Амир Темур бетакрор шахсияти, ибратли ҳаёт йўли билан ўзидан ўчмас ном қолдирган кўплаб аждодларимиз орасида ўзининг беқиёс азму шижоати, жасорати билан Мовароуннаҳр заминида мўғул зулмига барҳам бериб, халқимизни қарамлик исканжасидан халос этган, тарқоқ ва пароканда эл-улусни бирлаштириб, мустақил ва қудратли давлатга асос солган сиймо сифатида ном қозонган.
Президентимиз Ислом Каримов улуғ бобомиз таваллудининг 660 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференцияда тарихимизда Амир Темурдай улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панду ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган бугунги муаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, бизнинг бу меросни ўрганмасдан, таърифламасдан, тарғибот қилмасдан ҳаққимиз йўқ эканини таъкидлайди.
Бу зотнинг давлат арбоби ва енгилмас саркарда, беназир инсон сифатидаги фазилатлари, ички дунёси, кечинмалари ҳақида юртимиз ва чет эллик олиму адиблар томонидан кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган.
Ўрта асрлар тарихчиси Ибн Арабшоҳ «Темур тарихида тақдир ажойиботлари» асарида ёзишича, «Темур қўрқмас, шижоатли, ботир кишиларни итоат қилдирувчан бўлиб, жасоратли, довюрак ва мардларни ёқтирар эди. У бехато фикрли, ажойиб фаросатли, мислсиз бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганда ҳам ҳақгўй киши» бўлган.
«Темур тузуклари»да улуғ бобомизнинг давлатчилик, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатлари ҳар томонлама аниқ, ишонарли акс этган.
Амир Темур ўз тузукларида «Маслаҳатчилар ва кенгаш аҳли йиғилганда, олдимиздаги ишларнинг яхши-ёмон, фойдаю зиён томонлари, уларни амалга ошириш, оширмаслик ҳақида сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мушоҳада қилиб, фойда-зиёнларини кўнглимдан кечирардим», деб қайд этади. Бу «Куч – адолатда» шиорига амал қилинган салтанатда давлатни бошқариш ва мамлакат тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилишда халқ фикрига, хоҳиш-иродасига таянилганидан далолат беради.
Олти асрдан ортиқроқ вақт ўтиб, бу тамойиллар ҳаётимизда яна акс этди. Бош Қомусимизнинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга экани, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбари буюк бобомизнинг маънавий олами, бугунимиз учун ҳам ибратли ҳаёти хусусида сўз юритаркан, «Шахсан мен «Темур тузуклари»ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман. Масалан, «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир», деган сўзлар бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён. Амир Темур бобомизнинг бундай чуқур маъноли ҳикматлари халқимизда қадимдан мавжуд бўлган «Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар» деган мақолга ғоят ҳамоҳанг бўлиб, инсонни доимо ақл-идрок, адолат ва юксак маънавият асосида яшашга даъват этиши билан эътиборлидир», деб таъкидлайди.
Амир Темурдек буюк ва бетакрор сиймони ҳар томонлама тушуниш, у барпо этган қудратли салтанатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-мафкуравий асосларини, Соҳибқироннинг давлат бошқаруви борасидаги улкан салоҳияти, маҳорати, билим ва тажрибаларини ўрганиш, ҳаёт сирларини англаб етиш бугунги авлодлар олдидаги энг муҳим вазифадир.
Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили, деб эълон қилинди. Шу йили бобокалонимизнинг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Тошкентда, Самарқандда, Шаҳрисабзда буюк бобомизнинг улуғвор ҳайкаллари қад ростлади. Пойтахтимиздаги файзли хиёбон, шоҳкўча, метро бекати, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги маданият ва маърифат масканлари Соҳибқирон номи билан аталмоқда.
Пойтахтимизда барпо этилган, бетакрор қиёфаси ва салобати, ранг-баранг экспозицияси, ноёб осори атиқаларга бой фонди, кенг қамровли илмий-маърифий, юксак маънавий салоҳияти билан ажралиб турувчи Темурийлар тарихи давлат музейи Соҳибқирон барпо этган қудратли давлат, унинг буюк ободончилик ишлари, улкан маънавий меросини ҳаққоний ўрганишга, айни пайтда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, улуғ аждодларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида миллий давлатчилигимизни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар илдизи Соҳибқирон бобомиз олиб борган сиёсатга туташ. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак.
ЎзА материали асосида.