ВАЗИЯТ
«А» деган МЧЖ (бундан буён матнда Компания деб юритилади) йирик ишлаб чиқариш ташкилоти бўлиб, унинг штатида бевосита ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб турган кўп миқдорда ходим бор.
Ҳужжат тили билан
Ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини иш берувчи ушбу Қонунда белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталаши шарт.
«Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (16.04.2009 йилдаги ЎРҚ-210-сон) 4-моддаси.
«Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 4-моддасига мувофиқ, Компания билан «Б» деган суғурта ташкилоти (бундан буён матнда Суғурталовчи деб юритилади) ўртасида иш берувчининг фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузилди. Мазкур шартномага кўра меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллигига чалинганлик ёки ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги муносабати билан ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги юзага келган тақдирда унинг (иш берувчининг) мулкий манфаатлари мазкур шартнома бўйича суғурталаш объектидир.
Иш берувчининг ҳудудида ишлаётган вақтда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ходимнинг ўлимига сабаб бўлди дейлик.
Қонун ҳужжатларига ва суғурта шартномаси шартларига мувофиқ, содир бўлган суғурта ҳодисаси ҳақида иш берувчи суғурталовчини вақтида хабардор этди. Шунингдек унга суғурта ҳодисаси юзага келганлиги ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатларни ва Н-1 шакли бўйича махсус текширув далолатномасини тақдим этди.
Олинган ҳужжатларни кўриб чиққач, Суғурталовчи ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисани суғурта ҳодисаси деб эътироф этишдан бош тортди.
Суғурталовчи рад этишда қуйидаги ҳолатларга таянибди экан:
суғурта шартномаси тузилганидан кейин Компаниянинг штат жадвалига иш берувчи ўзгартишлар киритган, хусусан, янги ускуна сотиб олинганлиги муносабати билан иккита янги штат бирлиги жорий этган;
штат рўйхати ўзгарганлиги муносабати билан Компаниянинг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди (МҲТФ) миқдори, шунингдек иш берувчи олиб бораётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси ўзгарган.
Суғурта шартномаси иш берувчи зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклайди:
йиллик иш ҳақи миқдори ўзгарган пайтдан эътиборан 5 иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда Суғурталовчига ёзма равишда хабар қилиш;
иш берувчи томонидан амалга оширилаётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси ўзгарган пайтдан эътиборан 5 иш кунидан кечиктирмай, бу ҳақда Суғурталовчини ёзма равишда хабардор этиш ва зарурати бўлганда, қўшимча ҳисоблаб чиқарилган суғурта мукофоти тўлаш.
Суғурта шартномаси тузилаётган пайтда ходимнинг лавозими назарда тутилмаган, иш берувчи эса, йиллик МҲТФ миқдори ҳамда амалга оширилаётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси ўзгарганлиги ҳақида Суғурталовчини ёзма равишда хабардор этмаган. Бу эса суғурта мукофоти миқдорига ҳамда суғурталовчи томонидан эътироф қилинадиган таваккалчилик ва хавф-хатар даражасига сезиларли даражада таъсир этганлиги сабабли ҳам Суғурталовчида суғурта тўловини амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар йўқ эди.
ИШ БЕРУВЧИНИНГ ФИКРИ
Суғурта шартномасига кўра Суғурталовчи суғурта ҳодисаси юзага келган тақдирда меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллигига чалинганлик ёки шартнома амал қилиб турган даврда ходим меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан унинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини иш берувчига, жабрланувчига ёки наф олувчига қоплаб бермоғи шарт.
Юзага келган суғурта ҳодисаси факти суғурта шартномасида назарда тутилган, Суғурталовчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар билан, шунингдек Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари (ВМнинг 24.06.2009 йилдаги 177-сон қарорига 1-илова, бундан буён матнда Суғурта қоидалари деб юритилади) билан тасдиқланади.
Ҳужжат тили билан
Суғурталовчи мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини суғурта қилдирувчига (наф олувчига) ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пулини тўлашни қуйидаги ҳолларда рад этишга ҳақли:
суғурта шартномасининг амал қилиши суғурта ҳодисаси юз бергунга қадар, шу жумладан ушбу Кодекснинг 948 ва 950-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилинганда;
суғурта шартномаси ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган асослар бўйича ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаганда;
суғурталовчи ушбу Кодекснинг 951–954-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашдан озод қилинганда;
суғурталовчи ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган асослар бўйича суғурта шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ёхуд суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта ҳодисаси ҳолатларини текшириб кўришга ёки етказилган зарар миқдорини аниқлашга тўсқинлик қилгани туфайли суғурта шартномасини бекор қилиш тўғрисида даъво қўзғатганида.
Суғурталовчининг суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори суғурта қилдирувчига (наф олувчига) улар суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни сўраб мурожаат этганларидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши, хабарни рад этиш сабабларининг асослантирилган далил-исботларини ўз ичига олган бўлиши лозим.
Суғурталовчининг суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этишига қарши унга нисбатан судда даъво қўзғатиш йўли билан эътироз билдирилиши мумкин.
ФКнинг «Суғурта товони ёки суғурта пулини тўлашни рад этиш» деб номланган 955-моддаси.
Суғурта шартномаси шарти – йиллик МҲТФ миқдори ҳамда иш берувчи томонидан амалга оширилаётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси ўзгарганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш мажбурияти бажарилмаганлиги суғурта товони тўлашни рад этиш учун асос бўла олмайди.
Суғурта қоидаларида ҳам бу нарса назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, ФКнинг 955-моддасида Суғурталовчига суғурта товони ёки суғурта пулини тўлашни рад этиш имконини берадиган асосларнинг муфассал рўйхати кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли ҳам суғурталовчи суғурта товонини тўлашни рад этишда асос деб қараётган нарса асоссиздир.
СУҒУРТАЛОВЧИНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИ
Иш берувчи томонидан имзоланган суғурталашга оид аризага, шунингдек суғурта шартномасини тузиш учун тақдим этилган ҳужжатларга қараганда суғурта шартномаси тузилаётган пайтда штат рўйхатида ҳалок бўлган ходимнинг лавозими бўлмаган.
Ҳужжат тили билан
Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи ўзига маълум бўлиб қолган, суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини ва унинг юз бериши туфайли кутилажак зарар миқдорини (суғурта хавфини) аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни суғурталовчига хабар қилиши шарт.
Суғурта шартномасининг (полисининг) стандарт шаклида, суғурта қилдирувчига берилган суғурта қоидаларида ёки ёзма сўровда суғурталовчи томонидан олдиндан аниқ айтиб қўйилган ҳолатлар муҳим деб ҳисобланади.
Агар суғурта шартномаси тузилганидан кейин, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар тўғрисида суғурта қилдирувчи суғурталовчига била туриб ёлғон маълумот берганлиги аниқланса, суғурталовчи шартномани ҳақиқий эмас деб топишни ва ушбу Кодекс 123-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган оқибатлар қўлланилишини талаб қилишга ҳақли.
Агар суғурта қилдирувчи айтиб қўймаган ҳолатлар ўтиб кетган бўлса, суғурталовчи шартномани ҳақиқий эмас деб топишни талаб қила олмайди.
ФКнинг «Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи тақдим этадиган маълумотлар» деб номланган 931-моддаси.
Мазкур маълумотлар суғурта тарифини ва суғурталовчининг хавф-хатар ва таваккалчиликлари ҳисобини чиқаришда алоҳида аҳамиятга эга. Суғурталашга оид аризадаги раҳбарнинг имзоси ва Компаниянинг муҳри ундаги маълумотлар тўлиқ ва ҳақиқатга тўғри эканлигини тасдиқлайди. Суғурталовчи суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси юзага келиши эҳтимолини ва бундай ҳодиса юзага келганлиги сабабли келиб чиқиши эҳтимоли бўлган зарарларнинг миқдорини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги атайин ёлғон маълумотларни хабар қилганлигининг ҳуқуқий оқибатларидан огоҳ этилган бўлади.
Суғурта шартномаси амал қилаётган пайтда Компания Суғурталовчини иш берувчи томонидан амалга оширилаётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси борасидаги таваккалчиликлар қандайлигини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлардан, шунингдек йиллик МҲТФ миқдори тааллуқли ўзгартишлардан хабардор қилмаган ва бу билан суғурта шартномаси шартларини бузган.
ФКнинг 931-моддаси нормаларига амал қилиб ва Компания суғурта шартномаси тузилаётган пайтда, шунингдек шартнома амал қилиб турган даврда Суғурталовчига муҳим аҳамиятга молик ҳолатлар ҳақида тўғри ва ишончли ахборотлар тақдим этмаганлиги фактини эътиборга олиб, Суғурталовчи суғурта тўловини амалга оширишни рад этади.
МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРЛИГИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ
Қонуннинг 14-моддасига биноан, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товонини, агар етказилган зарар товонини тўлаш 1 йилдан ортиқ муддат учун тўлов тўланишини назарда тутадиган бўлса, Суғурталовчи иш берувчига тўлайди. Бунда иш берувчи Суғурталовчи билан аннуитетлар шартномасини тузган бўлиши ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича олган, аннуитетлар шартномаси бўйича суғурта мукофотини тўлаш учунгина мўлжалланган суғурта товонидан фойдаланиши шарт. Борди-ю, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича иш берувчи олган суғурта товони суммаси аннуитетлар шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта мукофоти миқдоридан кам бўлса, орадаги фарқ иш берувчи ҳисобидан қўшимча равишда тўланмоғи керак.
ФКнинг 924-моддасига мувофиқ қонун бўйича фойдасига мажбурий суғурта амалга оширилиши лозим бўлган шахс, агар суғурта амалга оширилмаганлиги унга маълум бўлса, суғурта қилдирувчи сифатида зиммасига суғурталаш мажбурияти юкланган шахс уни амалга оширишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Борди-ю, суғурта қилдирувчи сифатида суғурталаш мажбурияти зиммасига юкланган шахс уни амалга оширмаган бўлса ёки суғурта шартномасини наф олувчининг аҳволини қонунда белгиланган шартларга нисбатан ёмонлаштирадиган шартларда тузган бўлса, у суғурта ҳодисаси юз берганда, ҳатто тегишлича суғурталанган тақдирда ҳам суғурта товони тўлашга асос бўлиши керак бўлган шартларда жавобгар бўлади.
Бинобарин, тузилган суғурта шартномаси бекор қилинган ёки шартнома ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти иш берувчи ихтиёрига ўтади. Бунда товон қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.
ЮРИСТНИНГ ФИКР-МУЛОҲАЗАСИ
Суғурта шартномаси тузилаётган ва шартнома амал қилиб турган пайтда иш берувчи амалга оширилаётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси ва йиллик МҲТФ миқдори ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни тақдим этмаган. Бу ҳол шартнома тузилаётганда тақдим этилган маълумотларнинг суғурта ҳодисаси юзага келган пайтдагига номувофиқлиги билан, шунингдек шартнома тузилаётган пайтда Компаниянинг штат рўйхатида бўлмаган ходим лавозимининг ўзига хос хусусиятлари билан тасдиқланади.
Бундан ташқари, қонун ижодкорлари ФКнинг 949-моддасида иш берувчи ўзига маълум бўлиб қолгудек бўлса, Суғурталовчига албатта хабар қилиши лозим бўлган талайгина ҳолатларни аниқ кўрсатиб ўтганлар. Юқорида кўриб чиқилаётган ҳодисамизда мазкур ҳолатлар тузилган шартномада ва Суғурта қоидаларида ҳам айтиб ўтилган.
Иш берувчи штат жадвалига ўзгартишлар киритган бўлиб, суғурта шартномаси шартларига мувофиқ, унда мазкур ўзгартишлар ҳақида Суғурталовчини хабардор қилиш мажбурияти юзага келган. Иш берувчи бундай қилмаганлиги сабабли ҳам Суғурталовчининг суғурта тўловини тўлашни рад этиш ҳақидаги қарори мамлакатимизнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ва назаримизда, асосли ҳамдир.
Бироқ Суғурталовчининг суғурта тўлови тўлашдан бош тортганлиги иш берувчини ҳалок бўлган ходимнинг қарамоғидагиларга товон тўлаши учун Суғурталовчи билан тузилган аннуитетлар шартномаси бўйича иш берувчини жавобгарликдан озод этмайди. Бунда аннуитетлар шартномаси бўйича мукофотларни иш берувчи тўлайди.
Ҳужжат тили билан
Мулкий суғурта шартномасининг амал қилиш даврида суғурта қилдирувчи (наф олувчи) шартнома тузилаётганда суғурталовчига маълум қилинган ҳолатларда юз берган, ўзига маълум бўлган муҳим ўзгаришлар тўғрисида, агар бу ўзгаришлар суғурта хавфи ортишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, суғурталовчига дарҳол хабар қилиши шарт. Суғурта шартномасида (суғурта полисида) ва суғурта қилдирувчига берилган суғурта қоидаларида айтиб қўйилган ўзгаришлар муҳим деб ҳисобланади.
Суғурта хавфи ортишига сабаб бўладиган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилинган суғурталовчи суғурта шартномасининг шартларини ўзгартиришни ёки хавф ортишига мутаносиб равишда қўшимча суғурта мукофоти тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Агар суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасининг шартлари ўзгартирилишига ёки суғурта мукофотига қўшимча тўлашга эътироз билдирса, суғурталовчи ушбу Кодекснинг 28-бобида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ шартномани бекор қилишни талаб этишга ҳақли.
Суғурта қилувчи ёхуд наф олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятини бажармаган тақдирда, суғурталовчи суғурта шартномасини бекор қилишни ва шартномани бекор қилиш туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб этишга ҳақли.
Суғурталовчи, агар суғурта хавфи ортишига сабаб бўладиган ҳолатлар йўқолган бўлса, суғурта шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақли эмас.
Шахсий суғуртада, суғурта шартномасининг амал қилиши даврида ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган суғурта хавфининг ўзгариши оқибатлари, агар улар шартномада тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлсагина, юзага келиши мумкин.
ФКнинг «Суғурта шартномасининг амал қилиш даврида суғурта хавфининг ортиши оқибатлари» деб номланган 949-моддаси.
Дониёр ИБРАГИМОВ,
«Victory Yurconsalt» МЧЖ юрисконсульти.