Умумбелгиланган солиқларни тўловчи ташкилотимиз нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритади. Балансимизда умумий майдони 350 кв.м бўлган бино мавжуд. Шу бинонинг 150 кв.м қисмини бошқа юридик шахсларга ижарага беришга қарор қилдик.
Бизнинг ҳолатда мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи солинадими?
Ҳулкар Исроилова,
ташкилот бош бухгалтери.
Тошкент вилояти.
– Солиқ кодексининг 126-моддасига кўра нотижорат ташкилотлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўловчилари бўлмайди. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганда нотижорат ташкилотлар ўзи тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан олинган фойдадан солиқ тўловчи бўладилар.
Солиқ кодексининг 132-моддасига кўра бошқа даромадларга товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган даромадлар киради.
Нотижорат ташкилотлар учун бошқа даромадларга, улар сирасига мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар ҳам киради, солиқ солинмайди, бундан биргаликдаги фаолиятдан олинган даромадлар, дивидендлар, фоизлар ва роялти мустасно.
Шу тариқа, нотижорат ташкилотлар мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўловчилари ҳисобланмайдилар.
Жавобларни солиқ маслаҳатчиси Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.