Бизнинг корхонамизда 16 нафар ходим фаолият юритади, улардан 4 нафари ишлаган даври мобайнида умуман меҳнат таътилидан фойдаланмаган. Ана шундай ходимларимиздан бири (у корхонамизда 2011 йил 2 сентябрдан ишлайди).
2014 йил 1 сентябрдан ишдан бўшаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди ва бу ҳақда буйруқ ҳам чиқарилди.
Мазкур ходимга биз меҳнат таътили пулини тўлашимиз керакми ёки йўқми? Агар тўлашимиз керак бўлса, қандай даврлар учун?
Бизнинг корхонамизда 2014 йил 1 июлдан штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритилиб, ходимларга янгидан ойлик маошлар миқдори ўрнатилган. Таътил пуллари ҳисоб-китобига қайси иш ҳақи қабул қилинади?
МЧЖ бухгалтери.
Тошкент шаҳри.
– Меҳнат кодексининг 151-моддасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади. Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг белгиланган энг оз муддатидан (15 иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 134-моддасига асосан ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади.
Демак, сизнинг ҳолатингизда компенсация 2011 йил 2 сентябрдан 1.09.2014 йилгача ишланган вақт учун тўланади.
Таътиллар вақтига ҳақ тўлаш, ишдан бўшатиш нафақасини, ишсизлик нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг ўн иккидан бирига (6 ой тўлиқ ишлаганларга олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга еттидан бирга ва ҳоказолар), ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчилари учун ҳисоблаш даврида тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошган сумманинг ўндан бирига оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва ижтимоий суғурта бўйича бадаллар ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 1-банди).
Демак, сизнинг ҳолатингизда ҳам компенсация суммаси ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган ўртача ойлик иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиб, ҳисоб-китоб даврида тарификация бўйича белгиланган ўртача ойлик иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошадиган сумманинг ўн иккидан бирига оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Яъни ҳисоб-китобга сиз ходимга 2014 йил 1 июлдан белгиланган маош ва 2011 йил сентябрдан 2014 йил сентябргача бўлган давр учун маошдан ташқари тўланган суммаларнинг 1/12 қисмини киритишингиз керак бўлади.
МИСОЛ. Ходим билан меҳнат шартномаси 2014 йил 1 сентябрдан бекор қилинди. У 2011 йил сентябрдан 2014 йил сентябргача бўлган давр, яъни 3 йил учун йиллик меҳнат таътилларидан фойдаланмаган. Унинг учун 18 иш кунилик йиллик меҳнат таътили белгиланган (15 – асосий таътил ва жамоа шартномасига кўра қўшимча – 3 кун).
Ходим ишдан бўшаётган санада лавозим маоши 950 000 сўмни ташкил қилган. Ҳисоб-китоб даврида (2011 йилнинг сентябридан 2014 йил сентябригача) суғурта бадаллари ушланган маошдан ташқари тўловлар суммаси 1 500 000 сўмни ташкил қилган.
Ходимга фойдаланилмаган таътил кунларининг ҳаммаси учун, яъни 54 иш кунига (18 х 3) компенсация тўланиши керак. Фойдаланилмаган таътил учун компенсация суммаси ўртача ойлик иш ҳақини иш вақтининг кунлардаги ўртача ойлик давомийлигига (6 кунлик иш ҳафтаси ҳисоб-китобида 25,4 кунга) бўлиш йўли билан ҳисобланади ва календарь бўйича таътилнинг иш кунлари сонига кўпайтирилади.
Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1 075 000 сўмга (950 000 + 1 500 000 / 12) тенг, 3 йил учун фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътиллари учун компенсация суммаси эса 2 285 433,07 сўмни (1 075 000 / 25,4 х 54) ташкил қилади.
Шуни билингки, Солиқ кодекси 175-моддасининг 1-бандига кўра қонун ҳужжатларига мувофиқ йиллик асосий (узайтирилган асосий) таътилга ҳақ тўлаш, шунингдек ушбу таътилдан фойдаланилмаганда, шу жумладан ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда пуллик компенсация тўлаш ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш таркибига киради.
Шу тариқа, фойдаланилмаган таътил учун компенсация жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ягона ижтимоий тўлов солинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради.
Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, фойда солиғи тўловчи корхона учун асосий ва қўшимча таътиллар ҳамда улар бўйича компенсациялар тўлаш харажатлари чегириладиган харажатларга киради (Солиқ кодекси 143-моддаси 7-бандининг «а» ва «о» кичик бандлари).
Жавобларни солиқ маслаҳатчиси Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.