Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 40 / Хўжалик юритиш қоидалари

Қачон қарз ундирилади? Қачон ҳисобдан чиқарилади?

Баъзан объектив (масалан, рақобат) ва субъектив омиллар туфайли баъзи тадбиркорлик субъектлари банкротлик чегарасига бориб қоладилар. Ана шундай корхоналардан бирининг раҳбари (собиқ) вазиятни тушунтириб, бизга саволлар билан мурожаат қилди.

 

2010 йилда Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси тегишли лицензия асосида дори воситаларининг чакана савдоси билан шуғулланадиган «Б» МЧЖни рўйхатдан ўтказган.

2013 йил январда қисқа муддатли солиқ текшируви пайтида Тошкент шаҳри Давлат солиқ бошқармаси 56 млн сўм миқдорида тушум яширилганлигини аниқлади ва суд тартибида корхонага нисбатан яширилган тушум миқдорида молиявий санкция қўлланди.

«Б» МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 189-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди ва суднинг ҳукмига кўра у айбдор деб топилди ва унга тегишли жазо тайинланди.

Корхонанинг ҳисобрақамида пул маблағларининг йўқлиги туфайли хўжалик судининг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини бажариб бўлмаслиги муносабати билан Учтепа туман ДСИ Тошкент шаҳар хўжалик судига ундирувни «Б» МЧЖ мол-мулкига қаратиш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилди. Учтепа туман ДСИнинг талаблари суд томонидан қондирилди ва 56 млн сўмни «Б» МЧЖ мол-мулки ҳисобидан ундириш учун ижро варақаси берилди. Бироқ корхонанинг кўчар ва (ёки) кўчмас мулки йўқлиги боис ижро варақасини суд ижрочиси ундирувчи – Учтепа ДСИга қайтариб берди. Шунда ДСИ Тошкент шаҳар хўжалик судига «Б» МЧЖни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш илтимоси билан мурожаат қилди.

2014 йил февралида Тошкент хўжалик суди «Б» МЧЖни банкрот деб топиш ва тугатиш ишини юритишни бошлаш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарди. Тугатиш бошқарувчиси сифатида Учтепа туман ДСИ ходими тайинланди.

Тугатиш ишини юритиш таомили тугаганидан кейин (2014 йил апрелида) хўжалик суди тугатиш ишини юритишни якунлаш ва тугатиш бошқарувчисининг ҳисоботини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқарди, унга асосан «Б» МЧЖ Учтепа туман ҳокимлиги ҳузуридаги инспекция томонидан юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилди.

Юқорида кўрсатилган ҳолатлардан кейин Учтепа туман ДСИ 56 млн сўмни субсидиар тартибда «Б» МЧЖ собиқ муассиси ва собиқ раҳбарининг шахсий мол-мулки ҳисобидан ундириш нияти тўғрисида маълум қилди.

Субсидиар тартибда ундириш нима дегани?

Бизнинг вазиятда бюджет олдидаги қарз суммасини субсидиар тартибда собиқ муассис ва собиқ раҳбарнинг шахсий мулки ҳисобидан ундириш мумкинми? 

 

– Фуқаролик қонун ҳужжатларида фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг бир нечта тури фарқланади, уларнинг бири субсидиар жавобгарликдир.

Субсидиар жавобгарлик – шахснинг асосий қарздор ҳисобланган бошқа шахснинг жавобгарлигига қўшимча жавобгар бўлишидир.

Фуқаролик кодексининг (ФК) 329-моддасига кўра қонун ҳужжатлари ёки мажбурият шартларига мувофиқ асосий қарздор бўлган бошқа шахснинг жавобгарлигига қўшимча равишда жавобгар бўлган (субсидиар жавобгарлик) шахсга талаблар қўйишдан олдин кредитор асосий қарздорга талаб қўйиши керак. Агар асосий қарздор кредиторнинг талабини қондиришдан бош тортса ёки кредитор ундан қўйилган талабга оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, бу талаб субсидиар жавобгар бўлган шахсга қўйилиши мумкин.

Шу тариқа, субсидиар тартибда ундириш асосий қарздорнинг қарзи (мажбуриятлари)ни, агар асосий қарздорнинг ўзи мажбуриятларини бажаришдан бош тортса ёки бажариши мумкин бўлмаган ҳолда, қўшимча жавобгар бўлган шахсдан ундиришни англатади.

ФКнинг 48-моддаси учинчи қисмига асосан юридик шахс муассиси (иштирокчиси) ёки унинг мол-мулкининг эгаси юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, юридик шахс эса муассис (иштирокчи) ёки мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, ФКда ёки юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон Қонун, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 3-моддасига мувофиқ масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.

Бунда ФКнинг 48-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилишича, агар юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин. Мазмунига кўра худди шундай меъёр МЧЖ тўғрисидаги Қонун 5-моддасининг ўн биринчи қисмида белгиланган.

Бунинг маъноси шуки, агар жамиятнинг банкротлигини МЧЖ муассисининг ғайриқонуний ҳаракатлари вужудга келтирган бўлса, унинг зиммасига жамиятнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин ва у зарарларнинг миқдоридан қатъи назар келтирилган зарарлар учун жавобгардир.

Баъзи субъектив шартларга амал қилганда ФКнинг 48-моддаси тўртинчи қисми амалда қўлланиши мумкин деб ҳисоблаймиз. Хусусан, қонун чиқарувчи юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида муассис (иштирокчи) ёки юридик шахс мол-мулкининг мулкдори мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқи назарда тутилиши кераклиги тўғрисидаги меъёрни белгилайди. Бундан ташқари, агар муассис (иштирокчи) ушбу юридик шахснинг муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, кўрсатилган ҳуқуқдан фойдаланса, банкротлик муассис (иштирокчи) томонидан вужудга келтирилган деб ҳисобланади.

Шунингдек юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги)ни вужудга келтирган муассис (иштирокчи)нинг айни қандай ҳаракатлари ғайриқонуний деб ҳисобланишига эътибор қаратиш керак. Бундай ҳаракатларнинг рўйхати «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуннинг (5.05.1994 йилдаги 1054-XII-сон Қонун, 24.04.2003 йилдаги 474-II-сон Қонун таҳририда) 190-моддасида келтирилган.

Банкротликка олиб келган ғайриқонуний ҳаракатлар дейилганда қарздорга ёки кредиторларга зарар етказган мансабдор шахсларнинг ёки қарздор мол-мулки эгасининг ёхуд кредиторлар ёки бошқа шахсларнинг қасддан қилган ҳаракатлари билан боғлиқ қоидабузарликлар тушунилади.

Ғайриқонуний ҳаракатларга қуйидагилар ҳам киради:

қарздор мол-мулкининг ёки мажбуриятларининг ҳаммасини ёхуд бир қисмини яшириш;

қарздорнинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳисобга олишга оид ҳар қандай ҳужжатини яшириш, йўқ қилиш, бузиб кўрсатиш, сохталаштириш;

мол-мулкни (шу жумладан пул маблағларини) яшириш мақсадида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериб юбориш;

бухгалтерия ҳужжатларига зарур ёзувларни киритмаслик;

қарздорнинг кредитга олинган ва ҳақи тўланмаган мол-мулкининг ҳаммасини ёки бир қисмини сотиш, йўқ қилиш, гаров сифатида қўйиш;

мансабдор шахсларнинг ёки қарздор мол-мулки эгасининг шахсий манфаатларини ёхуд учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қарздорнинг тўловга қобилиятсизлигини ошириш;

айланма маблағларни қайтармай бошқа мақсадларга ишлатиш;

кредиторларга зарар етказиш мақсадини кўзлаган ҳолда қасддан банкротликка олиб келиш;

кредиторнинг талабларини бошқа кредиторларнинг зарар кўриши ҳисобига афзалроқ қондириш, шундай қондиришга розилик бериш;

қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятини бажаришдан қочиш мақсадида қасддан ўзини ўзи тугатиши.

Жамият банкрот бўлган тақдирда муассис (иштирокчи)нинг ҳаракатларида юқорида келтирилган рўйхатдан биронта ҳаракат мавжуд бўлса ва унда кредиторларнинг талабларини қондириш учун мол-мулк йўқ бўлса, жамият муассиси (иштирокчи) зиммасига субсидиар жавобгарлик юкланиши мумкин.

Жамият раҳбари (директори)га келсак, мисол учун, Россия Федерациясининг фуқаролик қонун ҳужжатларидан фарқли равишда, ЎзРнинг Фуқаролик кодексига кўра юридик шахс раҳбари зиммасига жамият мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юкланиши мумкин эмас, чунки бу ФКда тўғридан-тўғри кўрсатилган эмас. РФ ФК 56-моддаси 3-бандининг иккинчи қисмига кўра, агар юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги)ни юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари), унинг мол-мулки мулкдори ёки ушбу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ёки унинг ҳаракатларини белгилаш имкониятига эга бўлган бошқа шахслар вужудга келтирган бўлсалар, бундай шахслар зиммасига юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юкланиши мумкин. Ушбу формулировка асосида нафақат жамият раҳбарига, балки жамият учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ёки унинг ҳаракатларини бошқача тарзда белгилаш имкониятига эга бўлган (масалан, бош бухгалтер) ўзга шахсларга нисбатан ҳам субсидиар жавобгарлик юклаш мумкин деган хулоса чиқариш мумкин.

ФКнинг 48-моддаси олтинчи қисмида юқорида тилга олинган формулировканинг йўқлиги жамият мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда субсидиар жавобгарликни жамият раҳбарининг зиммасига юклаш имкониятини тўлиқ истисно этади.

Бундан ташқари, агар сиз баён этган вазиятдан келиб чиқилса, жамият раҳбари суд ҳукмига кўра жазосини олиб бўлган, биргина жиноий қилмиш учун икки марта жавобгар бўлиши керак эмас.

Сизнинг вазиятингиздан келиб чиқилса, амалдаги фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ Учтепа туман ДСИнинг 56 млн сўмни жамиятнинг собиқ муассиси ва собиқ раҳбарининг шахсий мол-мулки ҳисобидан субсидиар тартибда ундириш имконияти бой берилган. Қуйидаги сабабларга кўра ҳам буни амалга ошириш мумкин эмас.

ФКнинг 53-моддаси ва МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 55-моддасига мувофиқ юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келади.

Бунинг маъноси шуки, юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги ёзув Юридик шахслар давлат реестрига киритилганидан кейин унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик бўйича бошқа шахсларга, шу жумладан муассисларга ҳам ўтмайди.

Агар Учтепа туман ДСИ мазкур қарзни директор ва (ёки) муассиснинг шахсий мол-мулки ҳисобидан субсидиар тартибда ундириш ниятида бўлган бўлса, у тугатиш бошқарувчисидан «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун 128-моддаси иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси асосида ҳаракат қилишни талаб этиши керак эди, яъни: тугатиш бошқарувчиси қарздорни банкротликка олиб келганлиги муносабати билан унинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўладиган учинчи шахсларга нисбатан талаблар қўйишга ҳақли.

Тошкент шаҳар хўжалик суди томонидан тугатиш ишини юритишни якунлаш ва тугатиш бошқарувчисининг ҳисоботини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқарилганидан кейин бюджет олдидаги қарз суммасини Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 24.10.2012 йилдаги 307-сон Қарори билан тасдиқланган) мувофиқ ҳисобдан чиқариш керак эди.

 

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ юрисконсульти.

Прочитано: 4546 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика