Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 47 / Божхона

Психотроп моддалар билан муомала қандай бўлади?

Дори-дармон воситаларининг олиб кирилишида таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларига алоҳида ёндашиш талаб этилади. Чунки жисмоний шахслар олиб кираётган препаратлар таркибида кам миқдорда бўлса-да, гиёҳванд ёки психотроп моддалар мавжуд бўлса ва бу ҳақда божхона баённомасида кўрсатилмаса, бу маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.

 

Психотроп моддалар ва прекурсорлар – бу нима ўзи?

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ҳамда уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонун (19.08.1999 йилдаги 813-I-сон, кейинги ўринларда – 813-I-сон Қонун) қабул қилинган.

813-I-сон Қонуннинг 3-моддасига кўра:

психотроп моддалар — психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар;

прекурсорлар – прекурсорлар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар.

813-I-сон Қонунга мувофиқ, муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар ва прекурсорларнинг рўйхатлари мавжуд бўлиб, улар «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тўғрисида»ги Қарор (ВМнинг 31.07.2000 йилдаги 293-сон) билан тасдиқланган бўлиб, чекланган психотроп моддалар сони 82 та, прекурсорлар эса 26 тадир.

 

Фақат лицензия асосида...

293-сон Қарор билан 2000 йил 1 октябрдан бошлаб юртимизда Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тўғрисидаги низом амалга киритилган. Мазкур Низом 813-I-сон Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларни ва БМТнинг тегишли конвенцияларида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда давлат назорати чора-тадбирлари белгиланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистонга олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва мамлакатимиз ҳудуди орқали транзит тарзида ўтказиш тартибини қонуний айланиш доирасида бошқаради. Низомга кўра, Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият юридик шахслар томонидан республика Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

Муомалада бўлиши республикамизда чекланган мазкур моддалар рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишига фақат шифокор кўрсатмаси бўйича тиббий мақсадларда рухсат этилади. Бундан ташқари, экспертлик ва тезкор-қидирув фаолиятида ҳам улардан фойдаланишга рухсат этилади.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш ва олиб чиқиш фаолиятнинг тегишли тури учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги билан келишувга ва Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссиясининг тегишли рухсатномасига биноан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган сертификатлар асосида амалга оширилади.

 

Сеньор, бу – прекурсор!

ёки хорижликка психотроп керак бўлиб қолса...

Юртимизга кўп сонли сайёҳлар келишади ёки чет эл фуқаролари транзит тарзида республикамиз ҳудудидан ўтишади. Айтайлик, улар соғлиғи тақозосига кўра психотроп таблеткаларни ўзлари билан олиб юришга мажбур бўлишса-чи?

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган беморлар чекланган психотроп моддалар рўйхатига киритилган психотроп моддаларни даволаниш мақсадида юртимиздан олиб ўтишлари мумкин, бу амалиёт Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни транзит йўловчиларни даволаш учун ташиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 29.10.2003 йилдаги 472-сон Қарори билан тасдиқланган) билан тартибга солинади.

Ушбу Низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит (трансфер) ўтувчи беморлар даволаниш мақсадида, Ўзбекистон Республикасида давлат назоратида бўлган, 7 кун қабул қилишга мўлжалланган дозадан ортиқ бўлмаган миқдорларда гиёҳвандлик воситалари ва 15 кун қабул қилишга мўлжалланган дозадан ортиқ бўлмаган миқдорларда психотроп моддаларни ўзлари билан олиб ўтишлари мумкин.

Бунинг учун беморлар давлат чегарасидан ўтиш чоғида кириш пунктида ўзларида мавжуд гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар тўғрисида декларация тўлдиришлари ҳамда бемор яшаган мамлакатнинг тиббиёт муассасалари томонидан гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модданинг номи, унинг дори тури, шифокор, даволовчи шифокорнинг тиббий хулосасини, бундай моддалар сотиб олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат – рецепт нусхасини ва мазкур гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ўзини божхона органларига кўрсатишлари шарт.

Агар олиб ўтилаётган психотроп моддалар рухсат этилган миқдордан ортиқча бўлса, улар олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади. Йўловчи бундай моддалар тўғрисида декларацияда кўрсатмаган ёки уларни хуфиёна ташиган тақдирда қонунбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигига мувофиқ чоралар қўлланилади.

 

Шифокор ташхиси зарур!

Агар чет эллик бемор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушланиб қолса ва даволанишни давом эттиришига тўғри келса, у ҳолда мазкур воситалар ёки моддаларни қаердан олади?

Ўзбекистон ҳудудида психотроп таблеткаларни қўшимча сотиб олишга зарурат туғилса, улар Ўзбекистон Республикасида тақдим этилган рецепт асосида берилади. Рецептлар белгиланган намунадаги бланкаларда, шифокор кўригидан ўтиб гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар зарурияти сабаб бўлган касаллик ташхиси тасдиқлангандан кейингина берилади.

Транзит тарзида ўтувчи шахс рўйхатдан ўтган жойдаги ҳудудий тиббий муассасаларнинг шифокор-мутахассислари томонидан ёхуд транзит тарзида ўтувчи йўловчилар касаллиги бўйича ихтисослаштирилган тиббий муассасалар шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Ёзиб берилган бу моддалар бевосита транзит тарзида ўтувчи беморлар томонидан ўз маблағи ҳисобига мамлакатимизнинг тегишли дорихона муассасаларидан сотиб олинади.

 

Почта орқали жўнатиш мумкинми?

Халқаро почта конвенциясига асосан, почта жўнатмалари орқали психотроп ва гиёҳвандлик воситаларининг юборилиши қатъиян тақиқланган. 813-I-сон Қонуннинг 17-моддасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.

 

Қоидабузарлар ҳам йўқ эмас...

Почта жўнатмалари орқали қонунга хилоф равишда таркибида психотроп ва гиёҳванд моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини жўнатиш ҳолатлари учраб туради. Аксарият ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан амалдаги тартибларни билмаслик оқибатида, чет эллардаги таниши ва қариндошларига таркибида шундай моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини почта орқали юбориш ҳақида буюртма бериш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

 

Жазо тайин!

Бу каби ҳолатлар аниқланганда фуқаролар кўпинча божхона қонунчилигини билмасликларини рўкач қилишади. Лекин оддий ҳақиқат мавжуд – қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Психотроп моддаларни ноқонуний равишда олиб ўтишга уринган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22719-моддасига мувофиқ маъмурий ёки Жиноят кодексининг 246-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Рақамлар, рақамлар...

2014 йилнинг ўтган 10 ойида давомида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 107 та қонунбузарлик ҳолатларида 16,5 минг донадан ортиқ психотроп таблеткаларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 6435 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика