Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 14 / Хўжалик юритиш қоидалари

Акциядорлик жамияти + Унитар корхоналар

Фуқаролик кодексининг 40-моддасига кўра тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс унитар корхона шаклида ҳам тузилиши мумкин.

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасида айтилишича, жамият акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклидаги шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкин. ФКнинг 70 ва 71-моддаларида бу борада бирор-бир чеклашлар келтирилмаган.

Акциядорлик жамияти унитар корхоналар барпо этиши мумкинми?

Д.Бобохонов,

УК директори.

 

– Ҳақиқатан ҳам, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун) 8-моддасида назарда тутилишича, акциядорлик жамияти АЖ ёки МЧЖ шаклидаги шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкин. Унинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда юридик шахслар, шу жумладан унитар корхоналар тузиши мумкинлиги хусусида АЖ тўғрисидаги Қонунда ҳеч нарса айтилмаган. Шу боис бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу масалага тааллуқли қоидаларини таҳлил қилиб кўрамиз.

Фуқаролик кодексининг (ФК) 70-моддаси биринчи қисмига кўра ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижорат ташкилоти унитар корхона ҳисобланади. Ушбу модданинг тўққизинчи қисмига мувофиқ эса унитар корхоналарнинг ҳуқуқий мавқеи – диққат! – ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунлар билан белгиланади. Яъни биринчи навбатда ФК билан. Унда айтилишича, мол-мулк мулкдорлари, хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи субъектлари ёхуд улар вакил қилган шахслар юридик шахсларнинг (демак, унитар корхонанинг ҳам) муассислари ҳисобланади (ФКнинг 42-моддаси иккинчи қисми). Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, унитар корхона шаклидаги юридик шахснинг муассиси бўлиб айтиб ўтилган корхонага хўжалик юритиш асосида бериладиган мол-мулк мулкдори сифатида акциядорлик жамияти ҳам чиқиши мумкин. Бироқ бу мазкур нуқтаи назар фойдасига ягона далил эмас.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (25.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда) 8-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошисига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти субъектлари юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишга ҳақли. Мазкур қонун қоидасидан келиб чиқиб тадбиркорлик субъекти ҳисобланган акциядорлик жамияти тадбиркорликнинг бошқа субъектлари – унитар корхона ҳам кирадиган юридик шахсларни таъсис этишга ҳақлидир.

Эҳтимол, бунга қўшилмаганлар акциядорлик жамиятларига нисбатан умумий меъёрлар эмас, балки биринчи навбатда АЖ тўғрисидаги Қонунда1 мавжуд бўлган махсус меъёрлар амал қилиши керак деб айтишлари мумкин. Муаллиф ҳам, навбатдаги «лекин» бўлмаганда, бундай нуқтаи назарга қўшилган бўларди. Чунончи, ФКнинг 64-моддаси тўртинчи қисмида айтилишича: «Акциядорлик жамиятининг ҳуқуқий мавқеи ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан белгиланади». Яъни унитар корхоналарнинг ҳуқуқий мавқеи асосан ФК билан белгиланади дегандек (70-модданинг тўққизинчи қисми), акциядорлик жамиятининг худди шундай қоидаси аввало ушбу Кодекс билан ва кейингина бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланиши керак. Шу сабабли ҳам ФКнинг юқорида баён этилган меъёрлари маъносига кўра улар тўсиқсиз равишда акциядорлик жамиятига унитар корхонанинг муассиси бўлишга имкон беради.

Бунинг устига шуни эслатиб ўтамизки, ФКнинг 3-моддаси иккинчи қисми боис бошқа қонунлар ва қонун ҳужжатларидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари ушбу Кодексга мос бўлиши шарт. Сизни қизиқтираётган масалада ФК қоидаларининг устунлиги яққоллигини кўрамиз.

Бундан ташқари, шуни кўзда тутиш лозимки, АЖ тўғрисидаги Қонун эски таҳрирининг2 9-моддаси биринчи қисмида акциядорлик жамияти шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкинлиги назарда тутилган. Мазкур ҳужжат ва унинг ҳозирги таҳририда акциядорлик жамияти томонидан унитар корхоналар ва бошқа тадбиркорлик субъектларини барпо этиш мумкинлиги хусусида кўрсатма келтирилмаган, юқорида таъкидлангандек, хўжалик жамиятлари бундан мустасно эди. Шундай бўлса-да, эски таҳрирдаги АЖ тўғрисидаги Қонун амал қилган даврда акциядорлик жамиятлари унитар корхоналарни барпо этишлари мумкин эди ва ҳақиқатда тузганлар ҳам.

Шу тариқа, ҳозир амалдаги қонун ҳужжатлари ва аввало ФК қоидалари акциядорлик жамиятларига унитар корхоналарнинг муассислари бўлишга имкон беради.

 

1Банк, инвестиция ва суғурта фаолияти соҳаларида, шунингдек давлат ташкилотларини хусусийлаштиришда акциядорлик жамиятларини ташкил этишнинг ва улар ҳуқуқий ҳолатининг ўзига хос хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади (АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 2-моддаси иккинчи қисми).

2Ҳозир амалда бўлган таҳрирдан фарқи фақат шундаки, акциядорлик жамияти қўшимча масъулиятга эга бўлган шуъба ва (ёки) тобе жамиятга эга бўлиши мумкин эди.


Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 7497 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2019-07-11 11:56:58, Гость_:
Bir pulga qimmat

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика