Norma.uz

Микрокредит олиб, томорқани ривожлантирса бўлади!

Халқимизда «Ҳамал кирди – амал кирди» деган нақл бор. Яъни кўклам бошланиши билан экин-тикин ишлари жонланиб, деҳқону чорвадорлар ҳосил учун тадорик кўрадиган палла авжига чиқади. Бу мавсумда миришкорларда айниқса қўшимча маблағ – микрокредитларга талаб-эҳтиёж ортади. Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 20.03.2012 йилда 2344-сон билан рўйхатдан ўтказилган) айнан шу масалани тартибга солади.

 

Шахсий ёрдамчи хўжалик тушунчасининг тавсифи қандай?

– Шахсий ёрдамчи хўжалик деганда, шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми – томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик тушунилади.

 

 

Бундай хўжаликларга айнан қайси соҳалар учун, қандай шартлар асосида микрокредитлар берилади?

– Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек уруғ ва кўчатлар учун микрокредитлар берилади. Микрокредитлар 5 та шарт асосида – қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

 

 

Ёдда тутинг! 

Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар доирасида томорқа ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниши мумкин.

(Ер кодекси 55-моддасининг тўртинчи қисми).

 

 

Бу мақсадлар учун қанча миқдорда микрокредит берилади?

– Шахсий ёрдамчи хўжаликларга юқоридаги мақсадлар учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар берилади.

 

Ёдда тутинг! 

Микрокредит қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида бериладиган пул маблағларидир.

(«Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонун 4-моддасининг биринчи қисми).

 

 

Микрокредит имтиёзли давр билан бериладими?

– Микрокредитлар шартнома асосида қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз:

мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олиш учун – бир йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача;

қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва етиштириш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача;

уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача бўлган муддатга берилади.

Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган кредитлар бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади. Имтиёзли даврда кредит бўйича фоизлар ҳисобланади ва ундирилади. Бунда фоизлар қарз олувчига кредит бўйича қарздорликнинг амалдаги қолдиғига кунлик ҳисоблаб борилади ва ҳар ойда бир марта ундирилади.

Дарвоқе, микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади (маълумот учун: 2015 йил 1 январдан Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 9 фоизни ташкил этмоқда).

 

 

Микрокредит олиш таомили қандай расмиятчиликлардан иборат?

– Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахслар микрокредит олиш учун ўзлари истиқомат қиладиган жойдаги тижорат банклари филиалларидан бирига микрокредит беришни сўраб ариза билан мурожаат этадилар.

Жисмоний шахс томонидан тижорат банкига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

микрокредит бериш сўралган ариза;

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан имзоланган, белгиланган тартибда берилган санаси ва рақами қайд этилган ҳамда муҳр билан тасдиқланган тавсиянома ва микрокредит олувчи шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахсда томорқа участкаси мавжудлиги ҳамда унинг майдони кўрсатилган маълумотнома.

Жисмоний шахс ушбу ҳужжатларни топширишда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ҳамда ундан нусха тақдим этади.

Қарз олувчилар микрокредит олиш бўйича аризаларни электрон тизим орқали тақдим этиши мумкин.

Қарз олувчилар микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида тижорат банки филиалига қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этишлари лозим: мол-мулк гарови; банк ёки суғурта компаниясининг кафолати; учинчи шахс кафиллиги; қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.

Кредитнинг таъминоти сифатида мол-мулк гарови бўйича тузиладиган шартномалар қонунда назарда тутилган ҳолларда нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим (ФК 271-моддасининг учинчи, тўртинчи қисмлари; ОС ва ОХС Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 13/150-сон Қарори 14-бандининг иккинчи хатбоши 17-банди).

Кафиллик банк фойдасига кафил ва қарз олувчи ўртасида ёзма шаклда 3 (уч) нусхада тузиладиган кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади (ФКнинг 292-моддаси).

 

 

Банк аризани қабул қилгандан сўнг...

– Микрокредит сўраб, барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган ариза банкка келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки филиали кредит қўмитаси томонидан ушбу ариза бўйича қарор қабул қилиш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Тижорат банки филиалининг кредит қўмитаси қарори микрокредитларни бериш ёки бермаслик учун асос бўлиб ҳисобланади.

Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, тижорат банки аризачига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.

 

 

Кредит шартномасини тузиш тартиби

– Тижорат банки филиали кредит қўмитасининг микрокредит бериш тўғрисидаги ижобий қарори қабул қилинган тақдирда, қарз олувчи билан кредит шартномаси тузилиши ҳамда кредитнинг таъминоти сифатида қарз олувчи томонидан тақдим этилаётган таъминот турларидан бири қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилиши лозим.

Тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган кредит шартномасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим: кредит суммаси; кредит муддати; кредит учун фоиз ставкаси миқдори; кредитнинг мақсади; кредит таъминотига оид маълумотлар; томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари; томонларнинг жавобгарлиги; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.

Кредит шартномаси тузилиб, кредитнинг таъминотига оид ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштириб бўлинган куннинг эртасидан кечиктирмаган ҳолда тижорат банки томонидан қарз олувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ссуда ҳисобварағи очилади.

 

Кредитлаш ва кредитни қайтариш тартиби қандай амалга оширилади?

– Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс томонидан микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни тўлаш тижорат банки кассасига нақд пул топшириш ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш ёхуд банк пластик карточкалари орқали амалга оширилади.

Тижорат банклари томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида фуқаролар йиғини ходими иштирокида микрокредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб доимий мониторинг ўтказилади.

 

 

Кредитдан бошқа мақсадда фойдаланилса, қандай оқибатлар юзага келади?

– Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланган тақдирда, тижорат банки кредит шартномасида белгиланган тартибда кредитнинг мақсадга номувофиқ ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан илгари ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Микрокредит бўйича қарздорликни ундиришда биринчи навбатда микро­кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ундирилади.

Микрокредит белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, тижорат банки ундирувни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида тақдим этилган таъминот шаклига қаратади.

 

 

Ёдда тутинг! 

Қарз олувчи олинган микрокредит, микроқарз суммасини муддатидан илгари қайтаришга ёки микролизинг объектининг қийматини муддатидан илгари тўлашга, шунингдек улардан ҳақиқатда фойдаланилган муддат учун ҳисобланган фоизларни тўлашга ҳақли.

(«Микромолиялаш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси).

 

Фаррухжон ФАЙЗИЕВ,
ҳуқуқ магистри.

Прочитано: 6091 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика