Norma.uz

Қайта ташкил этилган корхонада фаолиятни давом эттириш

2014 йилнинг май ойида корхонамиз унитар корхона (УК) мақомини акциядорлик жамияти (АЖ)га ўзгартирди ва барча ходимлар янги ташкилотга ўтказилди. Мен ишдан бўшаш ва АЖга қабул қилиш тўғрисида ариза ёзмадим. Таътил олиш вақти келди, аризамга кўра менга таътилни илгари ишланган вақт учун эмас, балки АЖда ҳақиқатда ишланган вақт учун беришяпти. Мен аввалги ташкилотдан (УК) фойдаланилмаган таътил учун компенсация олмадим. Қолаверса мен ҳомиладорман ва ўз аризамда буни кўрсатгандим.

Иш берувчи ҳақми?

Газетхон. Қорақалпоғистон Республикаси.

 

– Йўқ, ноҳақ.

Саволдан келиб чиқадиган бўлсак, УК АЖга қайта тузилган. Бунда УКнинг юридик шахс сифатидаги фаолияти тўхтатилади ва янги юридик шахс – АЖ тузилади. Меҳнат кодексининг (МК) 98-моддасига мувофиқ корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади.

Қайта ташкил этишда иш берувчи ўзгармайди, фақат ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгаради, шу сабабдан ходимларни янгидан ташкил этилган юридик шахсга, яъни УКдан АЖга ўтказишни расмийлаштириш хато бўлади.

Мазкур ҳолатда ходим билан янги меҳнат шартномасини тузиш талаб этилмайди. Ходим меҳнат дафтарчасининг 3-устунида алоҳида сатр билан «Унитар корхона, ___ санада, АЖ деб атала бошлади» деб ёзилади, 4-устунда эса, қайта номланишини асослаб буйруқ санаси ва сон рақами қўйилади (Меҳнат вазирлиги ва ИТВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.13-банди).

Таътил берилиши борасида шуни таъкидлаш лозимки, қайта ташкил этилганда меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверганлиги боис (меҳнат шартномасини тўхтатишга буйруқ мавжуд эмас), МКнинг 142-моддасига мувофиқ УК қайта ташкил этилгунга қадар унда ҳақиқатда ишланган вақт йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилади.

Шу билан бирга, МКнинг 143-моддаси саккизинчи қисмига мувофиқ йиллик асосий таътилни иш берувчи иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида бериши керак.

Бундан ташқари, МКда иш берувчи 6 ой ўтмасдан олдин таътил бериши шарт бўлган ходимлар тоифалари назарда тутилган. Бундай таътилни олишга ўз аризасига биноан аёллар – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин ҳақлидир.

Бунда агар ходим олдиндан таътил олишга ҳақли бўлса, бундай таътил тўлиқ берилади. Ишланган ойлар сонига боғлиқ ҳолда таътилни мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқишга йўл қўйилмайди. Бунга қонун ҳужжатларида махсус назарда тутилган ҳоллардагина, масалан, ходимнинг хоҳишига кўра таътил қисмларга бўлинганда истисно тариқасида қўл қўйилади (МКнинг 146-моддаси).

Шу тариқа, сизнинг ҳолатингизда иш берувчи қонун ҳужжатларининг талабларини қўпол равишда бузган.

Агар сиз иш берувчи билан бевосита келишувларда тушунмовчиликларни мустақил ёки ўз вакилингиз иштирокида тартибга солишни уддалай олмасангиз, иш берувчи жойлашган жойдаги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 1893 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика