Norma.uz

Даъво барвақт қилинган

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Хусусий корхонанинг (бундан кейин – ХК) даъвоси бўйича хўжалик суди 2013 йил 11 ноябрдаги ўзининг ҳал қилув қарори билан масъулияти чекланган жамиятни (бундан кейин – МЧЖ) етказиб берилган товарга ҳақ тўланмаганлиги муносабати билан ХК фойдасига 200 млн сўм тўлашга мажбур этди. Суднинг ҳал қилув қарори кучга кирганидан кейин даъвогарга ижро варақаси берилди. 2013 йил 16 декабрда суд ижрочилари бўлими қарз суммасини ундириш бўйича ижро иши юритишни бошлади, бироқ уни ундириб бўлмаслиги туфайли 2014 йил 1 февралда суд ижрочиси ХКни иш юритиш тугатилиши тўғрисида хабардор қилди.

2014 йил 10 февралда ХК хўжалик судига МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисида даъво аризаси берди. Хўжалик судининг 2014 йил 21 апрелдаги ҳал қилув қарори билан унинг даъвосини қондириш рад этилди. Апелляция ва кассация инстанцияларида иш кўрилмади.

 

ХКнинг ПОЗИЦИЯСИ

МЧЖ тўлиқ ҳажмда етказиб берилган товарга ҳақ тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармади ва унда 200 млн сўм миқдоридаги қарз вужудга келди. Уни ундириб бўлмаслиги муносабати билан суд ижрочилари бўлими 2014 йил 1 февралда ХКни иш юритиш тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилди. Қарзни сўндириш мақсадида, шунингдек қарздорда мол-мулк борлигини ҳисобга олиб, хусусий корхона МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисида хўжалик судига даъво аризаси берди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Ҳақиқатан ҳам МЧЖ ХКдан 200 млн сўм миқдорида қарзга эга. Бироқ қарздорни банкрот деб топиш учун зарур бўлган 3 ойлик муддат 2014 йил 11 мартда тугайди. Даъвогар даъво аризасини у тугашига қадар топширган ва шу сабабли даъво рад этилиши керак.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидаги далилларни тасдиқлади:

1) қарз суммаси даъво аризаси берилган кунда энг кам иш ҳақи миқдорининг 500 бараваридан (96 105 х 500 = 48 052 500 сўм) ошади ва 200 млн сўмни ташкил этади;

2) суднинг ҳал қилув қарори кучга кирган кундан бошлаб 3 ойлик муддат 2014 йил 11 мартда тугайди;

3) ХКнинг даъво аризаси судга 10.02.2014 йилда, яъни 2014 йил 11 мартдан аввал берилган.

Баён этилганлар асосида суд «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг (5.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон, 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда) 4 ва 5-моддаларига мувофиқ, ушбу Қонун 54-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига амал қилиб, банкротлик аломатлари белгиланмаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисида қарор чиқарди.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

Қарздорни банкрот деб топиш учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги 2 аломат бўлиши лозим:

пул маблағлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар улар бажариш санаси бошланган пайтдан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан талаблар жамликда энг кам иш ҳақининг камида 500 бараварини ташкил этса, банкротлик тўғрисидаги иш хўжалик суди томонидан қўзғатилиши мумкин («Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг 4 ва 5-моддалари).

Юқорида келтирилган суд ишида бажарилмаган мажбуриятлар миқдори ЭКИҲнинг 500 бараваридан кўпни ташкил этади (200 млн сўм), бироқ мажбуриятларни бажармаслик муддати, иш ҳолатидан келиб чиқилганида, 3 ойдан ошмайди. Тегишинча, банкротлик тўғрисида ариза 2014 йил 12 мартдан кейин, яъни суднинг ҳал қилув қарори кучга кирган кундан бошлаб 3 ой ўтганидан кейин берилиши керак эди.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд МЧЖни банкрот деб топиш учун асосларни топмади ва даъво талабларини рад этди.

Шу билан бирга, 3 ой ўтганидан кейин ХК судга МЧЖни банкрот деб топиш тўғрисида даъво билан яна мурожаат қилишга ҳақли эканлигига эътиборни қаратамиз. Бунинг устига, агар ХКда МЧЖнинг бошқа кредиторлари борлиги хусусида ахборот мавжуд бўлса, «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун 40-моддасининг иккинчи қисмига кўра, кредиторлар МЧЖга нисбатан ўз талабларини бирлаштиришга ва хўжалик судига битта ариза билан мурожаат қилишга ҳақлилар. Бундай аризани ўз талабларини бирлаштирган кредиторлар имзолайдилар.

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 2322 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика