқ тасаввур этиши керак.

Далилларни таъминлаш тўғрисидаги ариза далилларни таъминлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилиши керак бўлган ҳудудда фаолият олиб бораётган судга берилади. Аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, бу далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган ҳолатлар, далилларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимос билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар, шунингдек таъминланадиган далиллар зарур бўлган ёки улар кейинчалик асқотиши мумкин бўлган иш кўрсатилиши керак (Фуқаролик процессуал кодексининг 62-моддаси, бундан кейин – ФПК).

Меҳнат шартномасини ўз хоҳиши билан бекор қилган шахсларни ишга тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича (МКнинг 99-моддаси) судлар ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширадилар (Олий суд Пленумининг 17.04.1998 йилдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги 12-сон Қарорининг 15-банди). Ҳар бир тараф ўз талаблари ва эътирозларини асослаш сифатида кўрсатилаётган ҳолатларни исботлаши шарт: ходим меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ноқонунийлигини, иш берувчини эса унинг тўғрилигини исботлайди.

Суд қандай ҳолатлар иш учун аҳамиятга эга эканлигини, уларни тарафлардан қайси бири исботлаши кераклигини аниқлайди, ҳатто тарафлар бу ҳолатларни далил қилиб келтирмаган бўлсалар ҳам, уларни муҳокамага қўяди (ФПКнинг 57-моддаси). Суд фақат иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларнигина кўришга қабул қилади. Суднинг далиллар қабул қилишни ёки талаб қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши лозим (ФПКнинг 58-моддаси).

Далилларни таъминлаш ФПКда белгиланган далилларни тўплаш ва текшириш қоидалари бўйича суд томонидан амалга оширилади.

Ана шу мақсадда тарафларнинг, учинчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилади, гувоҳлар сўроқ қилинади, экспертиза тайинланади, ёзма ва ашёвий далиллар талаб қилиб олинади ёки кўздан кечирилади, жойга бориб кўздан кечириш ўтказилади. Далилларни таъминлаш тартибида тўпланган барча материаллар ишни кўраётган судга юборилади ёки аризачига берилади (ФПКнинг 63-моддаси).

Суд далилларга ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқиш асосида ички ишонч бўйича баҳо беради. Ҳар бир далил ишга дахлдорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан, далилларнинг ҳаммаси эса, етарли даражада тўпланган ёки тўпланмаганлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим. Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб эътироф этилади (ФПКнинг 67-моддаси).

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 2311 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика