Norma.uz

Бошқа доимий ишга ўтказиш

Кўпгина корхоналарда ходимнинг меҳнат вазифаларини ёхуд таркибий бўлинмасини ўзгартиришига тўғри келиб қоладиган вазиятлар учраб туради. Бунга турлича омиллар – ходимнинг ўз илтимоси, саломатлиги тақозоси, штат қисқариши, фавқулодда ҳолат ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин. Бошқа ишга ўтказиш вақтинчалик ҳам, доимий ҳам, ходим ташаббусига кўра ҳам, иш берувчи ташаббуси билан ҳам, ходимнинг розилиги ва розилигисиз ҳам бўлиши мумкин. Вазиятга боғлиқ ҳолда уни расмийлаштириш ҳам турлича бўлади.

 

Тарафлардан бири (ходим ёки иш берувчи) ходимни бошқа доимий ишга ўтказиш ташаббуси билан чиқади.

Агар бошқа ишга (лавозимга) доимий ўтказиш тўғрисидаги ташаббус билан ходимнинг ўзи чиқса, у бу ҳақда ариза ёзиши керак, ариза иш берувчи томонидан ўрнатилган тартибда, масалан, ходимларнинг аризаларини рўйхатга олиш журналида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Доимий ишга ўтказиш ташаббуси иш берувчи томонидан чиққанда, у ходимнинг розилигини олиши зарур (Меҳнат кодексининг (МК) 92-моддаси биринчи қисми). Иш берувчи ходимга 2 нусхада расмийлаштириладиган бошқа ишга (лавозимга) ўтказиш ҳақида ёзма равишдаги таклифни киритиши лозим. Таклиф иш берувчида белгиланган тартибда расмийлаштирилади, масалан, ходимларга билдиришномалар ва таклифларни рўйхатга олиш журналида қайд этилади. Бир нусхаси ходимга берилади. Иш берувчида қоладиган нусхасига ходим таклиф билан танишиб чиқдим ва унинг нусхасини олдим деб ёзиб қўяди. Агар ходим бошқа ишга ўтказишларига рози бўлса, у оддийгина қилиб «розилиги ҳақидаги ёзув»ни ёзиб қўйиши ёки ўз розилиги ҳақидаги аризани ёзиши мумкин. Ходимнинг аризаси иш берувчида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади, масалан, ходимларнинг аризаларини рўйхатга олиш журналида қайд этилади.

Амалиётда ходимни янги лавозим йўриқномаси, бошқа ишга ўтказилганлиги билан бевосита боғлиқ бошқа ички меъёрий ҳужжатлар билан таништиришнинг турли усуллари мавжуд.

Таништирув варақлари ички меъёрий ҳужжатларга тикиб қўйилади, уларга ходимлар имзо қўядилар ва танишиб чиққан саналарини ёзадилар. Мазкур варақлар ички меъёрий ҳужжат билан бирга тикиб қўйилади.

Шунингдек ходимларнинг ички меъёрий ҳужжатлар билан таништирув дафтарлари юритилиши мумкин.

Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортиши ва буйруққа (фармойишга) имзо чекмаслиги мумкин. Мазкур ҳолатда қонун ҳужжатларида далолатнома тузиш ва буйруққа (фармойишга) ёзув киритиш назарда тутилмаган, бироқ агар иш берувчи томонидан бундай ҳаракатлар тартиби назарда тутилган бўлса (масалан, кадрлар бўйича иш юритиш йўриқномасида), далолатнома тузиш ва ёзувлар киритиш шарт. Далолатнома иш берувчида белгиланган тартибда тегишли рўйхатга олиш журналида рўйхатдан ўтказилади.

Агар ходим ўзгаришларга тайёр бўлса, бошқа ишга ўтказилиши тўғрисидаги меҳнат шартномасига ёзма келишувни, зарурат бўлганда – моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани имзолаши лозим.

Келишувда ходим қайси бошқа доимий ишга ўтказилаётганлиги, унинг сабаби, санаси ва қайси меҳнат шартномасининг қоидаларига ўзгартиришлар киритилаётганлиги аниқ кўрсатилади.

Келишув ва шартнома 2 нусхада – ҳар бир тарафга бир нусхадан расмийлаштирилади ва меҳнат шартномаларига келишувларни рўйхатга олиш ҳамда тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш журналида рўйхатдан ўтказилади.

Бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги келишув (шартнома)нинг бир нусхаси ходимга берилганлигини иш берувчида қоладиган нусхада ходим томонидан қўйилган имзо тасдиқлайди. Имзодан олдин «Мен келишув (шартнома)нинг нусхасини олдим» деган иборани ёзиб қўйилишини тавсия қиламиз.

Меҳнат вазифаларининг ўзгартирилишига доир кейинги босқичлар қуйидагилардир:

– ходимни бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ (фармойиш) берилиши.

Бошқа доимий ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади. Буйруқда бошқа ишга ўтказилаётган ходимнинг Ф.И.Ш., ўтказишнинг аниқ санаси, сабаблари ва ходимнинг янги лавозими ёки янги иш ўрнининг номи кўрсатилиши лозим (МКнинг 96-моддаси биринчи қисми);

– ходимни имзо чеккан ҳолда буйруқ (фармойиш) билан таништириш (МКнинг 96-моддаси иккинчи қисми);

– буйруқ (фармойиш)ни иш берувчида белгиланган тартибда, масалан, буйруқ (фармойиш)ларни рўйхатга олиш журналида рўйхатдан ўтказиш;

– меҳнат дафтарчасига бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги ёзувни киритиш (МКнинг 96-моддаси учинчи қисми);

– ходимнинг шахсий варақасида бошқа ишга ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотларни акс эттириш.


Елена ЕРМОХИНА,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 8502 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика