Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 40 / Бизнинг лойиҳалар

Ўқиш деганлари ҳамиша шундай бўлса-да

Профессионал ривожланиш маркази «Norma» компаниялар гуруҳига мансуб муассаса бўлиб, мутахассисларга таълим бериш ва уларнинг малакасини ошириш масканигина эмас, балки кўпчилик аллақачонлардан буён жумбоқ бўлиб ётган саволларига жавоб оладиган, таълим орасидаги танаффусларда қаҳвахўрлик қилиб дам олинадиган ва дилкаш суҳбат қилинадиган, фойдали амалий танишувлар содир бўладиган ажиб гўша сифатида эл оғзига тушди.

 

Марказ ўз фаолиятини 2012 йил июлида бошлаган, мақсади муайян йўналишдаги мутахассислар, яъни бухгалтерлар, кадрлар билан иш олиб борадиган ходимлар, юристлар, иқтисодчилар малакасини оширишдан иборат эди. Ўтган икки йил ичида 7 000 нафардан ортиқ мутахассислар бу ерда бўлишди. Тайёрланган таълим дастурлари бўйича қарийб 30 ўқув курси ўтказилди. Марказда малакали ходимлар фаолият юритмоқда, курс маърузачилари ва ўқитувчилари – ўз соҳасининг олди мутахассислари. Бу ердаги ўқув юртига хос муҳит жуда ўзгача. Тингловчилар учун ҳамма шароитлар яратилган. Марказ энг янги техника билан жиҳозланган аудиториялари, дам олиш хоналари, меҳмондўст менежерлари, ҳатто хушбўй қаҳваси билан ажралиб туради. «Norma» компаниялари гуруҳи фаолияти тўғрисидаги энг сўнгги янгиликлар – янги акциялар, бонуслар, дастурлардан айни шу ерда воқиф бўлиш мумкин.

Жорий йилнинг сентябридан Марказ янги ўқув йилини бошлади. Бўлажак (кузги) таълим тадбирлари режаси билан ҳозирнинг ўзидаёқ танишиш мумкин ( бу тадбирлар билан norma.uz сайтида танишса бўлади). Семинарларда иштирок этиш иштиёқмандлари ва курсларда таълим олишни хоҳловчилар тўпланмоқда. Марказ директори Мўмин АШУРОВ ўтган ўқув йили якунлари ва келгуси режалар ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

 

Мўмин Хуррамович, сиз раҳбарлик қилаётган Марказ учун ўтган ўқув йили қандай кечди?

– Марказимизда муваффақиятли тарзда ўтказилган турли тадбирлар, амалга оширилган лойиҳаларга қараб маҳсулдор бўлди деб дадил айтишга ҳақлимиз. Бу йил янги лойиҳалар йили бўлиб қолади деган мўлжалимиз бор. Энг сўнгги лойиҳалардан бири «Кадрларга оид иш юритиш» курси жуда машҳур бўлиб кетди. Унда иштирок этиш истагидагилар ўйлаганимиздан ҳам кўп экан. Грант лойиҳаси ҳам чакки эмас. Ана шу лойиҳа доирасида «Norma» мутахассислари «Нодавлат нотижорат ташкилотларидаги бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш, ҳисобот ва кадрларга оид иш юритиш хусусиятлари» деган ўқув-услубий мажмуани ўзбек ва рус тилларида тайёрладилар. Зарур услубий ахборотларни ўзида мужассам этган 500 донага яқин диск тайёрланди. Дискларни тарқатишда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий уюшмаси фаоллик кўрсатди. Бепул тренинглар тарзида тақдимот ўтказилди, уларда 200 га яқин нотижорат ташкилотларидан вакиллар иштирок этди.

Янги ўқув йили «Дебиторлик ва кредиторлик қарзи», «Корхона устав фонди», «Асосий воситалар ҳисоби», «Таннарх. Чиқимларни бошқариш», «Қарз бўйича чиқимлар», «Интеллектуал мулк объектлари», «Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадларига солиқ солиш» мавзуидаги янги семинарлар билан бошланди.

Кенг обрў қозонганлик жиҳатидан ва олинган ижобий фикр-мулоҳазаларга кўра янги лойиҳаларимиздан «Бошловчилар учун бухгалтерия ҳисоби» ва «Раҳбарлар учун бухгалтерия ҳисоби» деган масофавий таълим курслари етакчи мавқени эгаллаб турибди. Бу курсларнинг мамлакатимизда ўхшаши йўқ. Улар, назаримда, бухгалтерия соҳасида таълим олувчи учун қулай вақт ва қулай жойда таянч (асос бўладиган) билим олишнинг бетимсол имкониятини яратиб бермоқда. Ўртада масофа борлигига қарамай, машғулотлар ўқитувчилар билан он-лайн режимида мулоқотда бўлиш ва маслаҳатлар олиш имконини бермоқда. Таълим олувчилар имтиҳонларни муваффақиятли тарзда топширганлари тақдирда натижаларга қараб уларга сертификатлар берилади. Биринчи курс йиғилганлар мақсади ранг-баранг эканлиги эътиборга олинган ҳолда таркиб топган. Зотан, бизда амалиётчи бухгалтерлар ҳам, ҳисоб соҳасидаги янги одамлар ҳам, бу фаолиятдан мутлақо йироқ кишилар ҳам таълим олишди. «Раҳбарлар учун бухгалтерия ҳисоби» курси ўз қўл остидаги бухгалтер билан бемалол тиллаша олиш ва анчагина мураккаб бухгалтерия ҳисоботларининг сир-синоатларидан воқиф бўлиш истагидаги, турли йўналишда фаолият олиб бораётган раҳбарлар учун мўлжалланган.

– Тингловчиларнинг Марказда ўтказилаётган машғулотлар ва тадбирларга қатнови қай аҳволда?

– Жорий йилнинг январь–июль ойлари даврида лойиҳаларимиз ва тадбирларимизда 2 200 нафардан ортиқ киши иштирок этди, шулардан 600 нафари масофавий таълим курслари толибларидир. Семинарлар қатнашувчилар сони кўп эканлиги билан ажралиб турди.

– Сизнингча, бу нарса нима билан боғлиқ?

– Энг аввало, курслардан фарқли равишда семинарлар оралиқ танаффус билан уч-тўрт соат давом этади. Курслар эса, кўп кунлик таълимга мўлжалланган. Вақт бобидаги ана шу жиҳат, қолаверса Марказда амал қилиб турган бонусларнинг мослашувчан тизими тингловчиларимиз сафи ортиб боришига хизмат қилмоқда.

– Мавриди келган экан, бонус тизими ҳақида ҳам, мумкин бўлса, гапириб ўтсангиз.

– Аввал бошданоқ биз «Солиқ ва божхона хабарлари» – «Налоговые и таможенные вести» ҳамда «Норма маслаҳатчи» – «Норма» газеталаримиз обуначиларига ва «Norma» ахборот-қидирув тизимларидан фойдаланувчиларга семинарларга бепул қатнашиш ҳамда курслар қийматини 50%га камайтириш тарзида туҳфа инъом этдик. Бу борадаги барча харажатлар муассисларимиз томонидан компенсация қилинади.

1 июлдан 1 сентябрга қадар бўлган давр ичида нашрларимизга йиллик обунани расмийлаштирган обуначилар яна бир қўшимча семинарда иштирок этиш имкониятига, масофавий таълим курсида ўқиш ҳақи юзасидан 70%лик сийловга эга бўлдилар, «1UZ бухгалтерия дастури» курси бўйича таълимни ўтайдилар (бу курсни муваффақиятли тугаллаш 1UZ дастурини 50%лик сийлов билан олиш имкониятини беради). Хуллас, Марказимизда амал қилаётган бонус тизими муттасил янгиланиб бормоқда, тингловчиларимиз учун қулай янгиликлар билан тўлдириб борилмоқда.

– Марказ янги ўқув йилида ўз тингловчиларини қанақа янгиликлар билан хушнуд этмоқчи?

– Режалар, олдимизга қўйилган вазифалар оз эмас. Энг аввало, ҳозирги кунда бухгалтерия бўйича масофавий таълим курсларини ўзбек тилида олиб боришга ўтказиш билан боғлиқ ишлар охирига етказилаётганлигини маълум қилиш беҳад шод этади мени. Шу кузда уни ишга туширишни режалаштираётирмиз. Масофавий таълим элементларини ўзида жо этган «Бошқарув ҳисоби-1» курси ҳам ҳадемай ишга туширилади. Бевосита таълим билан масофавий таълимнинг бу йўсин уйғунлашуви олинадиган билим даражасига таъсир этмаган ҳолда тингловчилар учун аудиторияларда ўтириш вақтини анча камайтиради. Бу эса курс тингловчиларига жуда маъқул келса керак, назаримда.

Янги курслар ва семинарлардан ташқари ўтган ўқув йили тингловчиларимиздан кўп олқиш олган ўқув тадбирлари ҳам ўтказилади. Марказимизнинг сайтини ишга тушириш яқин орадаги режаларимизда турибди. Бу тамомила мустақил ресурс бўлади, унинг ёрдамида Марказимизнинг фаолияти тўғрисида муфассал ахборотни билиб олиш мумкин. Бундан ташқари тингловчилар ўз фикр-мулоҳаза ва истакларини ёзиб қолдиришлари, машғулотлар ва бошқа тадбирларга ёзилишлари мумкин.

– Марказингиз мамлакатимиз пойтахтида фаолият юритмоқда. Минтақаларда унинг филиалларини очиш имконияти борми?

– Шахсан ўзим буни жуда-жуда истардим. Тошкентда курслар ва семинарлар ўтказувчи ўқув юртлари кўп. Минтақаларимизда эса бундай муассасалар бирмунча кам. Бироқ вилоятлардаги тингловчиларда таълимга бўлган талаб-эҳтиёж пойтахтдагиларникидан кам эмас. Мижозларимиз орасида вилоятлардан ташриф буюрганлар ҳам борлиги ҳар биримизни мамнун этади. «Бухгалтерия ҳисобига кириш» курсида, масалан, Самарқанд, Навоий ва Бухородан келган бухгалтерлар ҳам таълим олдилар. Яқинда ангренлик бир гуруҳ тингловчилар таҳсилни тугалладилар. Талаб таклифни юзага келтиради, дейишади. Марказимиз ривожланиши минтақалар миқёсида кенг қулоч ёйишига ишончим комилдир.

 

Марказ эришган ютуқлар ва мўлжаллаётган режалар ҳақидаги ҳикояни мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
ёзиб олди.

Прочитано: 2188 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика