Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 40 / Бевосита мулоқот

Норезидентдан солиқ ушланганда

«СБХ» газетасининг 37-сонида экспертимиз Н.Муқминованинг «Норезидентнинг фойдасидан олинадиган солиқни тўлаш куни» мақоласи чоп этилган эди.

Ушбу сонда биз бошқа экспертнинг бўнакдан норезидентнинг фойда солиғини ушлаш масалаларига доир нуқтаи назарини чоп этамиз.

 

Вазият. Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахсга республикамиз ҳудудида амалга ошириладиган ишларни бажариш ҳисобига бўнак тўлайди.

– Солиқ кодексининг (СК) 155-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларига, мазкур даромадларни олиш билан боғлиқ харажатлар чегириб ташланмаган ҳолда тўлов манбаида солиқ солинади. Бундай даромадларга, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг норезиденти томонидан Ўзбекистон ҳудудида ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар киради.

СКнинг 165-моддасида назарда тутилишича, юридик шахслардан тўлов манбаида олинадиган фойда солиғини юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси норезидентларига даромадлар тўлаш пайтида ушлашлари шарт.

Шуни таъкидлаш лозимки, агар шартномага кўра харидор (Ўзбекистон резиденти) норезидентга бўнак тўлаши керак бўлса, унинг суммаси норезидентнинг даромади ҳисобланмайди ва, тегишинча, уни тўлаш пайтида солиққа тортилмайди. Солиқ эса контракт бўйича охирги тўловдан ушланади. Буни СКнинг 129-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига кўра реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун олдиндан ҳақ тўлаш (бўнак) тарзидаги бошқа шахслардан олинган воситалар (мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар) солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмаслиги тақозо этади. Бу ҳолат Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 1.11.2012 йилдаги
ММ/04-01-32-14/1090 ва 14/3-15864-сон қўшма хати билан ҳам тасдиқланади (norma.uz сайтига қаранг).

Агар якуний суммани тўлаш санасида норезидент давлат солиқ хизмати органида доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома ёки солиқ органи томонидан тасдиқланган, халқаро шартномага мувофиқ солиқ тўлашдан озод қилиш тўғрисида ариза бўлмаган тақдирда тўлов манбаида якуний суммадан 20%лик ставкада фойда солиғи ушланиши лозим. Бунда солиқ суммаси норезидентга даромад батамом тўланган пайтда белгиланган Марказий банк курси бўйича ҳисобланиши керак.

Агар резидент юридик шахс 100% миқдорида олдиндан ҳақ тўлаган, ­яъни контрактнинг тўлиқ суммасини тўлаган бўлса, бу ҳолда ҳам бўнак тўланиши норезидентнинг даромади сифатида қаралмайди. Албатта, бундай тўловларни амалга ошириш, лоақал тўлов манбаида солиқ ушлаш нуқтаи назаридан олганда, тавсия этилмайди. Бўнакдан 20% ушланиши лозим (кейинчалик солиқ ушлаш имконияти бўлиши учун), яъни 80% миқдорида бўнак тўлаш керак.

Бироқ 100%лик тўлов амалга оширилган ва ишлар бажариш санасида норезидент доимий муассаса сифатида солиқ органида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома ёки солиқ хизмати томонидан тасдиқланган, халқаро шартномага мувофиқ солиқ тўлашдан озод этиш хусусида ариза бўлмаса, юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси резиденти, СКнинг 155-моддасига кўра, солиқ мажбуриятини ўз маблағлари ҳисобига бажариши керак.

 

Юридик шахсларнинг фойда солиғи суммаси ушланмаган ёки мазкур солиқнинг ушланмаслиги ёки тўлиқ ушланмаслигига олиб келган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари нотўғри қўлланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки Ўзбекистондаги фаолиятни Ўзбекистон Республикаси норезидентига даромад тўлайдиган доимий муассаса орқали амалга оширадиган норезидент қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджетга юридик шахсларнинг ушланмаган фойда солиғи суммаси ва у билан боғлиқ пеня суммасини киритиши шарт.

 

Бироқ кейинчалик резидент юридик шахс солиқ органи томонидан тасдиқланган, халқаро шартномага мувофиқ солиқ солишдан озод қилиш тўғрисида аризани олган бўлса, у мазкур суммани мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан 12 ой ичида бюджетдан қайтариш ҳуқуқига эга. Бунинг учун Ўзбекистон резиденти тўланган суммани қайтаришни сўраб ариза ҳамда солиқ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

Шуни қайд этиш лозимки, СКнинг 155-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси норезидентининг фақат шу норезидент номидан амалга ошириладиган ва фақат товарлар харид қилиш (олиш), шунингдек товарларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш билан боғлиқ ташқи савдо операциялари (шу жумладан товар айирбошлаш операциялари) бўйича олинган даромадлари норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларига кирмайди. Шу тариқа, норезидентлардан харид қилинган товарлар импортига тўлов манбаида солиқ солинмайди.

Дилшод СУЛТОНОВ,

экспертимиз.


Таҳририятдан: Экспертларнинг газетамизда келтирилган, берилган саволга жавобларини, шунингдек улар ҳавола қиладиган Солиқ кодекси моддаларининг мазмунини таҳлил қилиб, ҳамма нарса қатъиян бир хил маънога эга эмас дейиш мумкин. Акс ҳолда бир-биридан фарқ қиладиган икки хил фикр вужудга келмас эди.

СКнинг 155-моддасида шундай дейилган: «Даромадни тўлаш деганда нақд пулли ва (ёки) нақд пулсиз шаклда пулни... бериш... тушунилади». Ушбу модданинг ўзида белгиланишича, юридик шахсларнинг фойдасига солинадиган солиқ суммаси Ўзбекистон Республикаси норезидентига даромад тўлаш санасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаган курс бўйича ҳисобланади.

Айтилганлардан солиқ тўлаш пайти «даромадларни тўлаш санасида» белгиланиши келиб чиқади, даромадни тўлаш санаси бўлиб эса, ушбу ўтказиш далил бўйича бўнак билан ёки ҳақ тўлаш орқали бўлишидан қатъи назар, пулни нақд пулли ва (ёки) нақд пулсиз шаклда бериш ҳисобланади. Ҳар ҳолда, СКнинг мазкур моддасида ушбу ҳолат бўйича бирон-бир таъкидлар мавжуд эмас.

Қўйидаги жиҳатлар ҳам бир хил маъно бермайди:

1. Агар ҳақ икки тўлов билан тўланса, уларнинг бири бўнак тўлови бўлса, бошқаси эса хизматлар кўрсатилгандан кейин амалга оширилса, шундай савол туғилади: солиқ қайси курс бўйича тўланади? Агар иккинчи тўлов санасидаги курс бўйича бўлса, бу ҳол яна СКнинг 155-моддасида келтирилган меъёрларга мувофиқ бўлмайди.

2. Агар 100 фоиз олдиндан тўланса, солиқ тўлаш муддатлари масаласи умуман очиқ қолади.

Муҳокама қилинаётган СКнинг моддаси бир хил маънода эмаслиги боис бошқа экспертларни ўз фикрларини баҳам кўриш учун таклиф қиламиз, шунингдек қонун ижодкорлари эътиборини турлича талқинларга йўл қўймаслик учун мазкур масала бўйича янада аниқ формулировкалар бериш зарурлигига қаратамиз.

Прочитано: 2505 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика