Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 36 / Сўраган эдингиз – жавоб берамиз

Ҳомийлик эмас, балки беғараз ёрдам

Буюртмалар йўқлиги сабабли фирмамиз 9 ойдан бери ишламаяпти. Кейинги 5 йил якунлари бўйича дивидендлар ҳисобланмади. Бироқ ўтган йилларда олинган фойдамиз тақсимланмай турибди. Бизга қўшниларимиз (дорихона) ҳомийлик тарзида уларга моддий ёрдам кўрсатишимизни илтимос қилишди. Директор уларга муайян пул суммасини ўтказишга фармойиш берди.

Ҳомийлик тарзидаги бундай моддий ёрдам кўрсатилишини қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Ҳомийлик тарзида ўтказиш учун ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан дивидендлар ҳисоблаш мумкинми?

 

– Моддий ёрдам тўғрисида сўзлаганда, чамаси, хайр-эҳсонни назарда тутаётган бўлсангиз керак. Фуқаролик кодексининг 511-моддасида белгиланишича, умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади. Хайр-эҳсон фуқароларга, даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга, хайрия, илмий ва ўқув муассасаларига, фондларга, музейлар ва бошқа маданият муассасаларига, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларга, шунингдек давлатга ва бошқа фуқаролик ҳуқуқи субъектларига қилиниши мумкин. Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.

«Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонун (2.05.2007 йилдаги ЎРҚ-96-сон, бундан кейин – ЎРҚ-69-сон Қонун) ҳомийлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун ҳужжати ҳисобланади. Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида ҳомийлик амалга ошириладиган мақсадлар санаб ўтилган (масалан, фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилинмаган ва кам таъминланган тоифаларининг моддий аҳволини яхшилаш, ўз жисмоний ёки интеллектуал хусусиятлари, бошқа ҳолатлар сабабли мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қила олмайдиган ишсизларни, ногиронларни ва бошқа шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш).

Айни вақтда ушбу модданинг учинчи қисмида келтирилган меъёрга кўра ­тижорат ташкилотларига, сиёсий партияларга ва ҳаракатларга пул маблағлари ҳамда бошқа моддий маблағлар бериш, ўзга шаклда ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларни қўллаб-қувватлаш ҳомийлик ҳисобланмайди.

Шу тариқа, агар дорихона тижорат ташкилоти ҳисобланса, фирмангиз унга кўрсатган беғараз молиявий ёрдам ҳомийликка кирмайди. Бундай ёрдам одатдаги ҳадя ҳисобланиб, қабул қилувчи томон учун у (беғараз олинган мол-мулк) бошқа даромад бўлади ва солиқ оқибатларига олиб келади (Солиқ кодекси 132-моддаси биринчи қисмининг 4-банди ва 135-моддаси).

Агар фирмангизнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, масалан, МЧЖ, ҚМЖ ёки оилавий корхона ҳисобланса, молиявий ёрдам тақдим этиш тарзидаги битим тузишдан кимнингдир манфаатдорлиги борлигини ва (ёки) у йирик битим бўлиш-бўлмаслигини аниқлаштириш лозим.

Чунончи, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон, бундан кейин – МЧЖ тўғрисидаги Қонун) 43-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар (масалан, жамият директори, кузатув кенгашининг аъзоси ёки ўз аффилланган шахслари билан биргаликда жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг 20 ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган жамият иштирокчиси) битимни тузишдан манфаатдор бўлган тақдирда битимлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилиги билан тузилиши мумкин1. Бунда ушбу модданинг бешинчи қисмига кўра бундай қарор мазкур битимни тузишдан манфаатдор бўлмаган жамият иштирокчилари умумий овозларининг кўпчилик сони билан қабул қилинади.

МЧЖ тўғрисидаги Қонун 44-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар жамиятнинг уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилган бўлмаса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган жамият мол-мулки қийматининг 25%идан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади. Жамиятнинг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузиладиган битимлар йирик битимлар деб эътироф этилмайди.

Оилавий корхонанинг мол-мулкига доир йирик битимнинг миқдори унинг таъсис шартномасида белгиланади, бу «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун (26.04.2012 йилдаги ЎРҚ-327-сон, бундан кейин – ЎРҚ-327-сон Қонун) 9-моддаси иккинчи қисмининг саккизинчи хатбошисида мустаҳкамланган.

Йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан2 (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 44-моддасининг учинчи қисми), оилавий корхонада эса – унинг иштирокчилари умумий йиғилиши томонидан (ЎРҚ-327-сон Қонун 8-моддаси иккинчи қисмининг саккизинчи хатбошиси ва 13-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси) қабул қилинади.

Шу сабабли фирмангиз директори ҳадя олувчига муайян пул суммасини ўтказишдан аввал фирма томонидан юқорида баён этилган талабларга риоя этилишига доир чораларни кўриши керак. Акс ҳолда мазкур талабларни бузган ҳолда тузилган ҳар бир кўрсатилган битим (тузилишидан манфаатдорлик бўлган битим ёки йирик битим) фирма (жамият, оилавий корхона) иштирокчисининг даъвосига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 26-моддасида саналган чекловлар бўлмаганда соф фойдани жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш ва уни иштирокчиларга тўлаш мумкин. Фирма иштирокчиларига тўланган соф фойда (дивидендлар) фирманинг эмас, балки ҳар бир иштирокчининг мулки ҳисобланади, улар ундан биргаликда ёки алоҳида ўз хоҳишларига кўра, шу жумладан ҳар қандай шахсга беғараз молиявий ёрдам бериш йўли билан тасарруф этишлари мумкин, қонунга зид бўлган фаолиятни қўллаб-қувватлаш бундан мустасно (ЎРҚ-96-сон Қонун 4-моддасининг бешинчи қисми). Бироқ тижорат ташкилоти (дорихона)га бундай ёрдам кўрсатиш, юқорида таъкидланганидек, ҳомийлик эмас, балки одатдаги ҳадя ҳисобланади.

Агар иш бошқача тусда бўлса, айтайлик, фирма иштирокчилари дивиденд тарзидаги ўз даромадларини унинг устав фондига йўналтирсалар, бу ҳолда ушбу маблағлар фирма мулкига ўтади ва у дивидендларни сиз тилга олган дорихона ташкилотига беғараз молиявий ёрдам сифатида ўтказа олади. Олувчида ушбу бошқа даромадга солиқ солинади.

 

1Жамиятда кузатув кенгаши тузилган тақдирда, тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимларни тузиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш жамиятнинг устави билан унинг ваколатлари жумласига киритилиши мумкин, битим ёки битимнинг предмети бўлган мол-мулкнинг қиймати бўйича ҳақ тўлаш суммаси жамиятнинг охирги ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган мол-мулки қийматининг 5%идан ортиқ бўлган ҳоллар бундан мустасно.

2Жамиятда кузатув кенгаши тузилган тақдирда, қиймати жамият мол-мулки қийматининг 25%идан то 50%игачасини ташкил этадиган мол-мулкни олиш, тасарруфдан чиқариш билан боғлиқ бўлган йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш жамиятнинг уставига биноан кузатув кенгашининг ваколатига киритилиши мумкин (МЧЖ тўғрисидаги Қонун 44-моддасининг тўртинчи қисми).


Камол МУЗАФФАРОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 8230 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика