Бизнинг хусусий корхонамиз (ЯСТ тўловчиси) 2014 йилнинг биринчи ярми якуни билан ўз таъсисчисига 15 400 000 сўм соф фойда ҳисоблаб ёзди ва мазкур суммани унга ажратиш тўғрисида таъсисчи умумий йиғилишининг қарори қабул қилинди.
Мазкур вазиятда бир савол туғилиб қолди: корхонамиз ҳисобрақамида пул маблағлари етишмаслиги сабабли таъсисчимизга бизнинг балансга муқаддам қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун харид қилинган материаллар берилса бўладими? Ушбу операция амалга ошириладиган бўлса, бизлар учун солиқ оқибатлари юзага келадими?
Фарҳод Бердиқулов, ХК директори.
Фарғона вилояти.
– «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига асосан хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди. Шу жумладан, хусусий корхона фойдаси унинг мулкдорига тўланаётганда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин:
бир тарафдан, мулкдорга тегишли фойда тўланади;
бошқа тарафдан корхонада активлар (сизнинг ҳолатингизда – материаллар) чиқиб кетади.
Солиқ кодекси 179-моддасининг 6-бандига асосан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаганидан кейин хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги бошлиғи ихтиёрида қоладиган фойда суммасига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Демак, мулкдор ўзига тегишли бўлган фойдани олаётганда ана шу суммадан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилган.
Шу тариқа, ушбу имтиёз корхонанинг ўзига эмас, балки таъсисчига (мулкдорга) берилган.
Материалларнинг чиқиб кетиши, агар улар таннархидан юқори нархда берилган тақдирда корхона учун солиқ солинадиган операция ҳисобланади. Жумладан, Солиқ кодексининг 355-моддаси ва 132-моддаси 1-бандига кўра мол-мулкнинг чиқиб кетишидан фойда бошқа даромадлар таркибида ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида солиқ солинадиган тушумга киритилади.
Материалларнинг чиқиб кетишидан фойда 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар» 50-бандига мувофиқ белгиланади. Унга кўра, товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг баланс қиймати ва товар-моддий захираларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқларни чегириш орқали аниқланади.
Демак, агар материаллар ХК таъсисчисига унга тегишли фойда ҳисобидан ўзининг таннархи бўйича берилган тақдирда, таъсисчида ҳам, корхонада ҳам солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Жавобларни солиқ маслаҳатчиси Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.